« Back

Музокара 08.07.2020 14:46

Ўзбекистонда Бангладеш тўқимачилик университети филиалини очиш имкониятлари муҳокама қилинди

Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти раҳбарияти ва Бангладешнинг «BUTEX» университети ректори Aбул Ҳошим ўртасида видеоконференция шаклида музокара ўтказилди.

«BUTEX» Бангладеш тўқимачилик муҳандислиги давлат университети бўлиб, тўқимачилик саноати учун малакали мутахассислар тайёрлайди. Университет Дакка шаҳрида жойлашган. Бу ерда 2600 нафардан ортиқ талаба тўқимачилик муҳандислиги, тўқимачилик кимё муҳандислиги, кийим дизайни ва тикувчилик муҳандислиги, тўқимачилик менежменти ва бизнеси, фан ва муҳандислик йўналишлари бўйича таҳсил олади.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда «BUTEX» филиалини очиш имкониятлари муҳокама қилинди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари У.Бегимқулов ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг ўринбосари Б.Муҳаммадсаидов Ўзбекистон олий таълим тизимининг ҳозирги ривожланиши ва хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги, шунингдек, мамлакатимизда пахта ва ип-калавани қайта ишлаш даражаси ўсиши ҳисобига тўқимачилик соҳаси учун юқори малакали кадрларга эҳтиёж тобора ошиб бораётгани ҳақида маълумот берди.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори Б.Анорбоев «BUTEX» билан талабалар алмашинуви ва қўшма ўқув дастурларини ташкил этиш орқали университетлараро ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди.

A.Ҳошим ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни ўрнатишга қизиқиш билдирди. У кўтарилган масалалар муҳокамасини давом эттириш учун Ўзбекистонга ташриф буюриш ва ўзи бошқараётган университетда Ўзбекистон делегациясини қабул қилиш истагини изҳор этди.

ЎзА