« Back

Муносабат 27.07.2020 16:44

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА ОДИЛ СУДЛОВ

Айтиш жоизки, Президентимиз томонидан қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда, одил судловга эришишда қолаверса, қонуний суд қарорларини қабул қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.  

Дарҳақиқат, мамлакатимизда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги йиллари  Конституциямизнинг 7 та моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартиришлар киритилди. Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимига тайинлаш тизими тубдан такомиллаштирилди. Юқори малакали судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ташкил этилди. 

Ушбу ҳужжатда маъмурий судлар фаолиятини оптималлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Аслида маъмурий ҳуқуқбузарликлар умумий юрисдикция судлари томонидан кўриб чиқилиши дунё амалиётига ва мантиққа мос. Чунки, бундай ҳуқуқбузарликлар майда қонунбузарлик ҳисобланиб, бу кўпроқ жиноят ҳуқуқига тегишлидир.

Шу муносабат билан илғор хорижий тажриба ва  халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда республикамизда самарали маъмурий  одил судлов тизими яратилмоқда. Бунда 203 та туман ва шаҳар маъмурий судларини мақбуллаштириб,  уларнинг негизида вилоят марказларида 14 та туманлараро  маъмурий судлари ташкил этиш назарда тутилган. 

Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, вилоят судларининг ҳозирги тузилмаси амалиётда  айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. Судларнинг тарқоқ эканлиги сабабли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлмоқда. Ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши илғор хорижий амалиётга жавоб бермай қолди. Масалан, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларус ва бошқа  мамлакатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноий ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади.

Фармонга биноан  мамлакатимизда вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бунда 2021 йил 1 январдан эътиборан уч йўналишдаги судлар негизида ягона суд ташкил этилиб, вилоят  суди раиси ва ҳар бир йўналиш бўйича ўринбосар лавозими, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят судининг ҳар бир ҳайъатида 6 тадан 19 тагача судьядан иборат алоҳида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар ташкил этилади.   

Олий суд маъмурий суд ишларини юритиш бўйича олий инстанция ҳисобланади. Шу жиҳатдан Олий суд таркибида раиснинг 1 ўринбосари раҳбарлигидаги алоҳида маъмурий ишлар бўйича ҳайъат фаолият юритади. 

Илғор хориж тажрибасига кўра АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Қозоғистон  каби мамлакатлар суд тизимида дастлабки эшитув институти жорий этилган. Мамлакитимиз қонунчилигида судга келган жиноят иши терговда йўл қўйилган хато ва камчиликларни  суд тергови бошлангунига қадар аниқлаш ҳамда бартараф этишнинг самарали  механизмлари назарда тутилмаган. Шу ўринда биргина рақамни келтириб ўтадиган бўлсак, 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда мамлактимизда суд тергови жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилади. 

Прокурорнинг судда  иш жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларига мослаштирилмоқда. Жумладан, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда реаблитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан  тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

Фармонга мувофиқ тегишли туман,  шаҳар аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 январдан 4 та туман -  Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғомда иқтисодий судлар тугатилади. 5 та туман – Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакорда фуқаролик судлари ташкил этилади. Бўзатов, Тахиаташ, Бандихон ва Тупроққаълада жиноят судлари ташкил этилади. 

2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд  - бир инстанция” тамойили жорий этилади. Бунга кўра, туман ва шаҳар судлари томонидан кўрилган ишларни вилоят судлари фақат апелляция инстанциясида кўриб чиқиши мумкин бўлади.

Олий суд тузилмасида йирик инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузиш кўзда тутилган. Яна бир янгилик Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бошқармаси, вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматлари ташкил этилади. Бу ҳам ҳозирги глобаллашув ахборот майдонида айни муддаодир.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур ҳужжат фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги  ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришга хизмат қилади.

 Зокиржон Қўзибоев, 
Олий суд матбуот хизмати катта консультанти