« Back

Муносабат 31.07.2020 12:33

Адолат қўрғонига айланишида муҳим қадам

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ҳаракатлар стратегияси” Дастурида белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш мақсадида яқинда Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга асосан суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган тузилма бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Яъни, ҳар бир вилоятда жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судларнинг алоҳида-алоҳида фаолият юритиши, бир-биридан мустақил иш кўриши фуқароларни ва судга мурожаат билан келган бошқа шахсларни бир суддан иккинчисига қатнаб сарсон бўлишига сабаб бўлмоқда. Табиийки, бу турли норозилик, судга бўлган ишончсизликни келтириб чиқаради.

Бир сўз билан айтганда мазкур Фармон суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта қуриш, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш борасида муҳим Фармондир. Бу эса келгусида судларнинг чинакам адолат қўрғонига айланишида муҳим қадамлардан бўлиб хизмат қилади.

Ж.Курбанов,
Тошкент шаҳар Учтепа туман маъмурий суди раиси