« Back

Она табиат 15.04.2020 13:28

Апрель қоридан Тошкентдаги қанча дарахтлар зарарланди?

Апрель ойининг илк ўн кунлигида нисбатан совуқ оби-ҳаво сақланиб қолмоқда. Шу кунларда Тошкентда ёғиб ўтган қор ҳам пойтахтдаги дарахтларга жиддий таъсир кўрсатди. Ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида шаҳар кўчаларида синиб, ағдарилган дарахтлар сурати тарқалди. Тошкент бўйича бир қанча дарахтлар қор ва шамолдан зарар кўрди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати иқлим ўзгариши шаҳар дарахтларига қандай таъсир этганини баҳолаш учун мутахассис билан суҳбат уюштирди.

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Нурулло Мухсимов совуқ ҳавонинг дарахтларга таъсири бўйича муфассал тушунтириш берди.

- Нима сабабдан айни кунлардаги қор ва ёмғир ҳатто узоқ йиллик дарахтларнинг ҳам илдизига қадар зарар етказди?

- Кутилмаганда ёққан қор дарахтларнинг вегитация (метеорологик шароитларга кўра йилнинг ўсимлик ўсиши ва ривожланиш вақти) даврига тўғри келди. Бу пайтда дарахтлар гуллаган, барг чиқарган, ҳатто мева тукканлари ҳам бор эди.

Табиийки баҳорда кучсизлашган дарахт учун ёмғир ва қор қўшимча босим бўлди. Қиш мавсумида дарахтлар ухлагани ва унинг шохларида қўшимча юк бўлмагани туфайли бундай ҳолат жуда кам кузатилади.

- Авваллари ҳам шундай ҳолат кузатилармиди?

- Ўтган йилларда ҳам бундай ҳодисалар бўлиб турарди, аммо жорий йилда бироз кўпроқ дарахт зиён кўрди. Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси берган маълумотларига кўра, 8 апрель санасида 6968 та дарахтга зиён етган. Хусусан, уларнинг 745 таси илдизи билан зарарланган яъни улар энди қайта тикланмайди.

- Асосан қандай турдаги дарахтлар зарар кўрди?

- Асосан игна баргли, мевали ва манзарали дарахтлар бу синовга чидай олмади.

- Бундай ҳолатларни камайтириш учун дарахтларга қандай ёрдам беришимиз мумкин?

- Мавсум аввалида қайси дарахтларга шакл берилган ва ортиқча шоҳлари буталанган бўлса, ўша дарахтлар камроқ зиён кўради. Шоҳлари синган дарахтлар яна қайта тикланади, аммо илдизи билан қўпорилган дарахтларга ёрдам қилишнинг имкони йўқ. 

- Мевали дарахтларга қай даражада зиён етди?

- Аксарият мевали дарахтларимиз гуллаб бўлган эди. Шунинг учун у қадар катта йўқотиш бўлди деб айта олмайман. Менинг ҳозирги кузатишимча 10-15 фоиз ҳосил зарар кўрган. Аммо айни кунларда энди гуллашни бошлаган ёнғоқ дарахти кўпроқ зарар кўрганлигини тахмин қилмоқдамиз.

- Бундай ҳодиса сўнгги маротаба қачон кузатилган?

- 2014 йил апрель ойида ( минус) -10 даражадан ҳам совуқроқ ҳарорат бўлган. Ўша йили ёнғоқ дарахтлари жуда кам мева берган. 4-5 йиллик новдалар эса бутунлай зарар кўрган. Тоғолди ҳудудларидаги ёнғоқ дарахтлари 2-3 йиллаб ҳосил бермаган эди.

ЎзА