« Back

Нашр 14.05.2020 13:06

ЁЗУВЧИЛАР ТУҲФАСИ: Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...

Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги санасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан совға тайёрланди.

photo_2020-05-14_13-08-08 Ватанимизнинг фидойи фарзанди, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топволдиев ҳаётига бағишланган “Кўприк” ҳужжатли романи ҳамда “Уруш, номинг ўчсин жаҳонда” номли шеърлар китоби нашрдан чиқди.

Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши ўзбек халқига ҳам жиддий синов бўлди. Ватанимизнинг барча қудрати, шу жумладан, фан, адабиёт ва маданият ҳам бир мақсадга – мамлакатни фашизмдан ҳимоя қилишга қаратилди. Олимлар, ёзувчилар, санъат ва маданият ходимлари ҳам бор куч ва имкониятлари билан фронтга ёрдам берди. Уруш нафаси катта шиддат билан адабиёт ва санъатга ҳам кириб келди. Мақсуд Шайхзода таъбири билан айтганда, шеърият ҳам шинел кийди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Уйғун, Миртемир, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор каби атоқли шоир ва адиблар эл-юрт ҳимоясига, халқимиз жасоратига бағишланган ўткир публицистик шеърлар, очерклар, даъватномалар ёзди. Ўзбек зиёлиларининг кўпчилиги, шу жумладан, 150 дан ортиқ қалам соҳиби ҳам халқимиз фарзандлари сафида жанггоҳларга жўнаб кетди. Булар орасида Султон Жўра, Мамарасул Бобоев, Шароф Рашидов, Аширмат, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, Назармат, Адҳам Раҳмат, Наби Юсуфий, Адҳам Ҳамдам, Неъмат Тошпўлат, Султон Акбарий, Зоҳиджон Обидов, Мавлон Икром, Суннатилла Анорбоев, Қодир Мирмуҳамедов, Қодиржон Имомов, Тўра Жуман ва бошқалар бор эди. Улар қонхўр ва қаттол ёв билан бир қўлда қурол, бир қўлда қалам тутиб жанг қилди. Ўз шеърлари, мақолалари, достон ва жанговар лавҳалари билан жангчилар руҳини кўтариб, Ватан, эл-юрт дахлсизлиги, ор-номус учун курашга рағбатлантирди. Ғалаба кунини яқинлаштирди.

Султон Жўра, Олим Шарафутдинов, Ҳасан Саид, Бурҳон Турсунов, Жалил Қодирий, Акром Аҳрор, Қодиржон Имомов каби бир қатор шоирлар, ижодкорлар жангда ҳалок бўлди. Улардан ёдгор бўлиб ўтли-оловли жанггоҳларда ёзилган шеърлар, асарлар қолди.

“Уруш, номинг ўчсин жаҳонда” номли тўпламга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган жангчи-шоирлар, уруш даврининг аянчли оқибатларини бошдан кечирган устоз адиблар ва бугунги кунда юртимизда барқарор бўлган тинчлик ва осойишталик боис эмин-эркин қалам тебратаётган ижодкорлар шеърлари ҳамда уруш даври халқ қўшиқларидан намуналар киритилди.

“Кўприк” романи таниқли ёзувчи Ҳамид Бурҳон қаламига мансуб бўлиб, асар бошдан охир далил, реал воқеликларга асосланган. Зеро, риштонлик қаҳрамон Мамадали Топволдиевнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати ва фидойилиги тилларда достон бўлиб кетган. Беларусь давлатида ажойиб бир масканнинг “Топволдиевка” деб номлангани, гитлерчилар томонидан бу мард инсон боши учун 50 минг рейхсмарка пул ваъда қилишгани бежизга эмас. Ёзувчи асарда Мамадали Топволдиевнинг шахс ва арбоб сифатидаги ажойиб фазилатларини ҳам гавдалантиришга ҳаракат қилган.

Айни пайтда фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз ҳақидаги Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса”, Вали Ғафуровнинг “Вафодор”, Александр Бекнинг “Волоколамск йўлида” номли романлари ҳам нашрдан чиқиш арафасида.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб нашр этилган мазкур китоблар мутолааси ўқувчиларни уруш қаҳрамонлари матонатини ҳеч қачон унутмасликка, юртимиздаги тинчликнинг қадрига етишга, уни асраб-авайлашга, огоҳликка даъват этаверади.

Муҳиддин Абдусаматов, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби