« Back

Мурожаатлар 02.05.2020 13:47

Қўнғироқларда “бизни қутқаринг” сўзлари кўпроқ жаранглайди

Пандемия билан боғлиқ вазиятда кўпчилик жабр чекаётгани сир эмас. Айниқса, хорижий давлатларда ишсиз ва бошпанасиз қолган юртдошларимиз кўпроқ ёрдамга муҳтож бўлди.

Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказига айнан шундай кишилар кўпроқ мурожаат қилди. Марказ “Долзарб алоқа тармоғи”га га жорий йилда 4 мингдан ортиқ мурожаат тушган ва уларнинг аксариятини карантин вақтидаги қўнғироқлар ташкил этди.

Шулардан мингдан ортиқ мурожаатчига марказ ҳуқуқшунослари зарур ҳуқуқий маслаҳат берган бўлса, кўпчилигига хорижий давлатлардаги ҳамкорлар орқали амалий ёрдам кўрсатилди.

- Тушаётган мурожаатларда кўпроқ “бизни қутқаринг” сўзлари жаранглайди, — дейди марказ раҳбари Нодира Каримова. – Бу сўзлар эса уларнинг ҳақиқатан мушкул аҳволга тушганини англатади. Мусофирликда юриб кимдир ҳужжатини йўқотиб қўяди, ишлаб иш ҳақини ололмайди, баъзан зўравонликка дуч келади, ҳатто одам савдоси қурбонига айланиб қолади. Шундай вазиятларда биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан кўпроқ ҳамкорлик қиламиз. Хориждаги ҳамкорларимиз орқали ҳам уларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз.

Шу кунгача ҳамкорлар кўмагида 200 га яқин кишининг турли давлатлардан юртимизга қайтишига кўмаклашилди, юзга яқин кишининг ҳужжати тикланишига ёрдам кўрсатилди.

Марказ мутахассислари сайъ-ҳаракати билан одам савдоси жинояти факти бўйича 6 жиноят иши қўзғатилди. Бошқа турдаги яна 7 жиноят иши очилди.

Амалий ёрдам чоралари ҳақида тўхталадиган бўлсак, марказнинг Нукус шаҳридаги филиалига бир аёл қўнғироқ қилиб, фарзандлари Уфа шаҳрида таҳсил олаётгани, карантин вақтида ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар улар қийналиб қолганини маълум қилиб, ёрдам сўраган.

Марказ мутахассислари ушбу ҳолат бўйича изланишлар олиб бориши натижасида интернет орқали Башқирдистон Республикасидаги “Башкортостан кызы” журнали бош муҳаррири Гульназ Кутуева билан боғланиб, вазият ҳақида маълум қилишди. Журналист аёл бу ҳолга бефарқ бўлмай, тегишли ташкилотларни жалб қилгани боис ўзбекистонлик талабаларга молиявий ёрдам кўрсатилди.

“Долзарб алоқа тармоғи”нинг Андижон вилояти бўлимига Қозоғистонда ишлаб, меҳнат ҳақини ололмаган юртдошларимиз қўнғироқ қилганида эса марказнинг узоқ йиллик ҳамкори — Чимкент шаҳрида фаолият юритаётган “Сана-Сезим” нодавлат нотижорат ташкилотидан ёрдам сўралган.

“Сана Сезим” мутахассислари айтилган манзилга борганида ҳақиқатан 6 нафар ўзбекистонлик одам савдоси қурбони бўлгани аниқланди. Улар мушкул вазиятдан қутқарилди ва Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси билан биргаликда юртимизга қайтарилди.

Муаттар Рўзибоева, 
ЎзА