« Back

Муносабат 18.04.2020 13:45

Халқ давлатнинг бирдан-бир манбаига айланиши йўлидаги навбатдаги қадам

Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномаси кўпгина масалалар бўйича тарихий бўлди, дея оламиз. Аввало у янги сайланган парламент аъзоларига бўлгани, ўзида нафақат бир йиллик, балки беш йиллик мақсадларни жо қилгани ва энг асосийси, унда "жамият ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи" бош ғояси асосида бир қатор янги ташаббуслар ўртага ташлангани билан аҳамиятлидир.

Шулардан бири мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва халқимизда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Жамоатчилик палатасини ташкил этиш таклиф қилинган эди.

Куни кеча Президентимиз томонидан мазкур вазифани амалга ошириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон имзоланди.

Унга кўра, мазкур Палата аҳоли, нодавлат ташкилотлари ва давлатнинг самарали мулоқатини жорий этиш, фуқаролар ва ННТларни давлат ва жамият бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, жойлардаги долзарб муаммоларни муҳокамадан ўтказиш, аниқланган масалаларни бартараф этиш бўйича Президентга, Олий Мажлис палаталари ва ҳукуматга таклифлар киритиш, “Халқ дипломатияси” институтини ривожлантиришга масъул этиб белгиланмоқда.

Аҳамиятлиси, Жамоатчилик палатаси мақсади ва вазифаларига кўра Олий Мажлис палаталари ва жойлардаги маҳаллий Кенгашларнинг энг яқин ҳамкорига айланмоқда. Буни биз Олий Мажлис ва ҳудудий кенгашларда Жамоатчилик палатаси ва унинг минтақавий органлари томонидан фуқароларимиз учун долзарб бўлган масалалар юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил натижалари ҳар чоракда муҳокамадан ўтказилишида, уларнинг йиғилишларида, “Ҳукумат соати”да палата аъзоларининг иштирок этиши, халқимиз ҳаётига оид муҳим масалаларни ҳамкорликда кўриб чиқиш каби жараёнларда кўришимиз мумкин.

Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари қошида ташкил этилган “Mening fikrim” веб-портали ҳам Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилмоқда. Бу халқ билан мулоқотнинг замонавий шаклларидан самарали фойдаланиш имкониятини берса, иккинчидан, Олий Мажлиснинг қайсидир бўлинмаси шуғулланган портал билан алоҳида орган шуғулланиши унинг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ташкил этилган Жамоатчилик палатаси халқимизнинг овозига айланмоқда. У овознинг қанчалик жарангдор бўлиши ва тараққиёт учун хизмат қилиши ўзимизга, фуқароларимизга боғлиқдир.

Абдукамол РАҲМОНОВ, 
“Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси ўринбосари