« Back

Муносабат 09.07.2020 14:13

Сўнгги 2 ойда хориждан 70 минг меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтиб келган

8 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим ҲУСАНОВ мазкур йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

“Ўтказилган видеоселекторда пандемия даврида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бир қанча топшириқлар айтиб ўтилди. Жумладан, энг асосий талаб карантин даврида яшаш ва ишлашни ўрганишимиз керак. Бу борада Президентимиз қатор топшириқлар бериб ўтдилар. Аҳоли бандилигини таъминлашда янги иш ўринларини яратиш энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. Қайд этилганидек, сўнгги икки ой давомида хорижда бўлган меҳнат муҳожирларининг 70 минг нафари Ўзбекистонга қайтиб келди. Шунингдек, 650 мингга яқин битирувчиларимиз бор. Уларни иш билан таъминлаш ҳам муҳим вазифаларимиздан биридир.

Президентимиз уларни иш билан таъминлашда муҳим вазифаларни белгилаб бердилар. Биринчиси, иш ўрнини яратиш орқали тадбиркорларга ёрдам бериш. Нима қилсакки, уларда янги иш ўрнини яратишга имкон пайдо бўлади? Бу борада тадбиркорларни ўқитиш, уларга грантлар жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди.

2019 йил давомида ташкил қилинган 23 мингга яқин тадбиркорлар бугунги кунда ўз фаолиятини тўхтатган. Мана шу тадбиркорларни ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда уларнинг муаммоларини ўрганиб чиқиб, ишга тушириш орқали ҳам иш ўрнини яратиш бўйича ҳам муҳим топшириқ берилди. Бундан ташқари, бугунги кунда давлат ташкилотларининг 1032 та биноси фойдаланмасдан бўш турибди. Уларни аукционларга қўйиш орқали сотиш билан тадбиркорлик фаолиятига йўл очиш муҳим масала ҳисобланади.

Яна бир масала, ўз-ўзини банд қилиш масаласи, олдин 24 та йўналиш бўйича аҳоли ўз-ўзини банд қилиш билан шуғулланган бўлса, ҳозирда бу рақам 67 тага етди. Бугунги кунда 47 минг 300 нафар фуқаро ўз-ўзини банд қилиш бўйича рўйхатга олинган бўлса, йил якунигача яна 200 минг нафар фуқарони шу йўналиш бўйича бандлигини таъминлаш кераклиги қайд этилди".

ЎзА