« Back

Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига 29.08.2020 14:33

Озод, фаол, бирдам халқ – ҳамиша ғолиб

Ҳар йили катта тантаналар, шукроналик билан ўтказиладиган Мустақиллик байрамимизни коронавирус пандемияси сабаб бошқача руҳда кутиб олмоқдамиз. Касаллик туфайли бутун дунё аҳолисининг турмуш тарзи ўзгариб кетди. Шу билан бирга кўп нарсаларнинг моҳияти, мазмуни ҳам ўзгаргани бор гап.

Ўзи шу каби мураккаб вазиятларда давлатлар мустақиллиги, халқ, ҳукумат ва парламент бирдамлиги қай даражада эканлиги яққол намоён бўлади. Зеро, ўзини мустақил деб ҳисоблаган ҳар қандай мамлакат аҳоли, фуқаролар манфаатини ҳимоя қила олиши лозим. Жорий йилги пандемия шароитида Ўзбекистон ҳар қандай вазиятда ҳам ичкаридаги ва ташқаридаги фуқароларини асрай олиш салоҳияти мавжуд эканлигини кўрсатиб берди. Пандемия бошланганидан буён мамлакатлараро қатновлар тўхтатилган бир шароитда 60 мингга яқин фуқаромизнинг чартер рейслар орқали олиб келиниши ва уларнинг соғлиғи тўғрисида қайғурилаётганининг ўзиёқ кўп нарсадан дарак беради. Шу билан 40 мингдан ортиқ касалланган беморни даволаш, дори-дармон, овқатланиш харажатларининг барчаси давлатимиз томонидан қоплаб берилаётгани “Бу юртда инсон ва унинг манфаатлари азиз” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъбир жоиз бўлса, мазкур вазият ҳар бир мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимини имтиҳондан ўтказди. Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасида тўрт йил олдин бошланган ислоҳотлар нақадар долзарб ва ўз вақтида амалга оширилганининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Мисол учун, соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан йўналтирилаётган маблағлар йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2016 йилда бу сумма 5,449 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда 2 баравар ортиқ маблағ ажратилди.

Шу билан бирга, дори воситаларига ажратилган маблағлар ҳам ошиб бормоқда. Мисол учун, сўнгги уч йил давомида тез тиббий ёрдамдан фойдаланганлик кесимида дориларга ажратилган сумма 482 сўмдан 5800 сўмгача кўпайган, ҚВПда бир беморни қабул қилиш кесимида 1825 сўмдан 3700 сўмгача, кўп тармоқли поликлиникадаги қабул учун эса 1654 сўмдан 4800 сўмгача оширилган. Дарҳақиқат, ушбу ўзгаришлар бугунги синовли кунларда ўз ҳосилини бермоқда. Зеро, иқтисодиёти бақувват, манаман деган давлатлар ҳам касалланганларга, карантиндагиларга жой, озиқ-овқат тополмай қолганини кўрганда, давлатимиз ва унинг раҳбарияти фуқаролар учун қилган саъй-ҳаракатларнинг қадри янада ёрқинроқ намоён бўлади.

Умуман олганда, жорий йилда қабул қилинган барча норматив-ҳужжатлар, ўтказилган йиғилишлар “Инсон манфаатлари энг олий қадрият” ғояси асосида шакллантирилаётганини кўришимиз мумкин. Буни “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатининг ташкил этилгани ва унинг кенг қамровли фаолиятида, тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар, аҳолига кредит таътиллари берилганида гувоҳи бўлишимиз мумкин. Албатта, бу каби кулфатларга қарши курашда бирлаша олиш кўп нарсани англатади. Халқимиз ҳам карантин қонун-қоидаларига амал қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш орқали ягона кучга айланди.

Ўз навбатида, вакиллик органлари – парламент аъзолари ва жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам пандемия бошланган март ойидан ҳозирги кунга қадар тўхтовсиз ўз фаолиятларини олиб боришди.

Хусусан, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти билан бирга жойларда коронавирусни даволаш муассасалари, карантин ҳудудларида яратилган шароитлар, санитария-осойишталик қоидаларига амал қилиш, бозорлар, дорихоналардаги нарх-наволар ҳолати каби масалаларни мунтазам ўрганиб боришди.

Шу билан бирга маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда ҳар бир ҳудуднинг пандемияга қарши курашишда кўраётган чоралари, карантин қонун-қоидаларини юмшатиш ёки қатъийлаштириш масаласи мунтазам муҳокама қилиб борилди.

Ушбу жараёнларда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолияти ҳам сезиларли равишда жонланганини кузатдик. Халқ вакили номига сазовор бўлган депутатларимиз “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатининг фаол иштирокчисига айланди. Халқимиз ишончига муносиб бўлиш йўлида муҳтожларга ёрдам берган, кўплаб оилаларни оталиққа олган, иш билан банд этган депутатларни ҳар бир ҳудудда учратишимиз мумкин.

Албатта, ҳукумат, халқ, парламентнинг биргаликдаги ҳаракати натижасида касалланиш кўрсаткичи камайиб, соғайиши кўрсаткичи 90 фоиздан ошган ҳолда, вазият кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Бу ҳукумат томонидан кўрилган чоралар нақадар тўғрилигини ҳамда халқимиз борган сари пандемия шароитида ишлаш ва яшашга етарли кўникма ҳосил қилаётганини кўрсатади.

Афсуски, жорий йилда энг улуғ, энг азиз байрам юртимиз мустақиллигининг 29 йиллик айёмини ҳар йилгидек байрам томошалари, сайиллар шаклида ўтказа олмаяпмиз. Аммо бу ҳолат байрам шукуҳини, қадрини заррача пасайтира олмайди. Ушбу байрам ҳар бир фуқаромизнинг қалбидан жой олган. Шу боисдан Президентимизнинг ушбу улуғ санани оила даврасида, уйда нишонлаш бўйича таклифини халқимиз тўғри қабул қилди. Вазиятни тўғри англаган юртдошларимиз, Наврўз, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Хотира ва қадрлаш куни каби умумхалқ байрамларини карантин қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказди. Шунинг учун халқимиз ушбу айёмни ҳам белгиланган тартиб қоидалар асосида ўтказишига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Мустақиллик фуқароларимизга озодликни тақдим этган бўлса, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар халқимизнинг фаоллигини оширди, коронавирус пандемияси эса бизга бирдамликни ўргатди. Бежизга жонажон Ватанимиз қудрат манбаи, саодат масканига айланмаяпти. Эндиликда кўринар-кўринмас ёвлар бизни ортга чекинишга, тўхташга мажбур қила олмайди. Зеро, озод, келажагини ўзи қуришни истовчи, фаол ва бирдам халқ кўзлаган, ният қилган ҳар қандай чўққини забт эта олади.

Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси