« Back

Мутахассис фикри 16.04.2020 13:50

COVID-19 пандемиясига қарши глобал курашда илм-фаннинг ўрни муҳим

Бугунги кунда COVID-19 пандемияси дунёнинг 190 дан ортиқ мамлакатини қамраб олди. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида коронавируснинг мамлакатимизда тарқалишининг олдини олиш, унга қарши самарали курашиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Коронавирус оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ўз вақтида тўғри баҳоланиб, жиддий қарорлар қабул қилинди. Натижада давлатимиз фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор чоралар кўра олиш қудратини намоён қилди.

Президент топшириғига мувофиқ, Республика махсус комиссияси тузилди, вазирлик ва идоралар, ижтимоий хизматлар мутахассислари, шифокорлар, вазиятга тўғридан-тўғри алоқадор барча давлат ташкилотлари халқимиз, Ватанимиз олдидаги муқаддас бурчни адо этиш учун сафарбар қилинди. Давлатимиз раҳбари халқимизга бир неча бор мурожаат қилиб, вазиятни тўғри баҳолашни ва олиб бораётган ишларни қўллаб-қувватлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини таъкидлади. Айнан мана шу икки жиҳат – вазиятни аввалдан тўғри баҳолаш ва олдиндан чора-тадбирлар кўрилиши туфайли ушбу касалликнинг Ўзбекистонда кенг тарқалишининг олди олинди.

Шу вақт мобайнида амалга оширилган ишлар давлатимизнинг тезкор сафарбарлик қобилиятини намоён қилди, турли органларнинг баҳамжиҳат ҳаракат қилиши салоҳиятини кўрсатди. Ваҳоланки, айрим мамлакатларда айни шу жиҳатларга етарли эътибор қаратилмагани боис пандемиянинг олдини олишда қимматли вақт бой берилди. Хориждан келган фуқароларни карантинга олиш, ижтимоий масофани сақлаш ва жамоат жойларига заруратсиз чиқишни чеклаш, ўқув муассасалари, идора ва ташкилотларни масофадан фаолият юритиш тизимига ўтказиш, аҳолининг ҳимоя воситаларидан фойдаланиши ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишига қаратилган амалий ва ташвиқот ишлари, вирусга чалинган беморларни даволаш ва иҳота қилишга жиддий қаралаётгани туфайли касаллик кенг тарқалишининг олди олинмоқда.

Халқимиз вазиятни тўғри тушуниб, ҳукумат ва соғлиқни сақлаш хизматларининг чақириғига "лаббай" деб жавоб бергани, ташаббус кўрсатгани ҳам қувонарли. Бу, аввало, халқимизнинг жипслигини, баҳамжиҳатлигини кўрсатди, юртдошларимиз давлатимизнинг ғамхўрлигини ҳис қилмоқда, Президентимиз таъкидлаганидек, давлат халқ розилиги учун ишлаётганига одамлар яна бир бор гувоҳ бўлди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида битта муҳим ҳақиқат бор. Бу – халқимиз қалбида ўзига ишонч туйғусини мустаҳкамлаш, ҳар биримизнинг ортимизда давлатимиз турганини ҳис қилиш ва бу орқали руҳий хотиржамликни сақлаб қолишга эришишдир. Биолог олим сифатида шуни таъкидламоқчиман: руҳий хотиржамлик инсон иммунитетини мустаҳкамлайди ва ҳар қандай касалликка қарши тўсиқ бўлади. Ўйлайманки, барчамиз ҳамжиҳатликда шундай давом этамиз!

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, коронавирус таҳдиди тобора кучаяётганига қарамай, мамлакатимиздаги эзгу жараёнлар кўлами асло сусайгани йўқ. Вазият тақозо қилгани ва одамлар саломатлиги муҳим бўлгани учун ташкилот ва муассасалар янгича иш тартибига ўтди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасаддилари ва ходимлари ҳам вазиятнинг мураккаблигини чуқур англаган ҳолда, мамлакатимизнинг пандемиянинг олдини олиш, унга қарши курашишга қаратилган кенг миқёсли чораларини қатъий қўллаб-қувватламоқда.

