« Back

Муносабат 10.07.2020 12:46

Тадбиркорлик – тараққиётимизнинг муҳим пойдевори

Пандемия шароитида юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар учун қатор молиявий имтиёзлар бериляпти.

Куни кеча Президентимиз раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишда бу борадаги ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари пандемиядан муваффақиятли чиқишнинг бирдан бир йўли – кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш эканини алоҳида таъкидлади. Бунда тадбиркорга кўпроқ шароит яратиб бериш, жумладан, электр, газ, сув таъминоти, йўл, кредит билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш зарурлиги айтилди. Кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизимини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Бу йўналишдаги вазифалар мамлакатда тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган бизнинг ташкилотимиз зиммасига ҳам катта масъулият юклади.

Айтиш керакки, Президентимиз июнь ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ҳам бу масалаларга эътибор қаратиб, жойларда тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича топшириқлар берган эди. Айни пайтда бу йўналишда Инвестиция ва савдо, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз.

Тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш учун вилоятдаги, хусусан Фарғона ва Марғилон шаҳарларида жойлашган кичик саноат зоналаридаги мингга яқин тадбиркор билан сайёр қабуллар ташкил этилди. Уларда тадбиркорлар томонидан кўтарилган жами 435 муаммоли масаладан, 122 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 224 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, қолганлари кўриб чиқиш жараёнида. Шунингдек, сайёр қабулларда 30 тадбиркорга жами 8,4 миллиард сўм кредит маблағи ажратилиши таъминланди.

Бундан ташқари, вилоятдаги ҳар бир туман (шаҳар) сектор раҳбарига кунлик жойига чиққан ҳолда вилоятдаги мавжуд 5 минг 698 ишлаб чиқарувчи корхонадан тизимли равишда ҳар куни камида 5 тадбиркорнинг фаолияти билан танишиш ва муаммоларини ҳал этиш вазифаси топширилди.

Бу ҳам ўз натижасини бериб, 3 минг 575 ишлаб чиқарувчи фаолиятида ўтказилган ўрганишларда 978 муаммо аниқланиб, шундан 145 таси секторлар томонидан жойида ҳал этилди.

Концепция доирасида иш билан банд бўлмаган аҳолини, айниқса «темир дафтар»га тушган кам таъминланган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. Фарғона ва Марғилон шаҳарларидаги кичик саноат зоналарида ташкил этилган меҳнат ярмаркаларида биринчи навбатда «темир дафтар»даги 360 фуқаро иш билан таъминланди.

Электр энергияси ва бошқа инфратузилмалар йўқ жойда ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг имкони бўлмайди. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, саноат ривожланган ҳудудларда электр таъминотини яхшилаш чоралари кўрилаяпти. Мисол учун, Марғилон шаҳридаги Надирмат кичик саноат зонасида қўшимча 2 трансформатор ўрнатилди. Бу 12 тадбиркорнинг 23,6 миллиард сўмлик лойиҳаларини амалга оширишга имкон яратди.

Қўштепа туманида электр таъминоти бўйича яратилган қўшимча имконият туфайли 86 тадбиркор ҳамда 12 минг 300 дан ортиқ аҳоли электр қуввати билан тўлиқ таъминланиши билан бир қаторда 600 янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, вилоятдаги мавжуд кичик саноат зоналарида ичимлик суви таъминотини яхшилаш чоралари кўрилаяпти.

Аҳоли орасида ўзини ўзи банд қилиш ташаббусларини молиялаштириш ҳам эътиборимизда. Вилоятда бу борадаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 1 ой мобайнида жами 311 миллиард сўм кредит ажратилди. Жумладан, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурига 78,7 миллиард сўм, ҳунармандчиликни ривожлантиришга 20,8 миллиард сўм ва қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини ривожлантиришга 5,6 миллиард сўм йўналтирилди.

Тадбиркорлик фаолияти ташаббусларини кредитлаш натижасида, вилоятда охирги ойда тадбиркорлар сони 2 минг 836 тага ошди, шундан 554 таси саноатдаги ишлаб чиқарувчилардир, шунингдек, 1 минг 785 фуқаро ўзини ўзи банд қилди ва 2883 янги иш ўрни ташкил қилинди.

Видеоселектор йиғилишда шунингдек, тадбиркорларга ер ва бино-иншоотлар ажратишда кўплаб тўсиқлар мавжудлиги айтилди. Бу муаммоларни ижобий ҳал қилиш мақсадида бўш турган давлат мулки объектлари ва бўш ер участкаларига тадбиркорлар кенг жалб этилмоқда.

Хусусан, Фарғона вилоятида бўш турган 21 давлат мулки объекти электрон аукцион савдолари орқали тадбиркорларга сотилиб, ушбу объектларга жами 1,85 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритилди. Шу билан бирга, 23 давлат объекти ижарага берилди. Айни пайтда бугунги кунгача аукцион савдоларига чиқарилмаган объектларни баҳолаш ва аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Бўш ер участкалари сотилишининг келишиш жараёнларини ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш учун телеграм тармоғида “Fargʼona Yerelektron” махсус гуруҳи ташкил этилди. Ўз навбатида, ер участкаларининг келишиш тартибини бузгани учун 4 мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, тизимда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун замонавий ахборот технологиялари имкониятидан оқилона фойдаланилмоқда.

Хусусан, “YERELEKTRON” тизимида махсус кабинетга уланиб, онлайн келишиш жараёнлари мониторинг қилинмоқда. Натижада бўш ер участкаларини аукцион савдоларига қўйишда муддатларни бузиш ҳолатлари кескин бартараф этилди. Бўш турган 251 ер участкасининг баҳоси белгиланиб, “E-auksion” тизими орқали савдога қўйилиши таъминланди. Бир ой мобайнида ер участкаларининг очиқ савдога чиқарилиши ўтган ойга нисбатан 2 баробарга ошди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорликда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида ўтган бир ой ичида тадбиркорларга белгиланган имтиёзларни қўлламаганлик, лицензия ва рухсатномани бериш ва текшириш тартибини бузганлик ҳамда мурожаатларни кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйгани учун 38 мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, судларга кўриб чиқиш учун юборилди.

Қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан давлат органларига жами 8 тақдимнома ва 6 огоҳлантириш хати киритилди. Хусусан, вилоятнинг 13 туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тадбиркорларга ажратилган ер майдонларини олиб қўйилиши ҳақидаги 87 қарорни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш юзасидан тақдимнома киритилди.

Бугунги мураккаб шароитда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш учун ҳуқуқий ва ташкилий кўмак билан бир қаторда уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни доимий ўрганиб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Германиянинг «Конрад Аденауэр» жамғармасининг юртимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда тадбиркорлар иштирокида маслаҳат учрашувлари ташкил этилди.

Тадбиркорлик билан боғлиқ муаммоларни чуқур ўрганиш мақсадида улар ўртасида онлайн сўровлар ўтказила бошланди. Бундан коронавирус пандемиясининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш, муаммоли масалаларни манзилли аниқлаш ва натижаси асосида қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик фаолият турларининг муаммоларини бартараф этиш кўзланган.

Бу чора-тадбирлар бугунги синовли кунларда глобал пандемия ва иқтисодий инқирознинг халқимиз турмуш тарзига салбий таъсирини бартараф этиш баробарида эртанги тараққиётимизнинг ҳам муҳим пойдевори бўлажак.

Дилмурод ҚОСИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил