« Back

Огоҳлик 27.07.2020 16:15

ТОПТАЛГАН ТАҚДИРНИНГ ТАСАЛЛИСИ

Янги оила остонасида турган ёш борки, умрбод бахтиёр яшашни хоҳлайди. Уларнинг қувончли онларидаги тилакларда бежиз бахт-саодат тилга олинмайди. Тўкис бахт ортидаги шодумонлик, фаровонликни ҳис этиш чинакам ҳаёт гашти демакдир. Аммо бахтсизлик одамзот бошини охири берк кўчага гирифтор этиб, ҳаёт завқини туйишга имкон қолдирмайди.

Одам савдоси иллати инсон бахтининг ашаддий кушандасидир. Бугунги кунда ҳудуд ва чегара билмас муаммо сифатида эътироф этилаётган бу жиноят дунё халқларини ҳам ташвишга солмоқда. Маълумотларга қараганда, одам савдосидан энг кўп жабрланаётганлар асосан ёшлар ва аёллардир. Кейинги йилларда норасида гўдаклар, чақалоқлар савдоси бўйича статистик кўрсаткичларнинг ортаётгани янада ташвишланарли. Ушбу трансмиллий жиноятнинг қурбонига айланиб қолаётганлар тақдири эса ўта аянчлидир.

Ойнура (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўттизга тўлмаган ёшгина бошига одам савдосининг ўлжаси бўлди. Аччиқ тақдирини ёритиш учун ундан ўтмиши ҳақида сўраш менга қанчалар оғир бўлса, суҳбатдошимга ҳам ўша мудҳиш хотираларини ёдга олиш икки карра азоб. Аммо муродимиз бир инсоннинг бошига тушган кулфатни кўз-кўзлаш эмас, бу офатдан бошқаларни огоҳ этишдир.

Қаҳрамонимиз болалигидан энг нуфузли олийгоҳда ўқиб, бир олам ойдин орзуларига эришишни ният қилган эди. Ўқишга ҳужжат топширишга улгурмай, ота-онаси унинг раъйига қараб ўтирмай, турмушга узатди. Ёш оила аъзоларининг қўлида на касб-кор, на ҳунари. Боз устига, куёв бола эрка ўсган, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайдиган, ишёқмас чиқди. Рўзғор юритиш кўпроқ Ойнуранинг гарданига тушди. Гоҳида кимникидадир энага, гоҳо овқатланиш шохобчаларида официант бўлиб ишлади. Бир неча кун ишга чиқмаса, уйда икки фарзанди учун тишга босгулик ҳеч вақо қолмас, камига улар қаторига текинхўр эри ҳам қўшилганди. У билан ажрашиб, ота уйига қайтай деса, қўли калта, серфарзанд оиланинг ташвиши ўзига етарли. Иккинчи томондан вужудидан яралган икки норасида. Ортга қайтиш табиатан Ойнуранинг феълига ҳам зид. Ҳаммасига матонат, бардош билан чидаши керак.

Шўрлик аёлнинг арзимас чой-чақани рўзғорга етказолмай, тинка-мадори қуриган бир пайтда шаҳарлик таниши ёдига тушди: Турсуной ўзи билан бирга официантлик қилиб, сўнг Туркияга ишлагани жўнаган. Энагалик қиламан деб кетганига икки йил бўлди, анча маош тўплагандир. Шундай хаёллар билан дарров дугонасига сим қоқиб, ҳол сўрди. Турсуной бир йил олдин Туркиядан Таиланд давлатига келгани, бу ерда иши жуда созлиги, ҳатто тил билиш шартмаслигини айтди. Онаси ва келинойиси ҳам ёнида эканини қўшимча қилди. Суҳбат орасида Ойнура кўнглини ёрди. Ҳозирги аҳволидан ёзғириб, ундан имкон бўлса, оқсоч ёки идиш ювувчи бўлса ҳам, иш топиб беришни сўради. Суҳбатдошининг яқин бир кафеда фаррошликка эълон берилгани, ойлиги 800 АҚШ доллари деб айтгани бечора жувоннинг ичига бамисоли чўғ солди. Буни сезган Турсуной бу ерда уни онаси ишга жойлагани, дугонасига ҳам мос иш топишини маълум қилди. Агар ишлашга келса, ижара уйидан ётоқ жой ажратиши учун онаси билан маслаҳатлашиши, дугонасининг қандай инсон эканини билиши учун кейинроқ «IMO» орқали қўнғироқ қилишини билдириб, хайрлашди.

