« Back

Муносабат 27.07.2020 16:28

Судлар инсон ҳимоясига хизмат қилади

Кейинги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, суд органларини ихтисослаштириш, судьяларни лавозимига тайинлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини янада ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди.

Давлат томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар судьялар ишининг сифати ва тезкорлигини таъминлаш имкониятини бермоқда. Натижада суд хатоларининг сони, ишларни кўриш муддатларини бузиш ҳоллари сезиларли даражада қисқариб бормоқда.

Шундай бўлса-да, одил судлов соҳасидаги барча муаммолар ҳал этилди деган фикрни қатъий айта олмаймиз. Боиси, мамлакатимиз суд тизимидаги сансалорлик ҳолатлари ҳамон учраб туради. Фуқаролар йиллар давомида ҳақиқат излаб турли суд инстанциялари ўртасида сарсон бўлмоқда. Қонуний кучга кирган суд ҳукмлари ва қарорларининг турли сабаблар билан бир неча марта қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилиниши ҳолатлари суд процесси иштирокчиларида турли шубҳа-гумонларни юзага келтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, ишларнинг асосий қисмини юқори судларда чўзиб юбормасдан жойларнинг ўзида ҳал этишга эришилиши бугун долзарб масалалардан бирига айланган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинишининг сабаблари, мазмун-моҳияти, ундан кутиладиган ўзгаришлар ва натижалар хусусида Тошкент давлат юридик университети ректори, юридик фанлари доктори Раҳимжон ҲАКИМОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинишининг асл сабаблари ва мазкур ҳужжат асосида амалга ошириладиган барча ишлар суд ҳимоясини таъминлашга қаратилган десак, адашмаган бўламиз. Зеро, одамлар суддан, у қайси номда ва даражада бўлмасин, нимани кутади, унга нега мурожаат қилади?

Жавоби аниқ. Одамлар суддан адолатни, қонуний ҳимояни кутади, шу ишончда унга юзланади. Фармонда судларнинг айни ишончни тўла оқлашига тўсқинлик қилаётган омиллар – ортиқча бюрократик тўсиқлар, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, айниқса, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмагани сингари жиддий камчиликлар кўрсатилар экан, суд органларининг тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ тубдан қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланди.

Хўш, бу вазифаларнинг энг муҳимлари, улар ижросидан кутиладиган ўзгаришлар нималардан иборат?

Масалан, бугунги кунда вилоят судлари тузилмасида ягона суд амалиётининг шакллантирилмагани, судларнинг тарқоқ ҳолда экани фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсонгарчиликларига сабаб бўлмоқда. Соддароқ қилиб айтганда, ҳали-ҳамон одамлар тасаввурида судга мурожаат қилиш – охири кўринмайдиган овора-ю сарсонгарчиликларга ўз ихтиёри билан рози бўлишдек бир гап экани сир эмас. Бинобарин, биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркор судлардаги ана шу ҳолларга нисбатан кескин эътирозларини билдиргани ҳам бу тасаввурда “жон борлигини” тасдиқлайди.

Шу туфайли ҳам фармонга мувофиқ, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари тузилади.

Суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ ушбу ўзгариш илғор хорижий мамлакатлар тажрибасига асосланганлигини ҳам айтиш лозим. Жумладан, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Беларусь каби давлатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади.

Фармонда яна бир муҳим ўзгаришни амалга ошириш кўзда тутилган. У ҳам бўлса, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий судлов тизимини яратиш мақсадидир.

Чунки амалдаги маъмурий судлар тизимида қатор муаммолар кузатилмоқдаки, улар, юқорида айтилганидек, фуқароларнинг ҳақли эътироз ва норозиликларига сабаб бўлмоқда, судлар фаолияти сифатига салбий таъсир кўрсатяпти.

Жумладан, туман миқёсидаги маъмурий судлар айни туман маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликларга дуч келаётгани, натижада, чиқараётган қарорларда баъзан адолатга заха етаётгани сир эмас. Қолаверса, оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш юклатилгани улар иш ҳажмининг ҳаддан зиёд ортиб кетишига сабаб бўляпти. Дейлик, Тошкент шаҳрида маъмурий судда битта судъянинг ўртача ойлик иш ҳажми 270 тадан ортиқни ташкил қилмоқда.

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида фармонда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши орқали уларнинг иш юкламасини камайтириш ва фаолият самарадорлигини ошириш белгиланди. Шу муносабат билан 203 та туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судларни ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

Маъмурий судлар фаолияти тўлиғича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга йўналтирилиши халқаро экспертлар, хусусан, БМТ ривожланиш дастури, Германия ривожланиш соҳасида ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ва Нагоя университети мутахассислари томонидан мақбул ечим сифатида эътироф этилади.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилади. Суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш, судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади.

Шунингдек, бир суднинг ўзида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар шу суднинг ўзида кейинги инстанция сифатида кўрилиши амалиётига ҳам барҳам берилади.

Суд тергови жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичини татбиқ этиш белгиланди.

Мазкур моделнинг жорий этилиши миллий суд тизимини халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётга мослаштиришга хизмат қилади. Зеро, дастлабки эшитув институти нафақат англо-саксон суд тизимида (АҚШ, Буюк Британия ва ҳакозо) балки роман-герман суд тизимида (Германия, Франция ва бошқалар) ҳамда МДҲ мамлакатларида (масалан, Россия ва Қозоғистонда) жорий этилган ҳамда амалда ўзини оқлаган.

Таъкидлаш жоизки, бугун суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилувчи қатор салбий омиллар сақланиб қолмоқда. Масалан, қонунчиликда прокурор судда айбловдан воз кечган тақдирда судья қандай қарор қабул қилиши кераклиги белгиланмаган. Натижада, охирги 3 йил давомида прокурорлар томонидан бирон маротаба ҳам айбловдан воз кечилмаган. Прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиниши эса тарафларнинг тенглиги тамойили бузилишига ва турли суиистеъмолчиликларга олиб келиши тайин.

Яна бир мисол. 2019 йилда Марғилон шаҳар суди судьяси оқлов ҳукми чиқаргани учун прокурор томонидан унинг илгари кўрган барча (100 дан ортиқ) ишлари чақириб олинган. Қолаверса, прокурорнинг унинг иштироки шарт бўлмаган фуқаролар ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар кўрилишида ҳам ўз танлови асосида қатнашиб, тарафлар ёки судга босим ўтказиши, прокурорнинг фақатгина айрим тоифадаги иқтисодий фуқаролик ишларини судда кўриб чиқилишида мажбурий иштирок этиши сингари салбий ҳолатларга барҳам берилиши мазкур фармон аҳамиятини янада оширади.

Жорий этилаётган тартиб прокуратура ва суд орасидаги муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳамда жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Бугунги кунда судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти бюджетдан ташқари суд ҳокимияти органлари фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши уларнинг холислиги ҳамда адолатли қарорлар қабул қилишига салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги ҳам халқаро экспертлар томонидан танқид қилинган эди.

Фармонда ушбу ҳолатларни бартараф этиш ҳамда суднинг Ўзбекистон Республикаси номидан қарор қабул қилишини инобатга олиб, республика Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи суд тизими судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари иш ҳақлари ва қўшимча тўловларини тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш белгилаб қўйилди.

Ишонамизки, ушбу фармон мамлакатимизда холис ва одил судловни таъминлаш, суд жараёнида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишнинг янги даврини бошлаб беради.

Нурилло НАСРИЕВ ёзиб олди.