« Back

Олий неъмат 31.08.2020 11:55

Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! 

Ҳар йили республикамиз мустақилликка эришган кунни улуғ ва муқаддас байрам сифатида кенг миқёсда нишонлаймиз. Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг йигирма  тўққиз йиллик байрамини "Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилиши халқимиз қалбида Ватанга янада муҳаббат туйғуларини камол топтириш, тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳиссини кучайтиришда алоҳида аҳамият касб этади. 

Бугунги кунда шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассамлаштирган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурлари тасдиқланиб, пандемия қоидаларига амал қилинган ҳолда республикамиз ҳудудларида Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш бўйича ижодий гуруҳлар иш олиб боришмоқда. Жумладан,  Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман “Кўкча” маҳалласида  ҳам жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқдаки, депутатлар саъй-ҳаракатлари  натижадорликни оширишга хизмат этмоқда. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу қарор асосида “Кўкча” маҳалласида ҳам кенг кўламли тайёргарлик ишлари авж олган. Бу ҳаракатларда муҳтарам юртбошимиз ҳамда ҳукуматимиз раҳнамолигида олиб борилаётган мамлакатимизни ижтимоий-иктисодий ривожлантиришнинг устувор режалари белгилаб берилганлиги, ислоҳотларнинг халқимиз томонидан қўллаб-қувватланганлиги натижалари яққол сезилиб турибди. Ҳақиқатан она диёримиз жаннатмакон юрт. Унда истиқомат қилиш, меҳнат қилмоқ, ўй-у қувончлари, ширин ташвишлари билан яшаш ҳам гўзал. Юртимиз мустақилликка эришганидан кейинги 29 йил давомида албатта, оз-мунча ишлар амалга оширилмади. Бунинг замирида аввало, халқимизнинг букилмас иродаси, мақсад йўлида чеккан заҳматлари ётибди.  

Пойтахтимизнинг барча гўшаларидаги меҳнатсевар инсонлар  сингари “Кўкча” маҳалласи фуқаролари мустақилликни мустаҳкамлаш борасида босиб ўтилган йўлда фидокорона жонбозликлари билан алоҳида ажралиб туришади. Шаҳримизда ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тасдиқланган “Манзилли режа”га мувофиқ депутатлар ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман Кенгаши ташаббуси билан ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Оқилон” маҳалласида жойлашган “Корток” цехининг ишга тушиши, бетакрор ва замонавий меъморчилик асосида қурилган ёшлар учун стадион мажмуалари, ёшлар уйлари ёки кўплаб аҳолига хизмат кўрсатадиган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари маҳаллага ўзгача кўрк бағишлаб, барчанинг қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотмоқда. Бугун қайси касб эгаси бўлмасин уларнинг қалбида катта шижоат, ўтаётган ҳар бир кунига шукроналик туйғуси бор.

Айни кунларда пандемия билан боғлиқ вазият туфайли байрамнинг кўнгилдагидек ўтиши учун "Адолат" СДПдан Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутатлари туман бўйлаб ўрганишлар олиб боришмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари дори воситалари, тиббий буюмлар,  озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини ўрганишди. Шунингдек, пандемия шартларига тадбиркорлар томонидан қай даражада амал қилинаётганлиги билан ҳам танишиб чиқишди. 

Мен ушбу жаннатмакон юртнинг фарзанди сифатида бизга берилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, ўзим режалаштирган лойиҳаларнинг амалга ошишига эришдим. Ана шу имкониятларга жавобан жамоамиз билан бирга олдимизга кўйилган улкан вазифаларни сидқидилдан бажариб, “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини жўш урдириш, тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишга астойдил ҳаракат қилмоқдаман.

Дилдора ИСЛОМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутати