« Back

Муносабат 07.07.2020 14:00

Алишер МИРСОАТОВ: банк тизимидаги коррупция аломатларини йўқотиш бўйича жиддий топшириқлар олдик

Президент Шавкат Мирзиёев 6 июль куни, банк активларида хусусий сектор улушини 15 фоиздан 60 фоизга оширишга қаратилган 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича йиғилиш ўтказди.

Молия вазири ва тижорат банклари раҳбарлари мазкур йиғилишдан чиқарган хулосалари ҳамда келгусидаги режалари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Алишер МИРСОАТОВ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки АЖ бошқаруви раиси:

— Йиғилиш жуда танқидий руҳда ўтди. Трансформация жараёнларини ва қабул қилинган банкларни ривожлантириш стратегияси бўйича қолоқликлар, улар бўйича амалга оширилиши керак бўлган вазифалар тўғрисида аниқ топшириқлар берилди.

Бугунги кундаги пандемия шароитида банкларнинг мижозлар билан ишлаш, ҳар бир мижозни қўллаб-қувватлаш, айланма маблағга эҳтиёжи бўлганларга маблағлар бериш, уларнинг фаолиятларини тиклаш, шу орқали иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланди.

Яна бир муҳим масала — бу банк тизимидаги коррупция аломатлари, банк ходимларининг вазифаларига ёндашишлари тўғрисида жуда кўп вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, банкларнинг бугунги иш тизимини ўзгартириш, мижоз билан ишлаш, пастки поғонадаги, тумандаги, вилоятдаги ўтирган банк ходимларининг самарали ишлашини ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш билан боғлиқ кўп топшириқлар олдик.

Президентимиз яна бир масала — муаммоли кредитлар билан ишлашни ҳам танқидий кўриб чиқиш ҳақида сўзладилар. Яъни ҳам ҳудудлар кесимида, ҳам тармоқлар кесимида муаммоли кредитларни ўз вақтида қайтариш ва шу орқали кейинги янги лойиҳаларни молиялаштириш масаласи қатъий белгилаб берилди. Шунинг учун мажлис натижаларига кўра, қарор қабул қилиниб, ижроси таъминланади.

ЎзА