« Back

Она табиат 16.04.2020 13:31

“Европага оққушлар, денгиз қирғоқларига дельфинлар, ўрмонларга пандалар қайтди, ажабмас динозаврлар ҳам қайтса...”

Бугун дунё аҳолиси бошига унутилмас бало келган дамлар. Тўғри, инсоният бундай балоларни бошидан кўп ўтказган. Аммо эпидемиялар ҳеч қачон шунчаки “келиб кетмаган”. Уларнинг ортида қанчадан-қанча йўқотишлар, иқтисодий инқирозлар юзага келган. Айни замон бутун жаҳон мамлакатлари коронавирус номли навбатдаги пандемияга қарши “кураш” олиб бормоқда. Миллиардлаб кишилар ўз уйларида қолишга мажбур бўлишмоқда.

 Одамлардан холи табиат эса эркин нафас олмоқда. Коронавирус инфекциясининг тарқалиши барча тирик организмлар илдизига “болта ураётган” бўлса-да, аммо экологияга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Олимлар фикрича, пандемия сабаб табиат “жонланаяпти”, ҳали кўз кўриб қулоқ эшитмаган табиат ҳодисалари юз бермоқда. Пандемиянинг экологияга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги саволларимизга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ислом ХУШВАҚТОВ батафсил жавоб беради.

— Экология коронавирус пайдо бўлишидан аввал қандай эди ва пандемиядан кейинги аҳвол ҳақида нима дея оласиз?

— Очиғини айтиш керак, бугунги пандемия муносабати билан юртимизда эълон қилинган карантин шароитида, шунингдек, баҳор фаслининг бошқа йилларга нисбатан сернам келиши сабаб атроф муҳит мусаффолашганини ҳар бир фуқаро ўз танасида ҳис этмоқда.

Биргина статистик маълумот, яъни 2019 йилда мамлакатимиздаги жами ишлаб чиқарувчи корхоналар ва автотранспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқарилган ифлослантирувчи моддалар миқдори 2,6 млн тоннани, очиқ сув ҳавзаларига ташланган оқава сув миқдори 2,4 млн м3 ни, ёки 7,3 млн тонна биргина маиший чиқиндиларнинг жойлаштирилганлиги атроф муҳитга қанчалик “босим” бўлганлигидан далолат беради.

 Бугун карантин шароитида муҳим бўлмаган корхоналар ўз фаолиятини тўхтатган, ҳаво кемалари учиши, темир йўл қатнови тўхтатилган, салкам 3 млн.га яқин авто-мототранспорт воситалари ҳаракати чекланган. Шундай экан, ушбу даврда табиат бир сўз билан айтганда “ҳордиқ” олмоқда.

Албатта, яқин кунларда халқимизнинг жипс сайъ-ҳаракатлари билан пандемияга барҳам берилади. Ушбу синов халқимизга яна бир бор атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, инсон иродасини тоблаб, жамиятнинг янада жипслашишига, қолаверса, экологик барқарорликнинг янги поғонага кўтарилишига ҳам хизмат қилиши, айни ҳақиқат.

— Мутахассислар фикрича, пандемия сабаб кўпгина давлатларда экологик вазият яхшиланган. Аммо бу иқлимнинг яхшиланишига ёрдам бера олмайди, дейилади. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз?

— Олимларнинг аниқлашларича, дунё мамлакатлари ўртасида ҳам ҳаво ва ер транспорт алоқалари, шунингдек, мамлакатларнинг ичида автомобиль, темир йўл ва авиа транспорти қатнови кескин камайгани натижасида, двигателлардан атмосферага чиқаётган ис газлари миқдори сезиларли даражада камайган. Натижада атмосферанинг кейинги 30-40 йил ичида ҳосил бўлган ифлосланиш даражаси кескин пасаяётганлиги кузатилмоқда. Қуёшдан Ер сайёрасигача (айниқса йирик шаҳарларга) авваллари етиб кела олмаётган шифобахш нурлар яна замингача етиб кела бошлади. Яқин бир ой ичида барча хавфли микроблар ва вируслар ҳалок бўлишига умид боғланяпти.

Яна бир ҳолат. Маълумки, очиқ сув ҳавзаларига ташланаётган ифлослантирувчи оқавалар нафақат атроф-муҳитга, балки инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир этиб санитар-эпидемиологик вазиятни мушкуллашишига олиб келади. Ҳозирда иқтисодий-ижтимоий унча аҳамиятга эга бўлмаган ифлослантирувчи оқавалар ҳосил қиладиган объектларнинг вақтинча тўхтагани ҳам санитар-эпидемиологик ҳолатни барқарорлашишига олиб келади.

