« Back

Обод маҳалла 20.04.2020 12:31

“Маҳалла — жамиятдаги муаммоларни ҳал қилувчи муҳим тузилмага айланади”

Маҳалла – тарбия ўчоғи, эзгулик бешиги, урф-одатлар, анъана ва қадриятлар эъзозланадиган улуғ даргоҳ ва ҳар биримизнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган қутлуғ маскан. Бинобарин, бу ошиён инсонни жамият билан бирга яшашга ўргатадиган, шу руҳда тарбиялайдиган беқиёс макондир.

Қолаверса, маҳалла жамиятимизга дахлдор барча масалаларни ҳал этишда бевосита иштирок этувчи, халқ ва давлатни бир-бирига яқинлаштириб, улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим тузилма саналади. Бир сўз билан айтганда, давлатимизнинг барқарор ривожланиши, халқ фаровонлигининг ошиши, фуқароларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни изчил амалга оширишда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Бироқ тан олиш лозим, сўнгги вақтларда маҳалла тизимида бир қатор муаммолар йиғилиб қолган эдики, бу ҳолат ўз-ўзидан жамият осойишталигини таъминлаш, аёллар, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий ажримларнинг бартараф этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш каби зарур вазифалар ижросини таъминлашга салбий таъсир этди.

Албатта бу муаммолар ўз-ўзидан юзага келгани йўқ. Аввало, маҳалла институтининг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мазкур йўналишни янада ривожлантириш орқали уни энг халқчил тузилмага айлантириш борасидаги жуда кўп ишларга ўз вақтида тизимли равишда ёндашилмади.

Соҳани такомиллаштириш, ушбу ноёб тузилманинг ҳар томонлама ривожланишига тўсиқ бўладиган муаммоларни ижобий ҳал этиш каби муҳим вазифалар ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Оилаларда соғлом муҳитни тизимли ўрганиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, одамлар дардини тинглаш, мавжуд муаммоларга ечим топиш, оилавий ажримлар, жиноятчиликнинг олдини олиш, нотинч оилалар ва ноқобил ота-оналар билан ишлаш, давлат органларининг тегишли фаолияти устидан жамоатчилик назоратини тизимли йўлга қўйиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, “Отанг маҳалла, онанг маҳалла”, “Боланинг бегонаси бўлмайди” каби шарқона тарбия тамойилларини амалий ҳаракатга айлантириш каби эзгу мақсадлар етарли даражада ҳаётга татбиқ этилмади. Бунинг натижасида охирги вақтларда халқимизнинг маҳалла фаолиятидан чинакамига қониқмаслик ҳолатлари, афсуски, кўп кузатилди. Бошқа жамоат ташкилотлари фаолияти бўйича ҳам шу фикрларни айтишимиз мумкин.

Жорий йилнинг 12 февралида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётига дахлдор бўлган долзарб масалалар сўз юритилиб, айнан маҳалла тизимидаги муаммолар чуқур таҳлил этилганди. Шунингдек, йиғилишда маҳаллаларда оилалар ва аҳоли муаммолари билан ишлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича ягона яхлит тизим – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини ташкил этиш таклифи ижтимоий зарурат сифатида айтиб ўтилганди.

Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2020 йил 18 февралда қабул қилинган “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида мамлакатимизда оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалга татбиқ этишга қаратилган йирик тузилма – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айтиш мумкинки, Вазирлик халқимизнинг неча асрлик миллий қадриятлари сақланаётган маҳаллалар ва ундаги оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш учун етарли шарт-шароитлар яратиб бериш, маҳалланинг том маънода жамиятнинг миллий бошқарув идораси бўлиши учун унга яқиндан кўмаклашади. Жумладан, ҳукуматнинг ушбу қарорида муҳим янгилик – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси ташкил этилиши белгиланди. Бундан кўзланган мақсад – Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон фармони ҳамда 2020 йил 18 февралдаги “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сон қарори билан Вазирликка юклатилган асосий вазифаларни амалга ошириш, “хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этиш, оила ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Шунингдек, фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, кексалар ва фахрийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолини оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш ҳамда уларнинг томорқа ерларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш, фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳам жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари саналади.

