« Back

Муносабат 07.07.2020 14:02

Коррупцияни йўқ қилиш учун малакали мутахассислар керак

Коррупцияга қарши курашиш мавзуси янгилик эмас. Бу иллатга барҳам бериш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар кейинги вақтда янада кучайтирилди. Лекин биз ҳамон коррупциянинг оқибатига қарши курашиш билан оворамиз. Аслида ҳар қандай иллатга қарши курашиш эмас, балки унинг олдини олиш самаралироқ усул ҳисобланади.

Мамлакатимизда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилганидан мақсад ҳам шу эди. Аммо коррупцияга қарши курашишда битта ташкилий тузилманинг сайъ-ҳаракати етарли эмас. Жамоатчилик ва парламент назоратининг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланмасдан, коррупциянинг вужудга келиш омилларини таҳлил қилмасдан туриб мақсадга эришиб бўлмаслиги аниқ.

Коррупция жиноятининг ижтимоий хавфли томонлари шунчаки, демократик қадриятлар қарор топиб бораётган шароитда давлат амалдорлари томонидан мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ҳоллари ҳокимият обрўйига путур етказади. Амалга оширилаётган жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнларини сусайтиради. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилишига олиб келади. Давлат ҳокимиятини халқ олдида обрўсизлантиради, ўсиб келаётган ёш авлод онгини захарлайди. Халқаро ҳамжамиятда давлат тўғрисидаги салбий тасаввурни юзага келтиради. Иқтисодиётнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишига ўзининг аянчли таъсирини кўрсатади, натижада иқтисодиёт механизмлари инқирозга юз тутади.

Шунинг учун ҳам Давлатимиз раҳбари бу хавфли иллатга қарши курашишга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Шу мақсадда парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни ҳам таклиф қилган. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб этилиши кераклиги, жамиятимизнинг барча аъзолари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмаса, ўз олдимизга қўйилган юксак марраларга эриша олмаслигимиз таъкидланган.

Дарҳақиқат, коррупция баратарф этилса, мамлакатимизда ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилади, жамиятнинг барча тармоғи ривожланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу мавзу муҳокама марказида бўлди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятига доир вазифалар белгилаб берилди.

Айтиб ўтиш керакки, эндиликда коррупцияга қарши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор берилади. Шу мақсадда Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда мутахассисларни тайёрлаш долзарб масала ҳисобланади. Хорижий давлатларда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус мутахассислар тайёрланади ва улар махсус малака ошириш курсларидан ҳам ўтказилади.

Масалан, Францияда ҳуқуқшунослик даражасини олиш учун соҳа бўйича тўрт йил таълим олиш керак. Бу дастлабки босқич ҳисобланади. Малака ошириш курслари, йиллик аттестациялар юристларни мунтазам ўқиш ва изланишга ундайди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ҳақиқатан жуда долзарб масала. Чунки трансмиллий жиноят ҳисобланган коррупция жиноятчиликнинг бошқа турларидан ўзининг вужудга келишида муҳим ўрин эгалловчи омиллари ва ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Буни аниқлайдиган ва бартараф этиш йўлларини кўрсата оладиган кадрлар тайёрлаш вақти келди.

Коррупцияга қарши курашишда ва унинг олдини олиш мақсадида фуқароларда коррупцияга муросасизлик маданиятини шакллантириш; фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш; қонун устуворлигини ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи суд-ҳуқуқ тизимини, коррупцияга қарши кураш олиб борувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришни изчил давом эттириш;

давлат хизматчиларини ижтимоий ҳимоялаш норматив-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини ислоҳ қилиш; мансабдор шахслар ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш; коррупция домига илинган мансабдор шахсларни аниқлаш, тергов қилиш ва ҳукм этишнинг махсус таомилларини белгилаш; барча давлат органлари ходимларини мансаб вазифаларини ҳудудий ва соҳавий принцип асосида тизимли равишда ўзгартириб туриш (ротация) мақсадга мувофиқ.

Барча соҳавий хизматларнинг раҳбарлик лавозимига тайинланаётган шахсларни билими, ташкилотчилик ва бошқарувчанлик қобилиятидан ташқари, юксак ахлоқий фазилатлари ва ватанпарварлик каби хислатларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни танлов асосида лавозимларга тайинлаш амалиётини янада такомиллаштириш зарур.

Барча тоифадаги мансабдор шахслар ва уларнинг яқин қариндошларинингдаромад манбаи юзасидан мажбурий декларациялар тўлдиришини ташкиллаштириш; коррупцияга қарши курашувчи органлар томонидан юртимизнинг барча идора, ташкилот, муассасаларида режа асосида социологик тадқиқотлар олиб бориш; ҳуқуқ бузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган, коррупцияга сабаб бўладиган омилларни аниқлашдолзарб аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётига жиддий путур етказади. Қолаверса, фуқароларнинг ижтимоий адолат, ҳақиқат ҳамда давлат органларига бўлган ишончини йўқотади. Шунинг учун ҳам мазкур иллатга қарши курашиш, унга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш йўлида қатъий ишлар олиб боришни давом эттириш зарур. Зеро, бугуннинг ўзида коррупцияга қарши кескин чоралар ишлаб чиқилмас экан, у демократик давлатнинг сиёсий ва ижтимоий институтларига салбий таъсир кўрсатади, мамлакат хавфсизлигига, умуман, жамиятга таҳдид солади.

Cардор Юсупов,
ТДЮУ маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси мудири ю.ф.ф.д., (PhD)