« Back

Огоҳ бўлинг 14.04.2020 12:14

Эпидемия шароитида хакерлар фаоллашмоқда...

Ахборот хавфсизлиги соҳасидаги халқаро экспертлар ва вирусга қарши дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар мутахассислари аниқлашича, COVID-19 эпидемияси билан боғлиқ вазият сабаб аксарият корхоналарнинг масофадан туриб ишлашга ўтиши кибер фирибгарликнинг янги турлари пайдо бўлишига имкон яратди.

Виртуал жиноятчилар қўллаётган усулларнинг энг кенг тарқалгани сохта хабарлардир.

Халқаро ESET компанияси ана шундай хатлардан бири маълумотларни ўғирлаш учун мўлжалланган хавфли троянни тарқатишга йўналтирилганини аниқлади. Зарарли файл хатга бириктирилган жойда бўлган. У зарарланишдан ҳимояланиш тўғрисидаги маълумотга эга ҳужжат остида ниқобланган бўлади.

Троянларнинг бошқа турлари компьютерни “зомби”га айлантириб қўяди ва хакер масофадан туриб ушбу ресурсдан тўла фойдалана олади. Қисқа вақтдан сўнг бундай компьютерлар ишдан чиқади ва уларни тузатиб бўлмайди.

Пандемия сабабли молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган бутун бошли компаниялар ҳам хакерларнинг қурбони бўлиши мумкин. Фирибгарлар шошилинч буюртма асосида хат юборади ва ҳужжатга зарарланган файлларни илова қилади. Натижада, бутун тармоққа зарар етади. Бундан ташқари, фирибгарлар пандемия сабабли молиявий муассасалар фаолиятининг секинлашганини ҳавола қилган ҳолда, компанияга зарарли файлни тўлов кафолати билан, масалан банк ҳисобининг кўчирмаси билан бирга юборади.

Кибержиноятчилар талаб ортиб бораётган тиббий ниқоблардан ҳам фойда кўришга ҳаракат қилмоқда. Улар ана шу мақсадда сохта сайтларни яратмоқда. Турли чегирмаларни жалб қилади ва шу орқали уларнинг тўлов маълумотларини қўлга киритади. Уларнинг реквизитларидан хабар топган фирибгарлар барча ҳисоблар ва электрон ҳамёнлардаги маблағларнинг ҳаммасини ечиб олади.

ESET компаниясидагилар карантин даврида киберҳужумлар сонининг ошишини тахмин қилмоқда. Хакерларнинг қурбонига айланмаслик учун ахборот хавфсизлиги борасидаги асосий қоидаларга риоя қилинг, нотаниш шахслар юборган хатларни очманг, пандемияга оид ахборотлар билан фақат расмий сайтлар орқали танишинг, дея маслаҳат бермоқда мутахассислар.

Роман БОНДАРЧУК