« Back

Мусобақа 22.07.2020 12:42

Ўзбекистонлик ўқувчи Бутунжаҳон Киберматематика мусобақасида бронзани қўлга киритди

Бухоро вилояти Пешку туманидаги 18-мактаб ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев илк бор ўтказилган Киберматематика мусобақасида бронза медални қўлга киритди.

Cyberspace Mathematics Competition мусобақаси Америка математика мусобақалари ҳамда AOPS ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилди.

13 июль куни масофавий тарзда старт олган ушбу мусобақада дунёнинг 75 та давлатидан жами 555 нафар иштирокчи қатнашди.

Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ва математика фани бўйича Ўзбекистон терма жамоаси раҳбари Математика институти катта илмий ходими phd. Рустам Турдибаев билан ҳамкорликда Американинг Математика Ассоциацияси томонидан ўтказилган масофавий онлайн олимпиадада Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки таъминланди.

Жаҳонгир Норбоев 2018 йил Ломоносов номидаги Москва давлат университети ташкил этган олимпиадада қатнашиб фахрий ёрлиқ билан тақдирланган. 2018 йилнинг июль ойида Болгария давлатининг Бургас шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Математика Мусобақаси (IMC) да кумуш медални қўлга киритган.

2020 йилда Москва физика-техника институти ташкил этган олимпиадада қатнашиб 2-ўринни эгаллаган ва талабаликка таклиф қилинган. Бундан ташқари Россия миллий ядровий тадқиқот институти «НИЯУ МИФИ» томонидан ташкил этилган Росатом номли халқаро физика-математика олимпиадасига 1-ўринни эгаллаган ва муддатидан олдин талабаликка қабул қилинган.

ЎзА