« Back

Муносабат 22.04.2020 13:38

Тасвирий ва амалий санъатимиз ривожи йўлида янги давр бошланмоқда

Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлаш билан боғлиқлиги, миллий тасвирий ва амалий санъат истиқболини белгилаб бергани билан тарихий аҳамиятга эга, десак муболаға бўлмайди.

Қарорда Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда яна бир қанча баддиий таълим ривожини акс эттирадиган масалалар кенг қамраб олинган.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, ҳужжатда бадиий таълим соҳасида ўқиётган ва ижод қилаётган истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган масалалар ҳам акс этган.

Жумладан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилади. Бу эса, ўз навбатида, талаба-ёшларнинг ижодий интилишларини, янгилик яратишга бўлган саъй-ҳаракатларини рағбатлантириб, етук кадр бўлиб етишиши учун пойдевор вазифасини ўтайди.

Қарорга мувофиқ “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови, Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарлари, хаттотлик санъати намуналари, замонавий миниатюра асарлари кўргазмаси ҳамда илмий-амалий конференциясининг ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳам ёш ижодкорлар, шунингдек, санъатшунос-тадқиқотчилар ижодий ва илмий салоҳиятини ошириш, халқаро тажрибага эга бўлиши учун янги имкониятлар яратади.

Қарорда акс этган эътиборга молик жиҳатлардан яна бири Ўзбекистон Бадиий академиясининг таклифига биноан Павел Беньков номини Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига беришдир. Зероки, Павел Беньковнинг замонавий ўзбек тасвирий санъати ривожида ўрни беқиёс.

Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Рассомлар тажриба устахонаси (олий рассомлик курси) ташкил этилиб, уларнинг вазифалари белгилаб берилди. Шу орқали бадиий таълим соҳасида етук мутахассис кадрлар салмоғи ҳамда таълим сифатининг ошишига эришилади.

Қарорда шунингдек “Устоз-шогирд” ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш, ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш, чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкил этиш, юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш чора-тадбирлари ҳам назар тутилган.

Эндиликда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг асосий биноси ҳудудида қўшимча ўқув аудиториялари, замонавий ахборот-кутубхона, кўргазмалар галереясини ўз ичига қамраб олувчи ёрдамчи бино қурилади. Пировардида, институт моддий-техник базаси мустаҳкамланади, кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлиги ошади.

Шунингдек, тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳаси умумий бир марказга эга бўлади. Ижодкор талабалар ўз асарларини намойиш этиши, юртимизда халқаро кўргазмалар ҳамда фестиваллар сонини янада ошириш ва уларга талаба-ёшларни кенг жалб этиш учун янги имкониятлар яратилади.

Маълумки, маданият ва санъатда барча соҳалар ўзаро уйғунликда ривожланади. Бирида бўлаётган ижобий ўзгаришлар, албатта, бошқа соҳаларда ҳам ўз аксини топади. Шу каби омилларни инобатга олган ҳолда Президентимизнинг бу қарорини миллий санъат ва маданиятимиз учун янги имкониятлар эшигини очаётган ижобий ҳодиса дейиш мумкин.

Нодирбек САЙФУЛЛАЕВ, 
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори