« Back

Оила - жамият таянчи 14.07.2020 12:22

Муқаддас қўрғонга дарз кетмасин

Ярим тунда қўшни хонадонда яна бақир-чақир бошланиб қолди. Аёл кишининг бор овозини баралла қўйиб шанғиллагани, эркакнинг бўралаб сўкингани, кейин идишларнинг чил-чил сингани эшитилди.

Эртаси куни бу аҳволдан маҳалла-кўй хабар топди. Эркакнинг кимлиги сўкинишу бақир-чақир, муштумзўрликда эмас, рўзғори, хўжаликнинг бус-бутунлигини таъминлаш, фарзандлар тарбиясига масъулият билан ёндашишда экани бафуржа тушунтирилди. Шаллақилик, бетгачопарлик ҳеч қайси аёлга ҳусн бермаслиги хонадон бекасига ҳам аста айтилди.

– Тўғриси, ҳозир жанжал-тўполон эмас, сабр, шукроналик, тавба қилиб яшайдиган пайт, – деди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзура Валиева. – Ҳозирги мураккаб шароитда оила аъзоларининг уйда қолиб кетиши баъзан эр-хотин, айрим пайтларда овсин-эгачилари, қайнона-келин ўртасидаги турли келишмовчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Лекин ҳар нима бўлганда ҳам муаммолар гирдобида қолган оилаларга яқиндан кўмаклашиш, уларга ёрдам қўлини узатишга астойдил ҳаракат қиляпмиз.

Раис, унинг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, психолог, маҳалла нуронийлари оилалардаги муҳитнинг соғлом ва барқарорлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Манзура опанинг айтишича, кўпинча оилавий жанжаллар иқтисодий танглик, турли етишмовчиликлар, ишсизлик, баъзида эса бекорчиликдан ҳам келиб чиқмоқда.

Шу сабабли маҳаллада ёрдамга муҳтож оилалар, иш излаб юрган фуқаролар рўйхати шакллантирилди. Шу асосида камбағал оилаларга доимий моддий кўмак берилмоқда. Ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган оилаларга уй-жойни таъмирлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармондан иборат ёрдам кўрсатилмоқда. Йигирмага яқин фуқаро маош тўланадиган жамоат ишлари, цехлар, ободонлаштириш юмушларига жалб этилиб, бандлиги таъминланди.

Маҳаллада новвойлик, гулчилик, боғдорчилик, чеварлик билан шуғулланувчилар сафи кенгайди. Ўзини ўзи иш билан банд этган фуқаролар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида доимий тушунтириш олиб борилмоқда.

– Инсон фойдали меҳнат, ўзи, оиласи, жамият учун наф келтириладиган юмуш билан муттасил банд бўлса, жанжал келиб чиқмайди, – деди нуроний отахон Аброр Зуфаров. – Обрўнинг отаси меҳнат, онаси саъй-ҳаракат. Кўпинча ёшларга муайян касб соҳиби бўлишни тавсия этамизу, ўша касбнинг машаққати, масъулияти ҳақида тушунтиришни унутамиз. Баъзан йигитларнинг бирон-бир касбнинг бошини тутмай, бекорчиликка, ичкиликка, бошқа иллатларга берилиши ношудликка, оиласи олдида обрўсига путур етишига олиб келади. Буларнинг барчаси эса оилавий жанжаллар, турли нохушликларга етаклаши шубҳасиз.

– Икки ёшнинг бошини қовуштириб, оила барпо этиш қанчалик мураккаб бўлса, оилани турли тўфонлардан, дарз кетишу ажримлардан сақлай билиш шунча мураккаб, – деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Хайринисо Мирзажонова.

– Кўпинча «ёндим-куйдим» қабилида оила қурган ёшларнинг ҳамжиҳатлиги, аҳду паймони мўрт чиқади. Аксинча, ортиқча эҳтиросларга берилмай, қарашлари, орзу-интилиши, мақсад-муддаоси уйғун бўлган, ўзаро ҳурмат, ақл, аҳилликка асосланган оилалар мустаҳкам бўлади. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам оилаларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик, уларнинг муаммоларига ечим топиш маҳалла фидойиларининг, нуронийлар, фаол онахонларнинг бурчидир.

Дарҳақиқат, бугун маҳаллаларда камбағалликка барҳам бериш, бандликни таъминлаш, оилаларга моддий кўмаклашиш йўлида тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ шу билан бирга оилани маънавий таназзулдан асрай билиш ўша хонадон катталари, қолаверса, маҳалла-кўй, кенг жамоатчиликнинг бурчидир.

Назокат УСМОНОВА,
ЎзА