Бундан ташқари, ушбу жамғармага Вазирликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг малакасини ошириш, конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, тузилма фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш харажатларини молиялаштириш ҳам юклатилган.

Қарорда, шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тизимига кирувчи ташкилотлар рўйхати ҳам тасдиқланиб, уларнинг фаолият йўналишлари, қолаверса, вазирлик томонидан амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар ҳам белгилаб олинди. Унга кўра, маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш вазирликнинг муҳим вазифалари сирасига киритилди.

Барчамизга маълумки, қайсики маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш учун барча бир ёқадан бош чиқарса, бу иллатга қарши одамларда муросасиз кайфият шаклланса, ўша ҳудудда тинчлик-осойишталик таъминланиб, эзгу ишлар кенг қулоч ёзади. Аҳоли хотиржам ҳаёт кечириб, давлатга ишончи ортади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу муҳим вазифани амалга оширишда профилактика инспекторларининг муҳим ўрни бор. Шу боис сўнгги йилларда юртимизда ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини ислоҳ қилиш, соҳага илғор иш услубларини жорий этиш, уларни янада халққа яқинлаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, тан олиш керак, қилинаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, бугун кўпгина маҳаллаларда хавфли жиноятлар сони ортиб, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тез-тез содир бўлмоқда. Таянч пунктларининг фуқаролар йиғини билан бир бинода жойлаштирилиши, профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари штати жорий этилганига қарамай, айрим маҳаллаларда жиноятлар сони камаймаяпти.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида бундан буён маҳаллаларнинг фаолияти “Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла” тамойили асосида баҳоланиши, бу ҳаракат маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳамкорлигида амалиётга татбиқ этилиши ҳақида сўз юритдилар. Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг ушбу таклифлари соҳадаги жуда кўп муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан янада аҳамиятли бўлди. Ўйлайманки, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган янги қарор ва фармонлар бу борада бошланган эзгу ишларни янги босқичга олиб чиқади, албатта.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида вазирлик хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, улар бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби долзарб йўналишларда амалга оширилаётган ишларни тартибга солиши белгиланди.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш, фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам қарорнинг муҳим бандларидан бири бўлди.

Очиқ тан олиб айтишимиз лозимки, шу кунга қадар маҳалла раисининг ойлиги маҳалланинг ташвиши ва масъулиятига қараганда бир неча маротаба кам эди. Натижада ҳали сайлов бўлиб ўтганига бир йил тўлмаган бўлса-да, юзлаб маҳалла раислари ишдан бўшаган. Шу сабабли ҳозир маҳаллаларда штат бирликлари кўпайтирилиб, ойлик маошлари 1,35 маротабага оширилмоқда. Шунингдек, энг яхши маҳалла раислари бир йилда 2 маротаба рағбатлантириб борилади. Бу эса уларни қўшимча моддий рағбатлантириш билан бирга, соҳада соғлом рақобат муҳитини вужудга келтиради.

Бундан ташқари, эндиликда маҳалла раисларининг ўз фаолиятига дахлдор бўлмаган юмушларга жалб этиш, ҳокимият йиғилишларида зални тўлдириб турувчи восита айлантиришга бутунлай чек қўйилади. Айтиш керакки, сўнгги вақтларда бу салбий ҳолат жуда авж олган эди. Маҳалла раислари туман ва вилоят миқёсидаги тизимга алоқадор бўлмаган турли тадбирларга асоссиз равишда жалб этилиб, улар кераксиз ҳужжатларга “кўмиб” ташланган эди. Бу билан эса соҳадаги муаммолар янада илдиз отишига замин яратилганди. Шу боис бундан буён маҳалла энг биринчи галда ўз “иши” билан шуғулланади.

Шунингдек, ҳукумат қарорида ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш лозимлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, ҳукуматнинг ушбу қарори жамиятимизда маҳалла тизимини янада ривожлантириш, уни одамлар дарди ва ташвиши билан яшайдиган энг халқчил тузилмага айлантириш борасида амалга оширилган муҳим қадамлардан ҳисобланади.

Раҳмат МАМАТОВ, 
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири