« Back

Огоҳлик 26.08.2020 21:18

Терроризм ва экстремизм – тараққиёт кушандаси

Экстремизм ва терроризм инсоният билан бирга XXI асрга кириб келган энг хавфли ижтимоий иллатлардан бирига айланди. Экстремизм бағрикенглик, ранг-баранглик ва ҳамфикрлиликни рад этиши билан мамлакат тараққиёти ва фуқаролараро ҳамжиҳатликка рахна солади.

Экстремизм ва терроризм нафақат ижтимоий ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказади, балки жамиятга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудҳиш шакллардаги зўравонлик ва агрессивлик мафкурасини ёяди. Шу нуқтаи назардан жамиятда диний асосда низолар чиқишига йўл қўймаслик, динни сиёсийлаштириш ва сохталаштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини олиш давлат ва жамият олдида турган ҳаётий муҳим масалалардан биридир.

Бугунги кунда турли сиёсий кучлар томонидан ўз манфаатлари устуворлигини таъминлаш мақсадида ислом динидан фойдаланилаётганлиги ўз навбатида, ёшларнинг айрим экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолаётганликлари ва бунинг натижасида турли хил ижтимоий муаммолар, давлат ва жамият хавфсизлигига путур етказувчи таҳдидларни келтириб чиқараётганлиги бизни ташвишга солмоқда.

XX асрнинг 90-йилларидан дунё харитасидаги ўзгаришлар кўпгина миллатларни, жумладан, ўзбек миллатининг асрлар давомидаги эзгу орзулари руёбга чиқиши натижасида мавжуд барча ижтимоий ҳодисалар сингари демократия тўғрисидаги қарашларга янгича муносабат билдиришни, янгича талқин қилишни, янгича изоҳлашни давр талаб қилмоқда. Ҳозирги кунда дунёнинг 60 фоизидан ортиқроқ, давлати демократик анъаналарга риоя қилган ҳолда иш юритмоқда. Демократик жараёнлар ўз объектив қонуниятлари асосида ривожланар экан, уларни ўрганиб бориш, уларга амал қилиш бугуннинг вазифаси бўлиб қолмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ўз маърузаларида Суд ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадини: “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ички ишлар идоралари ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан ўтган даврда ушбу идораларнинг фаолияти ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Халқ манфаатларига хизмат қилиш улар фаолиятининг асосий мезони этиб белгиланди. Биз келажакда эл-юртимизнинг ишончли ва меҳрини қозонган, том маънодаги халқпарвар ички ишлар тизимини яратишимиз керак” - деган фикрлари орқали, давлат ижроия органлари хизматчиларининг олдида турган энг катта вазифа аввало халққа ва унинг тинчлигига хизмат қилиш эканлигини кўп бора таъкидлаб келмоқдалар.

Республикамизда эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласида барча имкониятлар яратиб берилган бир шароитда, маккор ва қўпорувчи кучлар, диний мутаассиб гуруҳлар ўз қабиҳ режаларини амалга ошириш йўлида халқ ичида бузғунчи ғояларни тарқатишга уринмоқдалар.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, экстремистлар ўз мақсадлари учун асосан ёш йигит ва қизларни танлайдилар. Аёллардан эса, келгуси авлодни шакллантириш мақсадида фойдаланмоқдалар.

Бунинг сабаби айнан ёшлар давлатимиз келажагини, миллатнинг эртанги куни, тараққиётини белгилаб беради. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг ёш давлатлардан бири бўлиб, ўртача ёш 24 ни ташкил этади. Шунингдек, 34 миллиондан ортиқ аҳолимизнинг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун мамлакатимизда эътиқод эркинлиги учун кенг йўл очиб берди.

Республикамиз маҳаллаларида кўплаб мадраса ва масжидлар қурилиб, фаолият кўрсата бошлади. Ўзбекистонда биринчи марта Ислом университети очилиб, у ерда ёшлар диний-ижтимоий фанлардан таҳсил ола бошладилар.

Афсуски, айрим республикамизнинг ички ва ташқи душманлари бу имкониятлардан ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаландилар. Улар Республикамизга экстремистик оқимлар таълимотини олиб келиб, айниқса ёшларимиз онгини заҳарлаб, ўз юртига, ота-онасига қарши қилиб қўйдилар ҳамда тараққиётга хавф сола бошладилар. Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади.

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки “ҳалифалик”ни қайтариш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Террорчилик ҳаракатлари нафақат беқарорлик ҳукм сураётган ҳудудларда, балки Франция, Германия, Бельгия каби Европа мамлакатларида, Россия сингари МҲД таркибидаги давлатларда рўй бермоқда. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, Интернет тармоғида “Ислом давлати”, “Жабхат ан-Нусра” каби террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Мутаассиб оқим аъзоларининг бош мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.

Экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солмоқда. Жумладан, экстремистик ғоя ва ёт диний қарашларнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва тадрижий ривожланишга зарарли таъсири қуйидагиларда акс этмоқда:

- экстремистик оқим аъзоси қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;

- жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;

- экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиш орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;

- терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;

- давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Оқибатда ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;

- мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.

Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур муаммони фақат ҳарбий куч ишлатиш билан тўла ҳал этиб бўлмайди. Уларни такрор ишлаб чиқариш тизими сақланиб қолар экан, қайд этилган таҳдидлар сақланиб қолади. Экстремизм ва терроризмни такрор ишлаб чиқариш тизимининг муҳим бўғинлари ақидапарастлик ва терроризм мафкураси, уларнинг илҳомчилари ва даъватчилари, мазкур мафкурани тарқатиш каналлари ва улар таъсирига тушаётган шахслар ҳисобланади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг терроризм ва экстремизмга қарши кураши терроризм, экстремизмнинг олдини олиш, жумладан террорчилик ҳаракатларининг сабаблари ва содир этилишига имкон яратган шарт-шароитларни аниқлаш ва кейинчалик бартараф этиш (терроризм профилактикаси), шунингдек, террорчилик ҳаракатлари ва экстремистик йўналишдаги ҳаракатларни аниқлаш, бартараф этиш, фош этиш ва тергов қилишда ўз ифодасини топади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг давлат томонидан берилган ваколатлари доирасидаги терроризм ва экстремизмга қарши кураш соҳасидаги фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардир:

– терроризм, экстремизм мафкурасига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, террорчилик ва экстремистик тажовузларнинг эҳтимол тутилган объектлари ҳимояланган бўлишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, тезкор, маъмурий, режимли, ҳарбий ва техник хусусиятга эга чора-тадбирларни амалга ошириш;

– терроризм ва экстремизмга қарши уларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши сабаблари комплекс таҳлил қилиш, террорчилик, экстремистик фаолият субъектларини аниқлаш асосида курашиш;

– жамоат хавфсизлигини таъминлаш кучларининг вазифалари ва жавобгарлик ҳудудларини ажратиш, улар олдига қўйилган вазифаларни бажаришда устувор йўналишларни ўз вақтида аниқлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш кучларининг жамоат бирлашмалари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролар билан ҳамкорлигини ташкил қилиш ва такомиллаштириш;

– терроризм кўринишларини камайтириш ва (ёки) оқибатларини бартараф этиш, инсон ҳаёти ва соғлиғи моддий ва молиявий неъматлардан устунлигини инобатга олган ҳолда инсонлар қурбон бўлишларига йўл қўймаслик (буни имкон қадар камайтириш);

– террорчилик ҳаракати содир этилганида қутқарув ишларини ўз вақтида амалга ошириш, уни бартараф этишда иштирок этаётган, шунингдек, террорчилик ҳаракати натижасида жабрланган шахсларга тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш, уларни кейинчалик ижтимоий ва психологик реабилитация қилиш;

– террорчилик ҳаракати оқибатларини ҳамда унинг жамият ёки алоҳида ижтимоий гуруҳларга ноҳуш маънавий-психологик таъсирини имкон қадар камайтириш, террорчилик ҳаракати натижасида шикастланган ёки бузилган объектларни тиклаш, террорчилик ҳаракати ёки экстремистик фаолият натижасида жабрланган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ қоплаб бериш.

Жамиятда экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишда экстремизмга мойиллиги бор шахслар ва уларнинг оила-аъзолари билан ташкил этиладиган якка тартибдаги профилактик тадбирлар муҳим ўрин тутади.

Якка тартибдаги профилактик тадбирлар – давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг жиноят содир этиши эҳтимоли бор шахсларни аниқлаш, мазкур шахслар ва уларнинг ён-атрофидагиларга ўз хулқларини яхши томонга ўзгартириш ва жиноятга мойилликларига барҳам бериш мақсадида ижобий таъсир ўтказишга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Ҳозирги кунда диний соҳадаги қонунбузарликларга қарши якка тартибдаги профилактик тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш масаласининг долзарб аҳамиятга эга эканига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

– ақидапараст оқимлар томонидан аҳолининг турли қатламлари ичида тарғибот-ташвиқот ишлари давом этиб келаётгани;

– экстремистик оқимга мансуб авф этилган ва махсус рўйхатдаги шахсларнинг маълум қисми қариндошларини ўз сафига тортаётгани;

– меҳнат мигрантлари ичида ақидапараст гуруҳлар таъсирига тушиб, республикага қайтгандан сўнг экстремистик фаолият олиб бораётган шахсларнинг мавжуд экани;

– айрим диндорлар томонидан қонунга хилоф равишда «ҳужра», «намозхона» ва «ҳалол фуд» ташкил қилинаётгани;

– баъзи «отинойилар» томонидан аслида исломда бўлмаган амалларга диний тус бериб, аёллар ичида носоғлом муҳит яратаётгани, шунингдек, баъзи диндорлар ифторлик, мавлуд каби диний маросимларнинг моҳиятини бузган ҳолда кўр-кўроналик, исрофгарчилик билан ўтказиш орқали салбий ҳолатларни келтириб чиқараётганликлари;

– аҳолининг муайян қатламлари ичида «исломлашув» жараёнларининг кучайиб бораётгани;

– баъзи ноисломий диний конфессия ва секталар томонидан туб аҳоли ичида миссионерлик фаолияти олиб борилаётгани.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳозирги кунда замонавий ахборот комуникация воситаларининг ривожланиб бориши натижасида ахбротлардан фойдаланишда ҳар бир инсон учун улкан имкониятлар яратилмоқда. Ҳоҳлаган пайтда интернетга уланиб истаган ахборотини олиш имконияти мавжуд. Ахборот асри дейилишига сабаб ҳам бежиз эмас. 

Шундай экан интернетдан фойдаланиш инсон онгини ривожланиши, янги ахборотлардан хабардор бўлиш, узоқни яқин қилиш каби фойдали томонлари билан бир қаторда турли террористик ва экстремистик ташкилотларнинг фаолият олиб боришлари ва ўзларининг тарғиботларини янада кучайтиришга хизмат қилишида интернет тармоғининг ўрнинини кўришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда интернетдан фойдаланувчилар, айниқса, ёшлар бундай оқимларнинг таъсирига берилиб қолмасликларини таъминлаш ҳамда қайси маълумот тўғри, қайсиниси нотўғрилигини ажрата олишлари лозим. Албатта, бунда ёшлар авлодни ватанга муҳаббат миллий ва диний қадриятларимизга содиқлик руҳида тарбилаш ва энг асосийси билимли қилиб ўстиришимиз, терроризм ва экстремизм тараққиётимиз кушандаси эканлигини унутмаслигимиз лозим.

С.Турсоатов, подполковник 
Г.Мирсалихова, майор,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ўқитувчилари