« Back

Муносабат 06.08.2020 18:39

ОДИЛ СУДЛОВ – АДОЛАТ ТАРОЗИСИ

Кейинги йилларда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ва суднинг нуфузини ошириш, шу йўл билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Қабул қилинган Фармонни учта асосий ўзаро боғлиқ бўлган жиҳатлар билан изоҳлаш мумкин. Аввало, бу судлар фаолиятининг очиқлиги, унинг ошкоралиги ва шаффофлигини кучайтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг адолатли, холис бўлиши ва пировардида судларга нисбатан ишончни ошириш орқали халқнинг, фуқароларнинг суддан рози бўлишига эришиш ҳисобланади.

Мазкур Фармон билан тизимда қандай ўзгаришлар амалга оширилмоқда? Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш кўзда тутилган. Аввало, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этиляпти. Бунда судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича вилоят судида 6 тадан 19 тагача судьядан иборат алоҳида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари ташкил этилади.

Мазкур ўзгаришлар шуниси билан аҳамиятлики, келгусида суд ишларини ва суд ҳисоботларини юритиш, халқ билан мулоқот қилиш, соҳада амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш ва ягона суд амалиётини шакллантиришда кенг имкониятларни яратади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.

Бу эса хорижий тажриба ва дунё амалиётига мос келади. Чунки бундай ҳуқуқбузарликлар моҳиятан жиноят ҳуқуқи билан ўзаро боғлиқдир. Шу сабабли, бу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилмоқда.

Фармон билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилмоқда. Уларнинг негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Хусусан, 199 та туман (шаҳар) маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судлар ташкил қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишларни юритиш бўйича Олий инстанция ҳисобланади ва Олий суд таркибида раиснинг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги алоҳида маъмурий ишлар бўйича ҳайъат фаолият юритади.

Бу эса келгусида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд йўли билан ҳимоя қилишини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар самарасини рўёбга чиқариш ва одил судловни таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Фармонга асосан, тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, 2021 йил 1 январдан 4 та Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманларида иқтисодий судлар тугатилмоқда, 5 та Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакор туманларида фуқаролик судлари ташкил этилмоқда, Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманларида жиноят судлари ташкил этиляпти.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилади. Суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш, судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади.

Фармоннинг аҳамиятли томони нафақат фуқароларни, балки соҳанинг масъул ходимларида, ҳуқуқшуносларда суд-ҳуқуқ тизимига бўлган қарашларни, тубдан ўзгартириш, соҳани янги замон талаблари даражасига кўтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу эса судьяларга улкан масъулият юклаб, одил судловни таъминлашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда мазкур Фармон чинакам мустақил суд тизимини шакллантириш, судга иши тушган ҳар бир инсоннинг суддан рози бўлишига, яъни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўла таъминланишига мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб қолади.

Музаффар КУКИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг судьяси