Вазирлик томонидан ўткир респиратор вирусли инфекцияларга қарши мавжуд дори воситаларини COVID-19 коронавирусини даволашда фойдаланиш учун танлаб олиш мақсадида тезкор лаборатория синовларини ўтказиш бўйича инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди. Танловдан мақсад – коронавирусни даволаш амалиётида тўғридан-тўғри фойдаланиш учун энг самарали маҳаллий препаратларни танлаб олиш. Сабаби янги дорини тез суръатларда яратиш ва уни клиник синовдан ўтказиш анча мушкул вазифа ва кўп вақт талаб қилади.

Дунё амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, ҳозир СПИД, ревматизм ёки безгак касалликларига қарши бир неча йиллар аввал ишлаб чиқарилган дори воситалари коронавирусга қарши яхши самара бермоқда. Демак, бу илм-фан натижалари ва улар асосида яратилган ишланмалар йиллар ўтса хам самарали бўлиши мумкинлигини кўрсатса, иккинчидан, юртимизда мавжуд шу туркумдаги дори-дармонлар ичидан самарали воситаларни танлаб олишга умид бағишлайди.

Мамлакатимизда COVID-19га қарши самарали курашиш мақсадида амалий лойиҳалар танлови эълон қилинди. Бу танлов коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни даволаш технологияларини ҳамда коронавирус штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик ташхислаш усулларини яратишга қаратилган. Мақсад самарали ташхис усулларини яратиш ва вирус патогенларидаги популяциямизга хос генетик ўзгаришларни аниқлаб боришдир.

Шу ниятда олимлар вазирлигимиз буюртмасига асосан февраль ойидан бошлаб вируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалаётганини инобатга олган ҳолда тест тизимини ишлаб чиқиш устида иш бошлашган эди. Март ойининг охирларига келиб илк натижаларга эришилди – вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг биотехнолог мутахассислари COVID-19 коронавирусини аниқлаш бўйича тест тизимини ишлаб чиқди. Ушбу тизим COVID-19 вируси геноми уч бўлагининг ПЦР (Полимераз занжир реакцияси) усулидаги таҳлилига асосланган. Инсон танаси ва қонида ДНК ва РНК вирус фрагментлари пайдо бўлишига имкон берувчи ўта таъсирчан таҳлил ўзбекистонлик олимлар томонидан ишлаб чиқилган тест тизимининг алоҳида хусусияти бўлиб, ҳозирги кунда юртимиздаги илмий ва тиббий лабораториялардаги хорижий мамлакатлардан келтирилган тест тизимлари фақат вирус геномининг бир бўлаги таҳлилига асосланган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институтида яратилган гриппга қарши оригинал “Рутан” дори воситасини Хитой олимлари томонидан текширилишини ташкил этди. Хитойлик олимлар ўтказган синовлар натижаси мазкур дори воситаси COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши самарали кураш воситаси бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шунга мувофиқ, вазирлик Биорганик кимё институти билан ҳамкорликда “Рутан" препаратини GMP стандартига тўлиқ жавоб берадиган “China – Uzbekistan Medicine Technical Park” хорижий корхонасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Биоорганик кимё институтида ўткир респиратор касалликларга қарши ишлаб чиқилган, уларни олиш технологияси ва ноу-хауси патент орқали ҳимояланган вирусга қарши фаолликка эга 30 та янги биологик фаол бирикмалар мавжуд. Бу бирикмаларни COVID-19 коронавирусига қарши таъсирини синовдан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Шу мақсадда Хитойнинг Шанхай тиббий материя институтида 30 та янги биологик фаол бирикмани COVID-19 вирусига қарши таъсирини скрининг қилиш ишлари ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, илгари яратилган безгак касаллигига қарши ишлатилган Hydroхychloroquine (“FenLe”) препарати коронавирусга қарши Хитойда самарали натижа бермоқда. Бу туркум дори воситалари Ўзбекистонда ИММАРД:registered (Immard, Ҳиндистон) ва ПЛАКВЕНИЛ (Plakvenil, Испания) дори воситаси сифатида рўйхатдан ўтган. Инновацион ривожланиш вазирлиги хитойлик ҳамкорлар томонидан ушбу дори воситасини Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида 20 минг қадоқ жўнатиш бўйича келишувга эришди. Бундан ташқари, 20 минг қадоқ “FenLe” дори воситасининг Ўзбекистонга жўнатилиши кутилмоқда. Бу каби илмий ёндашувлар юртимизда коронавирусига қарши курашда самарали натижаларга эришишдаги дастлабки қадамлардир.

