« Back

Мурожаат 01.07.2020 18:11

Икки бор кредит берилмаслигига ҳуқуқий асос борми?

photo_2020-07-01_18-12-49 Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Мастура Қобилова 2019 йил  “Туронбанк”нинг Яшнобод туман филиалидан оилавий тадбиркорликни бошлаш учун 13 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олганди. Тез орада ушбу маблағга кичик тикувчилик цехи очиб, ўз оилавий бизнесини юритишни бошлади. Болалар кийимларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех фаолиятини кенгайтириш мақсадида М.Қобилова шу йилнинг май ойидан буён яна қўшимча 33 миллион сўм  миқдорида имтиёзли кредит олиш учун Халқ банкининг Яшнобод туман филиалига ёзма мурожаат қилиб келади. Бироқ тадбиркорнинг сўзларига кўра, банк мутасаддилари шу кунгача мижознинг талабини қондирмасдан келмоқда. Фуқаронинг қонуний мурожаатига оғзаки тарзда жавоб қайтариб, асосланмаган важларни келтиришган. Сабаб этиб кредит қарздорлиги ёпилмасдан туриб қайта кредит берилмаслигини маълум қилишган. М.Қобилова эса ўз вақтида ойма-ой олдинги кредит фоизларини тўлаб бораётганлигини таъкидламоқда.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари фуқаролар мурожаатларига асосан шу каби масалаларни ўрганишганида, банк талабларининг қонунга қай даражада мос келишини, бу бўйича тегишли низом ва талаблар борми ёки йўқлигини аниқлашди. Маълум бўлишича, банкдан кредит олган мижозга тўлаш муддати тугамаса ҳам қайта кредит берилиши мумкин экан. Албатта, бунда унинг кредит фоизларини тўлай олиш имкониятлари ҳисобга олинади.

Айни пайтда депутатлар тегишли банкга депутатлик сўрови киритиш орқали масалани ҳал этишга киришган. 

 Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби