« Back

Она табиат 11.06.2020 13:08

ТОШКЕНТИМИЗНИ БЕЗАГАН МАСКАН

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 1 июнь куни пойтахтимизнинг Сергели туманида барпо этилган «Flowers Garden Park» экологик боғи гўзал ва бетакрор шаҳримиз ҳуснига-ҳусн қўшиб, янги қиёфага эга бўлди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг бу боғни ёзнинг илк кунларида, шахсан ўзлари бориб очишларида чуқур рамзий маъно бор, албатта. Мазкур ташаббус, мамлакатимиз экологик ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳит озодалигини таъминлаш, ёш авлодда экологик тарбияни шакллантириш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг ажралмас қисми, деб айтиш мумкин.

Ушбу маскан Тошкент шаҳри туманларида замонавий услубда бунёд этилаётган истироҳат боғлари силсиласининг аввалгиси бўлиб, аҳолининг дам олиши учун қатор қулайликларга эга. Умумий майдони 10 гектар бўлган бу ҳудуднинг 5 гектари 6 мингдан ортиқ манзарали дарахтлар экилган боғ бўлса, 5 гектари ранг-баранг гуллар сотиш марказидир.

Эндиликда Тошкент ва пойтахтимиз меҳмонлари «Гул боғи»да табиатнинг гўзаллиги, ранг-баранг ва бетакрор ландшафтидан баҳраманд бўлишлари, саломатлик учун зарур бўлган кислороддан тўйиб нафас олишлари мумкин. Бу ерда тарих ва замонавийлик уйғунлашиб, миллий услубдаги турли меъморий қурилмалар ушбу сўлим масканнинг безаги бўлса, фаввора ва ёритиш мосламалар жилоси кўзни қувонтириб, кишига ўзгача завқ улашмоқда.

Бу ерга ташриф буюрувчилар нафақат анъанавий декоратив ўсимликлар, балки ноёб экзотик кўчатлар билан танишишлари ва уларни уй шароитида парваришлаш учун харид қилишлари ҳам мумкин.

Бир сўз билан айтганда, «Flowers Garden Park» экологик боғи янгиланиб бораётган Сергели туманининг келгусида диққатга сазовор қисми, замонавийлашиб бораётган шаҳримизнинг кўрки бўлиб хизмат қилиши аниқ.

«Яхшидан боғ қолар» деган тамойилга асосланиб ҳаёт кечириб келаётган доно халқимиз томонидан бу каби саъй-ҳаракатлар доим муносиб қарши олинган ва эъзозланган. Шу сабабдан, барчамиз бу борада олиб борилаётган сиёсатни тўғри тушуниб англаган ҳолда келгусида мамлакатимиз равнақи, экологик ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳитни покиза сақлаш йўлида жипслашишимиз, она заминимизни келажак авлодга бенуқсон етказишимиз зарур.

«Биз келажак учун жавобгармиз!» деган шиор остида ҳаракатланаётган Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимиз олдида турган ушбу масалаларни ижобий ҳал қилишда камарбаста бўлган ягона сиёсий куч сифатида халқимиз томонидан эътироф этилган. Шу сабабли партия ўзининг мақсад ва вазифаларини босқичма-босқич амалга ошириб, электорат олдида берган ваъдаларини сидқидилдан бажариб келмоқда.

Жумладан, “5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит куни”га бағишланган Тошкент шаҳрида  2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадлар  ҳамда  Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати бўйича жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад – экология ва атроф-муҳит муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратиш ҳамда инсоннинг табиий ресурсларга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартиришдан иборат.

Севара ФАЙЗИЕВА,
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти раиси в.б.,
Гулсанам АЛИХОНОВА,
Тошкент шаҳар партия ташкилоти бош мутахассиси