Кечки пайт Турсуной сим қоқиб, телефонини «Онам», дея ёнида турган нафақа ёшидаги бир аёлга берди. Ўзини Шоҳиста деб таништирган онахон Ойнурадан ёшини, қўлидан нима иш келишини сўраб билгач, истараси иссиқ қиз, маъқул, деган хулоса берди. Мулоқот шу билан узилмади. Шоҳиста опа ўзга юртга чиқиш учун виза олиш кераклиги, бу масалани танишлари орқали 3-4 кунда ҳал этиши мумкинлигини қистириб ўтди. Ойнура бу ишбилармон опага йўл тадориги учун етарли маблағи йўқлиги, ёнига бориб олса, барча харажатларни қоплаб беришини илтимос қилиб, розилигини олди.

Тез кунда авиабилетларни сотиш ва хорижий давлатга виза расмийлаштириш билан шуғулланувчи фирмадан Ойнурага қўнғироқ қилиб, авиабилети тайёрлиги, уни паспортига қўшиб олиб кетиши мумкинлигини айтишди. Турсуной ўзлари яшаётган уйнинг суратларини интернет орқали юборди. Ойнура ўзини кошона уйларда яшаётган, боғларда кезган, тиниқ сувларда сузган ҳолатда хаёл сурди. Кейин хаёлларидан ўзига келиб, ён-атрофига қаради. Кундалик ташвишларини кўз олдида тасмадек ўтказди. Эрига режалари ҳақида сўз оча туриб, минг марта такрорлайдиган гапи – болаларни оч қолдирмасликни тайинлади. Бечора аёл тақдирида бундай азоб-уқубат борлигидан юраги эзилди.

Самолёт Таиланднинг юрагига – Бангкокка қўнди. Аэропортда божхонадан ўтиб, кутиш залига бораётган Ойнура юраги дукиллаб ураётганини сезди. Одамлар орасида визуал қўнғироқда кўрган аёлни таниди. У ерда меҳмонни Шоҳиста опа илиққина кутиб олиб, таксида уйига йўл олдилар. Бу уйда Турсунойдан ташқари яна икки қиз ҳам чиқиб келди. Тамадди қилиб олишгач, Шоҳиста опа Ойнуранинг паспорти, пулларини олиб, ўзида сақлашини айтди. Сўнг асл муддаога кўчди: Ойнура виза ва йўл харажатларини қоплаб бериш учун кунига 100 АҚШ доллари ишлаб келса, бир ойда қарзидан қутилишини маълум қилди. Бунинг учун ҳар куни тунги клубга бориб, мижозлар кўнглини олиш билан шуғулланишини талаб қилди. Бундан эсанкираб қолган Ойнура қанчалик қаршилик кўрсатмасин, бегона юртда бу балодан чиқиш иложини тополмади.

– Ахир менга мутлақо бошқа иш таклиф этилган эди, – лол қолди у.

– Бу ишни телефонда айтиб бўлмасди, – дўқ урди уйнинг каттаси. – Уйимиздагиларнинг ҳаммаси шундай иш қилади. Сизларни Турсуной кузатиб боради. Қочаман деб хомтама бўлма. Бунга уринганларни жойида йўқ қилиб юбораман. Полиция билан муносабатим яхши, қўлим ҳамма жойга етади.

