« Back

Она табиат 18.07.2020 13:43

«Қизил қопчадаги ун» ёхуд болалар учун янги таом

Юртимизнинг мўътадил иқлими, саховатли замини қишлоқ хўжалигининг барча йўналиши, айниқса, боғдорчиликни ривожлантириш учун жуда қулай. Ҳозирда ҳудудларнинг табиий имкониятини ўрганган ҳолда, янги боғлар барпо этиш орқали аҳоли даромадни ошириш чоралари кўрилмоқда.

Бунда эса олимларимиз олиб бораётган изланишларнинг ўз ўрни бор. Айни вақтда Тошкент давлат аграр университетида ҳам бир қатор тадқиқотлар олиб борилмоқда. Улардан бири унаби етиштириш.

– Уч йил аввал халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ишлаб чиққан лойиҳага кўра, тажриба майдонимизда 16 хилдаги унаби етиштирилмоқда, – дейди Тошкент давлат аграр университети илмий ходими Мусурмон Очилов. – Янги навларнинг пўсти жуда юпқа бўлиб, истеъмол учун қулай. Ҳозирда уларни юртимиз шароитида экиш муддатлари, пайвандлаш, сувсизликка чидамлилиги каби жиҳатлари ўрганилмоқда. Айрим навларда учинчи йилдан нишона ҳосил кўринди.

– Бу кўчатлар юртимизга мослаштирилган навлар бўладими ёки...

– Улар мослаштирилган нав бўлади. Қурғоқчиликка чидамли бўлгани учун жанубий вилоятларга татбиқ этиш мўлжалланмоқда. Яна бир жиҳати улар дунёда севиб истеъмол қилинади.

– Кўпчилик зўр деб мақталган янги экин турини экишдан қўрқиб қолган. Аввалига мақтаймиз кейин харидор чиқмайди. Хабарингиз бор, қалампир билан шундай бўлган эди. Хўп, унабини эккан деҳқон нима фойда кўради?

– Плантациялар яратиш учун аввало кўчатлар етиштириш керак. Ҳозирга қадар улар кўпроқ хитойдан олиб келинган. Лойиҳа доирасида хитойни ўргандик. Ҳар бир деҳқон 20 сотих томорқасидан йилига 5-10 минг доллар атрофида даромад қилар экан. Шу боис биз ҳам уни томорқа эгаларига таклиф қиламиз, қўшимча даромад манбаи сифатида.

– Шунда унабини қандай тарзда сотиш мумкин? Уни томорқаларда етиштирсак, келгусида экспорт қилиш имкони қандай?

– Унаби деганда кўпчиликнинг кўз олдига қуритилган мева келади. Лекин уни пишган вақтида олмага ўхшаб, ҳўл мева сифатида истеъмол қилинадиган турлари ҳам бор. Демак, витаминларга бойлиги билан жуда муҳим.

– Ўзимизда қон босимини туширишда фойдали деб айтилади?

– Шундай, ошқозон, ичакларга ҳам жуда фойдали. Хитойда у нон ўрнида ҳам тановул қилинади. Унга илоҳий мева сифатида қарашади. Шу боис биринчи навбатда аҳолини истеъмол маданиятини ошириш керак. Чунки, унаби соғлиқ учун жуда фойдали. Унга хорижда ҳам харидорлар етарли. Россия, АҚШда ҳам катта майдонларда етиштирилиб, экспорт қилинади. Харидор етарлича бор.

Момою боболаримиз «қизил қопчадаги ун»га қиёслайдиган чилонжийданинг кони фойда. У дастлаб нисбатан камроқ мева тугса, 18-20 йилларда ҳар бир дарахтдан 40 — 45 килограммгача доривор мева териб олиш мумкин. Бошқача айтганда, ҳосилдорлик гектарига ўртача 15 тоннани ташкил этади. Демак, очиқ майдондан олинадиган даромад бўйича унабига тенг келадиган мевали дарахт бўлмаса керак.

Университетнинг тажриба майдонида етиштирилаётган яна бир ўсимлик киноа деб аталар экан. Унинг фойдали жиҳатлари билан қизиқдик.

– Киноа ўсимлиги Ўзбекистонда биринчи марта экилди, – дейди докторант Муножат Нормуродова. – У дунёнинг 80 ортиқ давлатида етиштирилмоқда. Биз бир йўла 186 нави устида илмий изланиш бошладик. Жанубий Америкадан олиб келинган бу навлар тошлоқ ерларда ҳам яхши ўсади. Шунинг учун янги ерларни ўзлаштириш, ҳосилдорлигини ошириш мақсадида улар синалмоқда. Ҳар бир навнинг кўриниши, барги, ўсиши каби алоҳида хусусиятлари бор. Кўриниши ҳам ҳар хил.

– Кўриниши ҳар–хил, бир-бирига унча ҳам ўхшамас экан. Улар чорва учун етиштириладими?

– Ҳа, кўриниши, гуллаш даражаси ҳар-хил. Уруғланиш муддатлари ва мева бериши ҳам турлича. У инсонга ҳам, чорвага ҳам керак. Уруғидан тайёрланган ундан болаларга тўйимли каша тайёрлаш мумкин. Барглари эса лавлаги ва исмалоқ ўрнини босади. Шохлари ва новдалари ем-хашак бўлади. Вегетация вақти 90 кун. Биз 15 апрелда экдик, 15 августгача ҳосилни йиғиб оламиз.

– Демак, уруғидан яъни мевасидан болалар учун каша қилинади. Баргидан таом тайёрлаш мумкин?

– Одатда исмалоқдан сомса тайёрлаймиз. Ундан ҳам сомса, чучвара, хоним, манти пишириш мумкин. Бир гектардан 3 тонна ҳосил олиш мумкин. Дунё бозорида бир килограмм уруғи 3 долларга баҳоланади. Таркибида макро ва микроэлементлар, витаминлар, турли ёғлар мавжуд.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, Марказий Осиё минтақаси озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида айрим муаммоларга дуч келмоқда. Жумладан, ер суғориш учун сув етишмаслиги, тупроқ емирилишининг кучайиши, ҳосилдорлик 20-30 фоизга пасайиб кетаётган бир шароитида аҳолини юқори оқсилли маҳсулотлар билан таъминлаш зарурати пайдо бўлмоқда. Бунда эса шўрланишга бардошли янги ўсимликларни жорий этиш муҳим аҳамият эга.

Сайёра Шоева,
ЎзА