« Back

Олий неъмат 28.08.2020 14:00

МУСТАҚИЛЛИК ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРДИ

Мустақилликка эришганимизга кўп бўлгани йўқ. Бироқ шу қисқа давр инсонларнинг ўз қўлларига эркинлик тутқичини бера олди. Фуқаролик жамияти шаклланди. Ўз навбатида шаклланиш босқичи ҳамон давом этмоқда. Шунингдек, мамлакатимиз дунё юзида ўз мавқе ва эътиборига эга бўлди.

Ўзбекистон деган юртни дунё ҳамжамияти кўрсатаётган ишлари ва мамлакатлараро ҳамкорлик алоқалари туфайли эътироф этадиган бўлди. Нуфузли халқаро анжуманларда ўз номидан иштирок этадиган, кўплаб давлатлар билан эркин савдо иқтисодий, маданий-гуманитар ва кўплаб соҳаларда битим ва шартномалар тузадиган бўлди. Том маънода Ўзбекистон ўз ўрнига эга мамлакат сифатида жаҳон майдонига чиқди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ўз йўналишини белгилаб олди ва бу йўлдан оғишмай бориш учун изчил ҳаракатларни олиб борди. Натижада бугунги қисқа фурсатга келиб жуда кўп оламшумул ишларни амалга оширди. Тубдан бурилиш ясайдиган ислоҳотлар рўй берди.

Бундан ўттиз йил илгариги ҳолат билан таққосланса мамлакат ҳар томонлама юксалди, десам муболаға қилмаган бўламан. Шу жумладан, бу сиёсий партиялар ҳаётида ҳам ўз аксини топди. Яъни мамлакатимиз ҳақиқий демократик йўлдан бориб, кўппартиявийлик тизимини ўрнатди. Рақобатлашган муҳитда сиёсий партияларнинг сони кўплиги ва хилма-хиллиги оммада фикрлар кенглигини шакллантирибгина қолмай фуқаролик жамиятининг юқори шаклланишига ҳам ҳисса қўшди.

1995 йилда тузилган Ўзбекистон «Адолат» СДП (социал-демократик партияси) айни Мустақилликнинг шарофатидан халқ ҳокимиятининг ифодаси сифатида майдонга чиқди. Ижтимоий тенглик, биродарлик сифатларини ўзида мужассам этган партиянинг улуғвор ғоялари ортидан минг-минглаб фуқаролар эргашди. Халқ томонидан сайланган депутатлар эса ушбу ғояларнинг чин маънода ташаббускори бўлишди. Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга, уни янада ривожлантиришга ҳисса қўшадиган қонунлар ишлаб чиқиб, уни амалий ҳаётга халқ ҳокимиятининг асоси бўлган одамлар манфаатлари учун татбиқ этишди. Кўплаб лойиҳаларни ишлаб чиқиб, улар асосида турли соҳалар ривожига ҳисса бўлиб қўшиладиган, камчиликларни бартараф этадиган ишларни амалга оширишди. Тўғри, буларга эришиш осон бўлгани йўқ. Йиллар давомида яратилган ҳаётбахш ғояларнинг халқ орасида танилувчанлиги ва яшовчанлиги бунга асосий омил бўлди, десак янглишмаймиз.

Демократик ривожланишларнинг ўсиши айниқса, охирги 3 йилда жадаллашди. Очиқлик ва ошкоралик тамойилларига амал қилиниб, одамларда фуқаролик позицияси шаклланишига йўл очилди. Буни ўтган йили Парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар жараёнларида кузатилган ўзгаришларда ҳам яққол пайқаш мумкин. Яъни сайлов жараёнлари шаффофлик тизимида ўтдики, буни дунёнинг турли бурчакларидан келган кузатувчилар эътирофидан англаш мумкин. Тўғри танланган йўл туфайли муносиб номзодларгина депутатлик мақомига эга бўлишди. Айнан мустақиллик шарофати туфайли бу ишларни амалга ошириш мумкинлигини яхши биламиз. Унинг қадрига етмоқ, кўз қорачиғидек асраб-авайламоқ эса ҳар биримизнинг олий фуқаролик бурчимиздир. «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ», деганларидек баъзи бир инсонларнинг нотўғри тушунчаси туфайли жамиятга зарар етмаслиги зарур. Ҳеч бир иш осонликча бўлиб қолмаслигини, ривожланган давлатлар ҳам ҳозирги ҳолатига етиши учун хатто, асрлар керак бўлганлигини яхши тушуниб етганимиздагина ватанпарварлик туйғусини дилимизда жо қилиб бирдамликда юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшишимизга имкон бўлади. Акс ҳолда ҳамжиҳатсизлик ўзгалар тарафидан осон енгилишимизга сабаб бўлиши мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун юракдан она Ватанга садоқатимизни кучайтириб, Мустақиллигимизни асрашимиз керак. Инсонлар онгидаги ғоявий бўшлиқ қачонлардир йўқолади. Аммо унинг ўрнида юксак интеллектуал дунёқараш пайдо бўлиши учун ҳаракат қилишимиз зарур.

Шу муносабат билан барча юртдошларимизни Мустақиллигимизни асрашга даъват этган ҳолда 29 йиллик байрам билан муборакбод этаман!

Баҳром ВАЛИЕВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати