« Back

Оила 27.05.2020 13:03

Оилалар ажрими ёки туташмаган тақдирлар

Бу мавзуда қоғоз қоралаш анчагина мушкул... Кечагина бир-бирларини еру-кўкка ишонмай ардоқлаган бир-бирларига дунёларни ваъда қилиб умид билан оила қурган  ёшларга нима бўлди?

Меҳр-мухаббатнинг, вафою садоқатнинг умри шунчалик қисқами? Осмонда  тақдирлари туташган кишиларнинг ерда никоҳи қўшилади, дейишади. Бу гап қанчалик ҳақиқатга яқин билмадиму, ажрашаётган баъзи йигитларимиз аёлига, муҳтарам уламоларимизни, ёши катта кайвонийларимизни ҳам анча ўйлантириб қўяётган сўзни айтиб турмуш ўртоғини уйдан ҳайдаш жуда осон бўлиб қолаётгандек назаримда. Бу сўзнинг қадри нега бунчалар паст бўлиб қолди. Азалий урф-одатларимизни, сабр-қаноатни яхши билмаган, тўйдан кўп ўтмасданоқ мен бу билан яшамайман, деб маҳаллага, суд остонасига югуриб бораётган қизларимизнинг бундан кейинги ҳаёти қандай кечади?

У қандай сабабки, эр-хотинни ўзаро муносабатларини суд ёки маҳаллада бегоналар олдида, муҳокама қилишгача олиб келса. Касбим тақозоси билан ёш оилалар ажрими юзасидан суд жараёнларида жуда кўп бор қатнашганман. Аввало икки аёл қуданинг, кейинроқ икки томоннинг бир-бирларига ёғдираётган ҳақоратларини қайта-қайта гувоҳи бўлганман. Юзингда кўзинг борми демай, одоб-ахлоқ чегараларини бемалол босиб ўтган оналарнинг сўзларини тинглаганман.

Барчасини жимгина кузатиб, кўз ёши юзини юваётган нима бўлса ҳам ёмон воқеа бўлаётганини мурғак қалби билан ҳис қилаётган болалариниг жавдираётган кўзларидаги мунгли илтижоларини кузатганман. 

Беихтиёр  ҳой одамлар ёши катталар оқ қорани таниб турмуш оғир енгилини кўрганлар, нимани ўйлаяпсиз, қайнонасини ёмонлаб эридан шикоят қилиб келган тантиқ қизингизга панд насиҳатингиз йўқми дегинг келади ёки фарзандларимнинг онаси кўз очиб кўрганим демай номардлик билан хотинидан камчилик нуқсон қидириб топиб кўпчиликнинг олдида тортинмай айтаётган ўғлингизга сўзингиз йўқми?

“Мен телефонсиз яшолмайман, - дейди ҳали чилласи  ҳам чиқмаган келинчак. - Мени телефонимга тегмасин, нима ҳаққи бор унинг? 

- Э йиғиштирсин телефонини, ким биландир шивирлашиб гаплашётганини ҳам эшитиб колдим, смс ёзишади. Ким у? Айтсин ҳозир кимлигини. Бу хотин бўлолмайди, хотин бўлишни билмайди, - дейди бунга жавобан куёв”.

- Ҳеч қаерда ишламайдилар, кундузи уйда ухлаб-ухлаб, кеч бўлгач кўчага чиқиб кетадилар. Алламаҳалда келадилар ёки келмайдилар. Қачонгача  киядиган кийимим, ейдиган овқатимни ота-онамларникидан олиб келаман? Ахир бу турмуш эмаску, мен ҳам умид билан бир ёстиққа бош қўйганман, ёрдам беринг нима қилай, - дейди ёш аёл.

- Сени мен билан нима ишинг бор? Қаерда юраман нима қиламан, бу менинг ишим, шахсий ишим. Менга хўжайинлик қилолмайсан. Э кетгин, боргин умуман кўзимга кўринма, тушундингми? – дейди эр.

Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин ва бари тўқима образ эмас, ҳаётда мавжуд бўлган воқеалардир. Агар икки ёш бир-бирларини шундай сўзлар билан сийлаб турса, уларни ўзаро муросага келтириб бўладими? Қандай қилиб бундай оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш мумкин.

Аввало уларнинг тақдирини кўр-кўрона ҳал қилиб, фарзандлари камчилиги нуқсонларидан кўз юмган, уйланса ёки турмушга чиқса “ақлини топади”,  деган ота-оналарнинг айби эмасми бу?

Эр-хотин бир-бирини тушунмаса, оилада тарбиявий муҳит ёмон бўлса, ажримларнинг олдини олиш, низоли оилаларни келиштириш билан овора маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ҳамкор ташкилотлар уринишидан қанчалик наф бор..

Агар икки ёш бир-бирини тушунса, ардоқласа, ўртадаги фарзандлар тақдирини ўйласа, турмуш машаққатларига биргаликда елка тутиб бардош берса, рўзғордек ҳеч тўлмас ғорнинг каму кўстига чидаса оилалар ажрими ҳақида сўз бўлиши мумкинми?

Балоғат ёшидаги ёшларимизни турмушга тайёрлаш энг аввало ота-оналарнинг бурчи-ку. Тошкент шаҳри Яшнобод тумани, Тонг маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Шоҳиста Алимова шундай дейди: «Оила жамиятнинг бир бўлаги, Ватан ичидаги кичик бир ватан эканлигини эътиборга олиб, унинг мустаҳкамлиги жамият тараққиёти ва юксалиши билан боғлиқлигини таъкидламокчи эдим.  Ажрим учун судга ариза билан мурожаат қилаётган эр-хотинга уларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Агар улар бир-бировларини тушунишса, қўллаб-қувватлашса, ҳурмат қилишса бугунги кунга келиб оилалар ажрими инқирози деган атама бўлмас эди”.

Ёшлар турмуш қураётганда уларни алоҳида ёки биргаликда маҳалла фуқаролар йиғинига чақириб, суҳбатдан ўтказамиз, оилавий шароити билан танишамиз. Тўйгача ҳаммаси бинойидек, ҳаммаси жойида. Орадан унча кўп вақт ўтмай, “яшай олмаймиз” га тушишади. Баҳоналари ҳам тайёр: моддий таъминот, хиёнат, ичкиликбозлик ёки ишсизлик, уй-жой муаммолари ва бошқалар.

Афсуски, ёш оилаларнинг жар ёқасига келиб қолишида ота-оналарнинг ҳам ўзига яраша «улуши» бор.

Олинган маълумотларга кўра 2020 йилнинг январь-март ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 7.8 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган.

Бунга сабаблар ҳам турлича: Қайнота-қайнона билан зиддиятлар, ёшларнинг мустақил эмаслиги, моддий етишмовчилиелар ҳамда масъулиятсизлик, куёв оила таъминоти зиммасида эканлигини тушуниб, пешона тери тўкиб бор кучини оиланинг таъминотига қаратса, келин ота-она хизматини қилиш шарафини, бўйнидаги қарзини тушунса, ота уйига гап ташишдан тийилса жуда кўплаб оилаларда ажрим муаммолари юзага, умид билан қурилган оила барбод, болалар тирик етим бўлмайди.

Ҳанифа Шамшиева