« Back

Назорат 19.05.2020 14:39

Тошкент шаҳридаги 150 гектар яшил майдон карантин назоратидан ўтказилди

Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси пойтахт ҳудудининг фитосанитар хавфсизлигини таъминлаш, зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида назорат ишларини йўлга қўйган.

Хусусан, туманларга бириктирилган агроном инспекторлар карантин остидаги маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш, реализация ва қабул қилиш пунктлари, уларга туташ ҳудудларни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, муҳофаза этиладиган табиий ерларни карантин назоратидан ўтказди.

Натижада 150 гектар яшил майдон карантин назоратидан ўтказилди ва 111 дона карантин назорати далолатномаси расмийлаштирилди. 14 хил зараркунандага қарши 280 дона феромон тутқич ўрнатилди. 8 мингдан зиёд манзарали ва мевали дарахтга Би-58, Багира, Карате, Амрел ва бошқа кимёвий препаратлар билан ишлов берилди. Қишлоқ хўжалиги ва карантин ости маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, сақловчи, қайта ишловчи ва реализация қилувчи 68 ташкилотнинг омборхоналари хатловдан ўтказилди.

– Инспекциянинг агроном фумигаторлари зарарсизлантириш чора-тадбирларини босқичма-босқич амалга оширмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси агроном инспектори Ислом Шерданов. – Бу жараёнда хориждан фитосанитар талабларига жавоб бермайдиган 2,5 тонна ва 120 дона маҳсулот кириб келишининг олди олинди.

Тошкент шаҳри ҳудудида олиб борилаётган бу каби тадбирлар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти борасида чет эл мамлакатлари, компания ва корпорациялар билан ташқи савдо алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

ЎзА