« Back

Огоҳлик 11.07.2020 12:33

Оила муаммоларига фақат жамоатчилик ёрдами билан ечим топиш мумкин

Юртдошларимиз орасида коронавирус касаллигининг қайта авж олишига аввало, бепарволигимиз, карантин чораларининг юмшатилиши ортидан жорий қилинган енгилликларни нотўғри талқин қилиб, ўрнатилган тартиб-қоидаларга жиддий эътибор бермай қўйганлигимиз асосий сабаб бўлмоқда. Ҳатто бу чекловларни турли йўллар билан четлаб ўтиш ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди.

Кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида тизим фаолиятига оид қатор масалалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида, аҳоли орасида коронавирус касаллигининг кенг тарқалиш сабаблари таҳлил этилар экан, энг биринчи навбатда, баъзи юртдошларимизнинг ўрнатилган карантин тартиб-қоидаларига амал қилмаётгани, бу ўринда маҳаллалар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар кескин танқид қилинди.

— Мисол сифатида тиббий ниқоб тақиш борасидаги қоидага баъзи фуқароларнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги бугун касалликнинг тез суръатларда тарқалишига замин бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов. — Қолаверса, мамлакатимизда ўтказиладиган тўй ва бошқа маросимларда 30 нафар киши қатнашиши қатъий талаб сифатида белгиланган бўлсада, жойлардаги оилавий тадбирларда 50, 60, ҳатто, 100 нафарга яқин одам иштирок этгани, бозорлар, савдо дўконлари, жамоат транспортларида кўпчилик томонидан карантин қоидаларига мутлақо риоя қилинмаётгани хавфли хасталикнинг кенг тарқалиши ҳамда мамлакатимиздаги эпидимологик ҳолатнинг янада жиддий тус олишига сабаб бўлди.

Р.Маматов мисол сифатида 7 июль куни Юнусобод туманидаги «Ғайратий» маҳалласида битта оила 30 кишилик чекловга риоя қилиш мақсадида бир кунда уч марта тўй қилгани, натижада 79 киши коронавирус касаллигини юқтириб олганлигини келтириб ўтар экан, бу ҳолатга маҳалла вакиллари кузатувчи сифатида жим қараб турганлиги, маҳалла аҳолиси орасида тушунтириш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаганлигини танқид қилиб, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими фаолиятини қониқарсиз баҳолади.

Йиғилишда бу борадаги мавжуд аҳволни ўзгартириш учун аввало жамоатчилик назоратини кучайтириш, бунинг учун халқимизга оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик эканлиги, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузиш барчамизни бирдек хавотирга солиши ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб бориш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 10 июлдан 1 августга қадар карантин қоидалари кучайтирилиши муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги олдига мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ижроси ҳақида сўз юритилди. Бунинг учун фуқаролар йиғини вакиллари орқали оилаларда шахсий гигиена ва санитария қоидаларига қатъий амал қилиш, уй шароитида карантин ўтаётган фуқаролар белгиланган қоидаларга риоя қилишлари ҳақида аҳоли орасида тушунтириш ишларини амалга ошириш, маҳалла ходимлари, кўча ва уй бошиларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда оилалардаги муҳитни яхшилаш, айниқса, оилавий ажримлар борасида олиб борилаётган ишларда маҳалланинг ўрни сезилмаётгани кенг муҳокама қилинди. Жумладан, жорий йилнинг 5 ойи давомида юртимиз бўйлаб 9 465 та оилавий ажралишлар қайд этилиб, ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар сони эса 13 188 тани, ноқонуний никоҳ асосида яшаётганлар 8 996 тани ташкил этаётгани айтиб ўтилди. Энг ачинарлиси, ажралишлар оқибатида шу йилнинг ўзида мамлакатимиз бўйича 7 минг 751 нафардан ортиқ вояга етмаганлар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган. Таҳлилларга кўра,энг салбий кўрсаткичлар Тошкент шаҳри, Сирдарё, Навоий, Андижон, Тошкент вилоятларига тўғри келади.

Р.Маматов мавжуд муаммога фақатгина жамоатчилик ёрдами ва кўмаги билан ечим топиш мумкинлигига урғу берар экан, жумладан, шундай деди:

– Сўнгги таҳлилларга кўра, ажримларнинг аксарияти оилавий муносабатларга ота-она ва бошқа қариндошларнинг ноўрин аралашуви, эр ва хотин характерининг ўзаро мос келмаслиги ёки зарарли одатларга ружу қўйиш каби салбий ҳолатлар натижасида рўй бермоқда. Бу эса мазкур муаммоларни олдини олиш ва ечим топишда ёши катта инсонларнинг иштироки кундан кун камайиб бораётганлигини, бунинг натижасида ёшлар орасида ҳис-туйғуларга берилиб нотўғри қарор чиқариш ҳолатлари, афсуски, учраб турганлигини кўрсатиб турибди.

Турмушимизда учраётган шу каби ижтимоий ва маиший муаммоларга ечим топишда, биз, аввало бобо-бувиларимиз кўмаги, уларнинг панд-насиҳатлари, ҳаётий ўгитларию катта тажрибаларидан самарали фойдаланишимиз зарур.

Йиғилиш давомида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини камбағалликдан чиқариш, маҳалла ва хонадонларни ободонлаштириш бўйича Вазирлик томонидан жойларда олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, зарур топшириқлар берилди.

Йиғилиш сўнггида маҳалла ва хонадонлардаги ободонлаштириш ишларини намунали ташкил этиш, ажрашишларнинг олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича барча вазифалар ижросини самарали олиб бориш учун, аввало, маҳалла ходимлари масъул эканлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Матбуот хизмати