Шу пайтгача ифлосланган атмосфера оқибатида коинотдан кўринмаган шаҳарларни кўриш имкони пайдо бўлди, дарё-ю денгизлар тиниқлашиб, асл қиёфасига қайта бошлади.

— Маълумотларга кўра, шу пайтгача Хитойда ҳаво ифлосланиши натижасида ҳар йили кўплаб одамлар ҳалок бўлишган экан. Профессор Маршалл Беркнинг таъкидлашича, охирги икки ой ичида Хитойда 5 ёшгача бўлган 4000 бола ҳамда 70 ёшдан ошган 73 000 кишининг ҳаёти сақлаб қолинганлиги аниқланган. Коронавируснинг экология, умуман инсоният билан боғлиқ яна қандай ижобий томонлари бўлиши мумкин?

— Ижтимоий тармоқларда инсоният тарихи икки даврга, яъни коронавирус пандемияси давригича ва ундан кейинги даврга бўлиниши эҳтимоли борлиги айтилмоқда. Албатта, бу шунчалик бир гуруҳ инсонларнинг шахсий фикри. Лекин, юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда пандемиянинг инсониятга таъсири аянчли эканлигини, айниқса кўплаб бегуноҳ инсонларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши, ёки инсонлар меҳнати эвазига барпо этилган иқтисодиётнинг таназзулга учраши, бу ҳақиқий фожиадир.

— Эпидемия пайти табиатда қандай ўзгаришлар бўлади?

— Эпидемия даврида ҳар қандай давлатда унинг кўламига қараб карантин ва фавқулодда вазиятлар чоралари қўлланилади. Юқорида айтилганидек, табиатга “босим” кескин камайиши натижасида, атроф муҳит тозалиги таъминланади. Бежизга эмас, куни кеча ижтимоий тармоқлардан бирида “Европага оққушлар, денгиз қирғоқларига дельфинлар, ўрмонларга пандалар қайтди, ажабмас динозаврлар ҳам қайтса...”, деган ҳазил сўзлар келтирилган.

— Экология яхшилангач, бу “сифатли ҳаво” қанча давом этиши мумкин?

— Карантин ҳам яқин кунларда бекор бўлади, корхоналар ишга тушади, транспорт воситалари ҳаракатга тушади. Лекин, инсоният глобал пандемиядан хулоса қилган ҳолда фаолият юритгандагина, бугунги кундаги мусаффо атроф муҳитни сақлаб қоламиз.

— Коронавируснинг ҳайвонот дунёсига қандай ижобий ёки салбий таъсирлари мавжуд?

— Пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин шароитида аҳоли пунктлари, шу жумладан йирик мегаполислар ҳам осойишталик ва сокинликка рўй тутади. Албатта, хотиржам жойда ҳар қандай мавжудот қўним топади. Бежизга эмас, бугунги кунда пойтахтимизнинг ўзида кейинги вақтларда оддий мусича, қалдирғочлар сони кўпайганлиги, қолаверса какку, қизилиштон, сўпитўрғай каби қушларнинг сайрашини мароқ билан эшитмоқдамиз.

— Пандемия билан боғлиқ дунёдаги ўзингиз эшитган ва кўрган воқеалар ҳақида гапириб берсангиз. Масалан, ёввойи ҳайвонлардан кийик ва чўчқалар шаҳар кўчалари бўйлаб кезиб юргани ёки Венеция каналларининг туби кўринар даражада тозалангани ҳақида маълумотлар мавжуд?

— Албатта. Тошкент шаҳрида тўнғиз, ёки кийикни кўриш даргумондир, лекин анҳорда бир гала ёввойи ўрдакларни кўрганимга, боғларда олмахонлар кўпайганига аминман. Ўтган йили Франция ва Голландия давлатларида хизмат сафарида бўлганимда ушбу манзарани кўриб, бизда ҳам шундай табиат бўлар эканми, деган хаёл назаримда ўтган эди. Ажабмас, экологик маданиятимиз юксалиб, Европа давлатларидагидек, ёввойи ўрдак ва ғозларни, кабутар-у олмахонларга қўлда озуқа улашсак, улар эса биздан асло чўчишмаса...

— Табиат одамлардан дам олаётган бир пайтда экологияда яна қандай ўзгаришлар содир бўлмоқда?

— Биолог сифатида айтишим керак, карантин даврида табиат одамлардан дам олаётган бир пайтда, айниқса ушбу мақбул об-ҳаво йил шароитида табиат эволюцияси жараёни табиий равишда тезлашади. Яъни, қулай шароит ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг генофондини сақлаб қолиниши билан бир қаторда, улар хилма-хиллигини ошишига замин яратади, янги табиий тур ва навлар яралади. Биологик хилма-хиллик эса инсониятнинг барқарор ривожланишига замин яратади.

- Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!

Нилуфар МУРОДОВА суҳбатлашди