« Back

Мутахассис фикри 14.07.2020 12:23

Пенсияни ҳисоблаш фақат фуқаролик паспорти асосида амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминаш мақсадида 2020 йил 1 январдан “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинди.

Қарор билан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва меҳнат стажини ҳисоблаш механизмини такомиллаштириш мақсадида меҳнат фаолиятини босқичма-босқич электронлаштириш жараёни йўлга қўйилди.

Қарорга асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатлари “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси“да рўйхатдан ўтказиб келинмоқда. Бунда 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари жорий йилнинг 1 сентябридан кечиктирмасдан “ЯММТ” ИДАКда рўйхатдан ўтказилиши таъминланмоқда.

Меҳнат шартномаларини “ЯММТ” ИДАКда рўйхатдан ўтказиш белгиланган тартибда иш берувчи ёки тизим билан ишлаш учун масъул ходим томонидан амалга оширилмоқда.

“ЯММТ” ИДАКда автоматик тарзда шакллантириладиган электрон меҳнат дафтари 2020 йил 1 январдан бошлаб ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. “ЯММТ” ИДАКдан фойдаланиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун бепул. Мазкур тизимнинг асосий мақсадларидан бири – бу барча жисмоний шахсларнинг 2020 йилдан кейинги бўлган меҳнат фаолиятини тасдиқлаш ва пенсияни ҳисоблашни фақат фуқаролик паспорти орқали амалга оширилишини йўлга қўйишдан иборат. Ходимнинг 2020 йил 1 январга қадар бўлган меҳнат стажи эса қоғоз меҳнат дафтарига мувофиқ, аввалги ўрнатилган тартибда белгиланади.

Ҳозирги кунда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси“ни жорий этиш учун белгиланган давлат идоралари ва ташкилотларининг маълумотлар базасида интеграциялашган ҳолда маълумотлар олинмоқда.

Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчи жисмоний шахснинг шахсий рақами, ходимга иш берувчи – ташкилот СТИР рақами олинди. Юридик шахсларнинг марказий маълумотлар базасидан ташкилотнинг СТИРи, унинг тўлиқ номи, раҳбарнинг фамилияси, исми ва бошқа маълумотлар йиғилди. Жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базасидан ходим ҳақида маълумотлар – паспорт серияси ва рақами, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, жойи ва бошқа маълумотлар жамланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотлар базасидан олий маълумот тўғрисидаги дипломлар, илмий даража тўғрисидаги ҳужжатлар ҳақида гувоҳномалар нусхаси электрон тақдим этилди. Халқ банки АТБ томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига бадаллар тўланган ташкилот СТИРи, ҳисобварағи рақами ва бошқалар олиниб, тизимга қўйилган вазифалар бажарилмоқда.

Мазкур тизимнинг афзаллиги, энг аввало, ходимнинг меҳнат фаолияти ҳақидаги шахсий саҳифасида тўпланган маълумотлар келгусида турли ҳужжатлар тўплаш ва тўлдиришни олдини олади. Шунингдек, келажакдаги иш берувчи ишини сезиларли даражада осонлаштиради. Чунки ходимнинг шахсий маълумотлари тизимнинг маълумотлар базасига киритилганлиги сабабли унинг шахсий маълумотларини қайта яратиш, яъни “иш жойидан маълумотнома”, “ходим ҳақидаги маълумотнома” каби ҳужжатларни йиғишга зарурат қолмайди.

Шу билан бирга, ходим ўзининг шахсий саҳифаси орқали иш берувчи томонидан киритилган меҳнат фаолиятига тегишли маълумотларни кузатиб бориши, меҳнат дафтарчасидан кўчирма, иш жойидан маълумотнома ва C/V-маълумотномани мустақил равишда юклаб олиши мумкин.

Бундан ташқари, пенсия таъминоти ҳуқуқларини расмийлаштиришда келиб чиқадиган муаммолар, жумладан, меҳнат стажи нотўғри ҳисобланиши, меҳнат дафтарчаси яроқсиз ҳолга келиб қолиши ва ундан аниқ маълумотларни олиб бўлмаслиги, фуқаро ўз меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйишининг олди олинади.

Тизимда барча ташкилотлардаги мавжуд иш ўринлари, ишловчи ходимлар меҳнат шартномалари рўйхатдан ўтказилаётгани боис меҳнат бозори кўрсаткичлари ҳолати ва динамикаси тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва мониторинг қилиш имконияти туғилади. Ушбу имконият меҳнат бозоридаги ишчи кучи сонини, таркибини ўрганиб чиққан ҳолда керакли янги иш ўринлар сонини кўпайтириш, етук мутахассис кадрларга эҳтиёж бўлган соҳаларга малакали мутахассисларни жалб этиш, ишчи кучига бўлган талаб ҳамда таклифни ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон, сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек, ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида автоматик тарзда тўпланадиган холис, шаффоф маълумотлар шакллантирилади.

Жорий йилнинг январь ойидан бошланган ишлар натижасида ҳозирги кунда “ЯММТ” ИДАКда рўйхатдан ўтган юридик шахслар, яъни ташкилотлар сони 420 минг 187 тага етди. Бу кўрсаткич давлатимиз бўйича тизимда умумий рўйхатдан ўтиши керак бўлган юридик шахсларнинг 98 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар, яъни ходимлар сони 4 миллион 270 минг 936 нафар бўлиб, бу кўрсаткич эса тизимда умумий рўйхатдан ўтиши керак бўлган жисмоний шахсларнинг 78,6 фоизини ташкил қилади.

Шу билан бирга, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини бошқариш дирекцияси зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш, яъни электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш ва жорий қилиш, ходимнинг меҳнат стажи тўғри ҳисобланишини таъминлаш жараёнида юзага келадиган барча масалалар бўйича иш берувчиларга техник ва ахборот кўмаги тақдим қилиноқда. Шунингдек, “ЯММТ” ИДАК фойдаланувчиси ҳисобланган фуқароларга ахборот кўмагини кўрсатиш мақсадида мазкур тизимда ишлаш тартибини тушунтириб берувчи материаллар, видео-кўрсатмалар тайёрланди ва республикамиз миқёсида барча иш берувчилар учун семинар-тренинглар ўтказилди.

Бундан ташқари, барча фойдаланувчиларга масофавий техник ва ахборот кўмагини тақдим қилиш мақсадида ҳозирги кунда “ЯММТ” ИДАКни техник қўллаб-қувватлаш хизмати ўз ишини олиб бормоқда.

Иш берувчилар томонидан маълумотлар “ЯММТ” ИДАКга киритилиши мавжуд вакант иш ўринлари тўғрисида маълумотлар базаси тўлиқ ва сифатли шаклланишига ҳамда ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳусан ЁРҚУЛОВ,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги “ЯММТ” ИДАКни бошқариш дирекцияси раҳбари