« Back

Мурожаат 16.06.2020 13:00

Тошкент шаҳар Нуронийлар жамоатчилик кенгашининг шаҳримизда истиқомат қилувчи фаол нуронийлари номидан “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!” шиори остида шаҳар аҳолисига МУРОЖААТИ

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Пойтахтимиз ободлиги, кўчаларимиз кўрки, хонадонларимиз файзини ошириш, унда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш бўйича жорий йилнинг июнь – август ойларини руҳан поклик, маънан етуклик, фикран янгиланишга интилиш даври деб таърифлаш мумкин.

Бугун юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг юксалиб бораётган турмуш даражаси, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўркам қиёфаси, одамлар онгу тафаккуридаги ўзгаришлар, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳаларидаги тараққиёт юртдошларимизнинг Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларга, жонажон Ватанимизнинг келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Хусусан, “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” тамойили асосида мамлакатимизда ўтказилаётган долзарб уч ойликнинг ҳаётимизга кенг татбиқ этилиши натижасида маҳаллаларимизнинг кўриниши буткул ўзгариб, одамларимиз турмуш тарзи, оилаларда тўкин-сочинлик янада ортади.

Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, аниқроқ айтганда, ҳар биримиз ўз маҳалламиз, кўча ва хонадонларимизнинг саранжом ва файзли бўлиши учун ҳиссамизни қўшсак, бу гўшалар чинакам обод масканларга айланади.

Эрта саҳарда туриб, кўча-ҳовлиларимизни супуриб-сидириш, ён-атрофга сув сепиш, турли гуллар экиш қайси хонадонга чирой бағишламайди дейсиз.

Бу борада хонадон соҳибларига маслаҳатлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, яратувчанлик ғояларига ундаш, биз  кўпни кўрган нуроний оқсоқолларнинг муҳим вазифамиздир.

Унутмаслигимиз лозимки, ободлик, покизалик бор жойда қут-барака, ишда унум ва самара бўлади.

Қадрли шаҳримиз фуқаролари!

Ҳозирги синовли давр барчамиздан қийинчиликларни мардонавор ва жасорат билан енгиб ўтишни талаб қилмоқда. Бу кўп жиҳатдан халқимизнинг янада жипслаштириб, аҳил ва бирдам бўлиб ҳаракат қилишга ундамоқда.

Шу маънода, ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила бошлиғи карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўзи яшайдиган хонадонларни, маҳаллалардаги ҳар бир кўчани ободонлаштириш, оилада ижтимоий маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оилада тинчлик тотувликни таъминлаш, шу синовли кунларда ёш оилаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларимизда ватанпарварлик руҳини шакллантириш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаш учун масъул эканлигини таъкидлаймиз.

Халқимизда “Бир кун жанжал бўлган хонадондан қирқ кунлик барака кўтарилади”, - деган пурмаъно ҳикмат бор.

Бинобарин, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган азалий урф-одатлар, ўлмас миллий қадрият ва анъаналар, оиланинг ҳар бир аъзоси бажариши лозим бўлган муқаддас бурч, айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга ибратли тушунтириш ишлари, оилаларни, бутун жамиятимизни янада мустаҳкамлайди.

Хонадонларимизнинг кўрки ва файзи бўлган азиз отахон ва онахонлар!

Ўз маҳалладошларимизга намунавий хонадон, намунавий кўча қандай бўлиши кераклиги ҳақида имкон қадар кўпроқ ва кенгроқ маълумот берайлик! Бу йўлда аввало, ўз хонадонларимизни обод қилиш борасида олиб бораётган амалий ишларимиз, ибратли ташаббусларимиз, чинакам жонкуярлигимиз билан намуна бўлайлик!

Ўз ҳудудимиздаги ҳар бир оилада маиший маданиятни, хонадонларимизни обод ҳамда кўркам қилиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларни кенг тарғиб этайлик!

Ҳурматли маҳалла оқсоқоллари ва маҳалла фаоллари!

Юртимизда июнь – август ойларида ўтказилаётган долзарб уч ойликда маҳаллалар ҳудудининг санитария ҳолатини яхшилаш, аҳолининг тиббий-экологик ва маънавий онгини юксалтириш ва уларнинг фаоллиги ҳамда масъулиятини ошириш, маҳалла ҳудудларини ободонлаштиришга ёшларни жалб этиш ҳамда маҳалла ҳудудидаги корхона, ташкилотлар ва тадбиркорларни ҳам бу ишларда иштирокларини таъминлаш мақсадида ташкилий-тарғибот ишларини жонлантириш талаб этилишини алоҳида таъкидлаймиз. Маҳаллангизда истиқомат қилувчи кам таъминланган, қаровчиси йўқ, ночор оилаларнинг турмуш шароитини имконият доирасида яхшилаш, уйларни таъмирлаш учун ёшлар иштирокида ҳашарлар ташкил этиш ва бу ишларга саховатли маҳалла фуқароларини жалб этиш мақсадга мувофиқдир.

МФЙ раислари ва уларнинг ўринбосарлари – участка профилактика нозирлари маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг карантин даврида санитария қоидаларига риоя қилишларини назорат қилишлари ва тартиббузарликлар содир этган фуқароларга нисбатан чоралар кўриши лозимлигини алоҳида таъкидлаймиз.

Азиз ҳамшаҳарлар!

Ўзбекистонимизнинг муаззам пойтахти бўлган Тошкентимизга фақат ва фақат обод масканлар – кўркам ва гўзал кўчалар, файзли хонадонлар, кўзни қувнатувчи обод маҳаллалар ярашади.

Ушбу уч ойликда амалга оширадиган хайрли ва савобли ишларимиз ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилиш баробарида энг улуғ ва энг азиз Мустақиллик байрамини муносиб кутиб олишга қўшган ҳиссамиз бўлсин!