Вазирлигимиз “Elsevier” компанияси билан имзолаган шартнома доирасида уч минг шифокорга жаҳон тиббиёт жамоатчилиги томонидан эътироф этиладиган “Clinicalkey” платформасидан 2020 йил давомида бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Мазкур дастурий таъминот даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш, микрожарроҳлик, робот жарроҳлиги, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида энг сўнгги ютуқлар тўғрисидаги маълумотлар базасини ўзида жамлаган. Тиббиёт соҳасида тадқиқот олиб бораётган олимларимиз ва шифокорларимизнинг мазкур платформадан фойдаланиши COVID-19 вирусига қарши курашда ижобий натижалар беради.

Айни кунларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари масофадан ишлаш тизимига ўтган. Эълон қилинган танловларга ҳужжатлар электрон қабул қилиниши йўлга қўйилди, илмий-тадқиқот лойиҳаларига давлат буюртмасини шакллантириш бўйича онлайн платформа ишга туширилди. Тадқиқотчилар учун нуфузли халқаро журналларда мақолалар чоп этиш бўйича вебинарлар ташкил этилди. Болаларга робототехника бўйича онлайн дарслар ўтказилмоқда. Ташкилотлар, хусусан, халқаро ташкилотлар билан видеомулоқотлар ташкил этилмоқда. Виртуал мулоқотлар чоғида коронавирусга қарши курашдаги энг яхши тажрибалар алмашилмоқда.

COVID-19 пандемиясига қарши глобал курашда илм-фаннинг ўрни жуда муҳим. Шу ўринда давлатимиз томонидан замонавий илмий тадқиқотларга қаратилган юксак эътиборни яна бир бор таъкидлаш зарур. Кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий илм-фанга муносабат тубдан ўзгарди, буюк алломалар ватани бўлган Ўзбекистонимиз илм-фан соҳасида ривожланган мамлакатлар қаторига чиқишидай эзгу мақсадни кўзламоқда. Ҳозир вазирлик томонидан биология ва кимё, биотехнология соҳаларини комплекс ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳаларда илм-фан тараққиётида биологик ва кимёвий тадқиқотларни ривожлантиришга катта имкониятлар яратилиши, микро ва нано технологиялар билан бир қаторда, биотехнологияларнинг ҳам ўрни муҳим эканига эътибор қаратилган. Хусусан, “Тиббий биотехнологиялар” қисмида айнан шу муаммо – биотехнологик хавфсизликнинг миллий тизимини яратиш борасидаги ўта муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Айни кунларда вазирлигимиз томонидан вирусга чалинган беморларни даволашда қўлланиладиган, бутун дунёда тақчил бўлган ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ) ишлаб чиқариш бўйича технологиялар трансфери амалга оширилмоқда. Ушбу соҳадаги етакчи компаниялардан бўлмиш Словакиянинг "Chirana" компанияси ва россиялик ҳамкорлар билан биргаликда ИВЛ қурилмаларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг май ойида бошланади. Тошкентнинг Бектемир туманида ишлаб чиқариш участкаси қурилишини якунлаш эса жорий йилнинг сентябрь ойига режалаштирилмоқда. Коронавирус туфайли мамлакатдаги мавжуд вазият ва беморлар учун ИВЛ ва шахсий ҳимоя воситалари учун сарфланадиган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонга минг дона нафас олиш контурлари, 500 дона намлик коллектор билан нафас олиш контурлари ва минг дона бир марталик бактериал-вирусли филтрлар беғараз асосда топширилади.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича олиб борилаётган кенг миқёсли чора-тадбирлар замонавий илм-фан соҳаларининг ривожланишига ва уларни жорий этиш суръатлари тезлашишига олиб келмоқда. Бундай тезкор чора-тадбирлар натижасида COVID-19 балоси тез орада бартараф этилишига шубҳа йўқ, албатта. Ватанпарвар шоир Чўлпон “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” деб бонг урган эди. Ҳозир барча куч ва сафарбарлик шу кучни халқимизни асраб-авайлашга йўналтирилган. Ўзбекистон илмий жамоатчилиги бу муаммони бартараф этишда халқимиз ва давлатимизга камарбаста бўла олади, бунга салоҳиятимиз ва имкониятимиз етарли.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири, 
академик