Шу тариқа уйдаги қиз-жувонлар Шоҳида опа тайинлаган таксида шаҳардаги гавжум тунги клубга қатнар, уларнинг қўлига паспортлари фақат клубга кириб-чиқишдагина бериларди. Уч кунки, Ойнурани пул ишлолмай қайтганидан ғазаб отига минган Шоҳида опа уни роса дўппослаб, пул топмаса, овқат йўқлигини айтди. Йиғидан кўзлари ачишиб, тепкилашлардан бадани момоталоқ бўлиб, ҳушидан кетди. Кейин туш кўрди: ўзини маҳалладаги қўшни қизалоқлар билан ўйнаган болалиги, отаси ишдан келгани, онасининг тансиқ таомлари, икки боласи, бутун оила дастурхон атрофида жамулжам ўтирганини кўрди. Сўнг ортларидан борай деса, юролмас, бадани зирқирарди... Кўзини очди. Ўлиб қолдими деган қизлар кўзини очганини кўриб тинчланди.

Ойнура... Осмон қадар орзуларинг армон бўлди. У аввал ўзимни ўлдираман деб қарор қилди. Ўлдиролмади. Дунёнинг кажрафторлигидан додлаб йиғлай бошлади. Қандай бўлмасин, қочиш режасини тузар эди. 

Шоҳида опа ўша кечаси уни пули олдиндан олинган мижозга топширди. Улар меҳмонхонага келгач, йигит унга ташланди. Ойнура шу онда эркакка қаршилик кўрсатиб, унинг мастлигидан фойдаланди ва меҳмонхонадан чиқа солиб, таксидан элчихонага олиб боришни сўради. Йўлда кетар экан, Ойнуранинг кўз ўнгида юрти, ота-онаси, икки норасидаси гавдаланди. Ҳайриятки, Ўзбекистон Республикасининг Тайланд Қироллиги Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида у она Ватанига қайтарилди.

Шоҳида Соатова эса интерполда қидирувда бўлиб, унинг манзил тутган макони ҳуқуқ-тартибот идораларига ошкор бўлди. Жиноятчи уйида қўлга олинди. Шоҳиста опа неваралар ардоғида айни кексалик гаштини суриши ҳам мумкин эди. Боз устига, у муқаддам судланиб, амнистия қарорига асосан жавобгарликдан озод қилинган. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, у такроран мудҳиш қинғирликларга қўл ўрди. Маълум бўлишича, Турсуной ҳам унинг фарзанди эмас экан.

У ўзи каби оиласидан ажрашиб, муқаддам судланган, этагида икки фарзанди қолган Турсуной билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Бир неча хотин-қизларни яхши ойлик маош берадиган ишларга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, алдаб, уларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиққан ҳолда, Таиланд Қироллиги Бангкок шаҳрига олиб бориб, шаҳвоний йўллар билан пул ишлаб беришга мажбурлаган. Қочишга уринадиган бўлишса, зўрлик ишлатиш, қаматиб юбориш билан қўрқитиб, учинчи жиноий шеригининг доимий кузатувига қўйиб, фоҳишалик қилишга мажбурлаб, одам савдоси жиноятини содир этган.

Ойнура дунёга келиб, не рўшнолик кўрди?! Таҳқирланган номус, алданган умид, булғанган соф туйғулар. Аммо топталган тақдирига тасалли бўлгулик Ватани бор, яқинлари бор. Кемтик кўнглини кўзининг оқу қораси фарзандларининг меҳр-муҳаббати тўлдиряпти. Мана, орадан қарийб бир йил ўтди. Вақт унинг дардига даво бўляпти. Жамиятдан бегона бўлиб қолмади. Ота-онаси, фарзандлари учун фаол ижтимоий ҳаётга қайтди. Турмуш ўртоғининг кўзи очилди. Улар вилоят ички ишлар бошқармаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари кўмагида муқим иш ўрнига эга бўлди.

Сўзимиз сўнгида Ойнуранинг ана шу тақдири ўзгаларга сабоқ бўлишини хулоса қиламиз. Зотан, омонат жонимизга асло тажовуз бўлмасин!

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