« Back

Оила - жамият таянчи 30.04.2020 14:28

Карантин даврида оилавий ажрим масалалари қандай ҳал этилади?

“Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”

Лев Толстой

Оилавий муносабатлар қадим тарихдан энг нозик ва мураккаб масала ҳисобланган. Бугунги СOVID-19 эпидемияси тарқалиши оқибатида жорий этилган карантин даврида деярли барча ватандошларимиз уйда қолиб, ўзлари ва яқинлари сиҳат-саломатлиги муҳофазаси учун ҳаракат қилмоқдалар. Тан олиб айтиш лозимки, доим иш билан банд бўлган оила бошлиқлари бугун уй юмушлари, хотини ва фарзандларига вақт ажратишларига тўғри келмоқда. Натижада эса бир-бирини фақат ишдан бўш вақтларидагина “танийдиган” баъзи эр-хотинлар карантин даврида “қайтадан танишмоқдалар”. Оқибатда эса турли тушунмовчилик ва келишмовчиликларга замин яратилмоқда.

“Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деган мақолни кўпчилик билади. Эр-хотин орасида низо чиқса, қисқа муддатда бартараф бўлади, қабилидаги ушбу мақол айрим ҳолларда ҳақиқатга айланмай қоляпти. Ёш оилалардаги жанжал “ажралиш” деган фожиа билан якун топмоқда. Авваллари ажралиш учун сабаб сифатида эрнинг оиласига кам вақт ажратаётгани, эътиборсизлиги, қайнона-келин муносабатлари ва бошқалар сабаб бўлган бўлса, бугунги кунда эса аксинча, эр-хотин кўп вақтларини биргаликда ўтказаётганликлари оқибатида келиб чиқаётган тушунмовчилик асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳолат ачинарли бўлса-да, карантин вақтида никоҳдан ажратиш масалалари ҳуқуқий жиҳатдан қандай тартибга солиниши юзасидан маълумот бериб ўтамиз.

Чет эл тажрибасига юзланадиган бўлсак, оилавий низолар бўйича шикоят аризалари карантин даврида оддий кундалик турмушдагига нисбатан 3 маротаба ортган. Жумладан, Хитой Халқ Республикасининг биргина провинциясида 1-24 февраль кунларининг оралиғида 300 та ажримга оид даъво аризалари қабул қилинган. Ҳаттоки, эпидемияга айланган ажралишларни таърифлаш учун “Covidivorces”, яъни “Ковидажралиш” ва болаларнинг қонуний манфаатларини ифодаловчи “Coronababies” — “Короначақалоқлар” норасмий терминлари ҳам келиб чиқди.Туркияда эса март ойидаги ажралиш учун даъво аризалари сони январ ойидагига таққослаганда 4 маротаба кўп келиб тушганлигини кўришимиз мумкин.

“Карантин” ёки бошқача айтганда “чекловчи тадбирлар” вақтида оилавий муносабатлар кескинлашиши натижасида эр ёки хотин ажралиш учун ариза тақдим этишни режалаштирган, лекин бунинг имкони йўқ деб ўйлаётган бўлишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 4-моддасига кўра, мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ электрон мурожаат деганда, белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан давлат органининг, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаатни тушунишимиз лозим.

Никоҳдан ажратиш тўғрисида даъво аризасини судга юбориш учун қандай ҳаракатларни амалга ошириш зарур? Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг расмий сайтида электрон суд хизматлари портали йўлга қўйилган (Э-суд). My.sud.uzга мурожаат қилиш орқали, нафақат фуқаролик ишлари бўйича, балки жиноят, маъмурий ҳамда иқтисодий ишлар бўйича ҳам ўз мурожаатингизни электрон шаклда йўллашингиз мумкин. Фуқаролик ишлари бўйича судларга тегишли бўлган оилавий низоларга оид 36 турдаги даъво аризаларининг намуналари мавжуд. Масалан, алимент ундириш ҳақида, алимент миқдорини камайтириш ҳақида, никоҳдан ажратиш ҳақида, эр-хотин ўртасида мол-мулкни бўлиш ҳақида, ота (оналик) ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ва ҳоказолар.

Шуни ёдда тутиш лозимки, ҳар доим ҳам ажратиш масалалари фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилмайди. Никоҳдан ажратиш суд тартибида ёки Фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этиш органларида (ФҲДЁ) амалга оширилади.

