« Back

Оила - жамият таянчи 16.05.2020 13:42

Қадриятлар бешигини сақласак, тарбия қўрғонига путур етмайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Оилага эътибор – ўзлигимизга эътибордир. Оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз”, деб қайд этган.

Дарҳақиқат, оила – ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак насллар учун бетакрор тарбия қўрғонидир.

Оила институтининг муҳимлигидан келиб чиқилиб, 1994 йилдан бошлаб БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияга мувофиқ 15 май жаҳон миқёсида Халқаро оила куни сифатида нишонланади.

Мамлакатимизда оилани ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, уни ҳақиқий тарбия ўчоғига айлантиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оила институтининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Шу асосда судларда кўрилган никоҳ билан боғлиқ ишларда оилаларни имкон қадар сақлаб қолиш, болаларнинг тирик етим бўлиб қолмаслигининг олдини олишга эътибор қаратилаяпти.

Шу тоифдаги ишларни кўриш асносида ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр бўлмай оила қуриши, турли ёмон одатларга берилиш, масъулиятсизликка йўл қўйиш кўпайганига гувоҳ бўлаяпмиз. Эр-хотиннинг узоқ вақт бир-биридан айро яшаши, эркакларнинг ишлаш баҳонасида йиллаб оилани тарк этиши ва бора-бора оилани унутиши, оилага бошқаларнинг аралашуви каби омиллар ҳам йўқ эмас.

Энг ёмони, интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали қадриятларимизга ёт ахборотларнинг кўп тарқатилаётгани одамларнинг дунёқарашига салбий таъсир ўтказа бошлади.

Оилалаларни сақламоқчи эканмиз, аниқланаётган шу каби салбий омилларни бартараф этиш ҳақида ўйлаш, амалий чора кўриш вақти келди, назаримда. Бунда биз аждодлар маънавий мероси, замондош алломалар насиҳатларига қулоқ тутсак ёмон бўлмасди.

Оила қуришга аҳд қилаётан йигит ва қизларимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Бахтиёр оила” деб номланган рисолалари билан танишиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Асарда оила билан боғлиқ шариат қоидаларини, никоҳ, маҳр, мустаҳкам оилани вужудга келтириш, эр ва хотиннинг ҳаққи ва бирининг иккинчиси олдидаги бурчлари, фарзандлар тарбияси, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари, оилани авайлаб-асраш, оила бузилишининг олдини олиш борасида муфассал тушунтириш берилган.

Мустаҳкам оила барпо этилишидаги муҳим масалалардан бири икки ёшнинг бир-бири ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишидир. Шунинг учун Оила кодексининг 13-моддасида кўрсатилган никоҳ тузиш хоҳишидагилар учун белгиланган 1 ойлик муддат ўрнига камида 3 ойлик муддат белгилаш зарурати бор.

Чунки суд амалиёти таҳлилидан кўринишича, жуда кўплаб ҳолатларда ажралиш мақсадида ариза берган эр ёки хотин сабаб сифатида характерлари тўғри келмаётганлигини кўрсатганлар.

Ваҳоланки, эркак ва хотин кишининг характери турли хил бўлиб, бир-бирига тўғри келмайди ва бу илмий жиҳатдан асосланган ҳолатдир. Буни баҳона қилаётганлар фақат ўзининг ҳаловатини ўйлаётган бўлади.

Оила кодесида эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ота-она сифатида уларнинг вояга етмаган фарзандлари олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонуний мустаҳкамланган.

Бироқ, оилани сақлашнинг имкони қолмаганда, эр ва хотин ажрашганда бу ҳуқуқларни таъминлаш барибир мушкуллашади. Чунки уй-жой, таъминот масалаларини ҳал қилиш қийинлашади. Қолаверса, кўпчилик оилаларимиз никоҳ шартномасисиз қурилган.

Оила бузилганда мол-мулкни бўлиш муаммога айланади. Шунинг учун ҳам никоҳ шартномаси зарур ҳужжат ҳисобланади. Никоҳ шартномасида эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ёки никоҳдан ажратилган тақдирда мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви акс эттирилади.

Эр-хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномлар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш каби ҳуқуқ ва мабуриятлар белгиланган.

Афсуски, айни пайтда никоҳ шартномаси тузиш ҳолатлари жуда кам бўлиб, “никоҳ шартномаси тузиш бизнинг менталитетимизга, шариат қоидаларига тўғри келмайди”, деган хато тушунча ҳам мавжуд.

Шариат қоидаларига кўра, эркак никоҳига олган аёлга маҳр бериши шарт. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қайд этганларидек, аҳди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади.

Албатта, маҳр ва никоҳ шартномаси бир хил нарса эмас. Фақат никоҳ шартномаси шариатга зид, дейдиганлар тушуниб олиши учун маҳр ҳақида эслаб ўтдик.

Амалиёт шуни кўрсатяптики, никоҳ шартномаси қанчалик мукаммал ва қонун талаблари асосида тузилса, эр-хотин ўртасидаги мулкий баҳс-мунозара, низолар кам содир бўлади. Турли саволлар, муаммоларнинг ечими тез ва осон ҳал этилади. Энг муҳими, никоҳ шартномаси тузиш орқали соғлом ва мустаҳкам оила барпо этилади.

Бошқача айтганда, оилавий муносабатлар қанчалик тўғри йўлга қўйилса, унинг пойдевори ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Айнан никоҳ шартномаси тузиш ҳам оила мустаҳкамлигининг гарови ва кафолати сифатида тавсия этилади. Зеро, никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасида ишончсизлик эмас, балки бир-бирига ва оилага нисбатан масъулият ҳиссини уйғотади.

Холмўмин ЁДГОРОВ, 
Олий суд раисининг ўринбосари