Қачон никоҳдан ажратиш масалалари суд тартибида кўриб чиқилади? Қуйидаги ҳолларда никоҳдан ажратиш масалалари суд тартибида кўриб чиқилади:

эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида низо мавжуд бўлганда;

эр-хотин ўртасида умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлганда;

эр-хотин ўртасида болалар тўғрисида низо мавжуд бўлганда;

агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажратиш тўғрисида ариза беришдан бош тортса ёки ФҲДЁ органига ариза бериш учун шахсан келиш имкониятига эга бўлмаса ёхуд ариза бериб, никоҳдан ажратишни қайд этиш учун ҳозир бўлмаган тақдирда;

спиртли ичимликлар, наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши оқибатида муомала лаёқати чекланган шахслар билан никоҳдан ажратиш тўғрисида низо мавжуд бўлганда.

Қуйидаги ҳолатларда эса никоҳдан ажратиш масалалари ФҲДЁ органларида амалга оширилади:

вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда;

эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса (бунда ҳам эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар);

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса (бунда ҳам эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар).

Демак, никоҳдан ажратиш бўйича масалалар эр-хотин ўртасида низо мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, вояга етмаган фарзандларининг бор ёхуд йўқлиги, субъектларнинг муомала лаёқатига боғлиқ бўлгани ҳолда суд ёки ФҲДЁ органларида кўриб чиқилади.

Шунингдек, баъзи ҳолатларда эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қила олмайди. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 39-моддасига мувофиқ эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам, ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ этилади. Кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво хотин томонидан қўзғатилишига тўсқинлик қилмайди.

Никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш вақтида суд томонидан ҳал этиладиган масалалар Ўзбекистон Республикаси Оила қонунчилигида алоҳида белгилаб ўтилган. Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.

Санаб ўтилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд:

никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;

вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;

эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;

эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.

Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасида нималар кўрсатилиши лозим? Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 189 ва 190-моддалари талабларига жавоб бериши керак. Унда, жумладан никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида вояга етмаган болаларни таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар кўрсатилади.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризага қандай ҳужжатлар илова қилиниши керак? Никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризага никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари, эр-хотиннинг ойлик маоши ва ўзга даромадлари ҳақидаги, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, даъво талабларини тасдиқловчи далиллар, шунингдек никоҳдан ажратиш ҳақидаги низо судгача ҳал қилинганлигидан далолат берувчи даъвогарнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғини яраштириш комиссиясининг хулосаси илова қилинади.

Шуни ёдда тутишимиз лозимки, никоҳдан ажратиш масалалари юзасидан электрон тартибда даъво аризалари бугунги кунда ҳам қабул қилинмоқда. Лекин уни кўриб чиқиш ва суд процесси карантиндан сўнг амалга оширилади. Бироқ оила муқаддас қўрғон эканлигини унутмаслигимиз, уни сақлаб қолиш учун барча имкониятларимизни ишга солишимиз шарт.

Ушбу мақоламизни ўзбек атоқли ёзувчиси Тоҳир Маликнинг қуйидаги сатрлари билан якунлаймиз: “Ажралишга “фожиа” деб баҳо беришимизни баъзи биродарлар маъқулламасликлари мумкин. “Талоқ Аллоҳ томонидан рухсат этилган, оиланинг бузилиши кўнгилсиз ҳол, лекин фожиа эмас”, дегувчиларга биз шундай деган бўлардик: “Азизим, соатингиз бузилса, неча марталаб бўлса ҳам тузатиш учун устага олиб борасиз. Ҳеч иложи бўлмаса, ташлаб юборасиз. Бу фожиа эмас, шунчаки кўнгилсиз ҳол. Лекин оила бузилса, икки ёшни яраштиришга ҳаракат қиламиз, ярашишнинг чораси қолмаса, ўртага талоқ тушади. Лекин бу оилани бузилган соат сингари ташлаб юбормаймиз. Яъни, жамиятдан суриб чиқармаймиз. Эр ҳам, хотин ҳам бошқа оила қуриб яшайверади. Лекин болалар-чи? Тирик етимларнинг оҳи фожиа эмасми? Оилани жамиятнинг дур-у гавҳари деб улуғлайдилар. Уйимиздаги дур ва гавҳарларни ардоқлаб асраймиз. Оилани-чи?”. Ўзимизга шу саволни берайлик-да, жавобини қатъият билан айтайлик. Балки никоҳдан ажратиш тўғрисидаги аризани ёзишдан аввал етти ўйлаб бир кесармиз...

Мунисахон УСМОНОВА, 
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси