« Back

Она тилим 15.04.2020 13:25

Она тилимизнинг бор жозибаси қуёшдек порлаши керак!

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида“ги қонун жорий йилнинг 10 апрель кунида, яъни буюк бобокалонимиз, маънавиятимиз, она тилимиз фидоийси Абдулла Қодирий таваллуд топган санада қабул қилинди.

Ўйлайманки бунда ҳам гўзал бир рамзийлик, муаззам бир боғлиқлик бордек...

Аёнки, ўзбек романчилигининг тамал тошини қўйган улуғ адибимизнинг асарларида она тилимизнинг бор жозибаси қуёшдек порлаб турибди.

Демоқчиманки, Президентимизнинг халқимизни китобхонликка, маънан юксалиш ва маърифатга, теран идрок ила ўқиб изланишга муттасил чорлашида, бу қарорнинг шу санада қабул қилинишида ҳам улуғ ҳикмат кўргани шубҳасиз.

Не бахтки, 21 октябрь энди мамлакатимизда она тилимизнинг маърифат айёми сифатида катта шодиёна билан кенг нишонланади.

Бутун мамлакат, халқимиз синовли кунларни бошдан кечираётган ушбу мураккаб паллада “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида“ги қонуннинг имзоланиши ҳар қандай шароитда ҳам тил, маънавият масалалари давлатимизнинг доимий эътибор марказида эканини яна бир бор исботлади.

Ҳозир ҳам аниқ эсимда. Ўтган йили 21 октябрь куни Президентимизнинг ўзбек тилига, давлат тили мақоми берилганига ўттиз йил тўлиши муносабати билан тантанали йиғилишдаги нутқидан залда ҳаяжонланган жамики иштирокчилар каби мен ҳам тўлқинланиб кетгандим.

Мана, орадан қарийб олти ой ўтди. Бу борада, қандай янгиланиш бўлди, нималар ўзгарди? Аввало ўзбекман, шу миллатнинг бир вакилиман деган ҳар бир одамнинг қалбида, шуурида нимадир ўзгариши, туғёнга келиши зарур. Тўғри ўзбек тилшунослиги бўйича тадқиқотлар фаол олиб борилмоқда. Лекин амалда-чи? Эндиликда Ташкилотлардан келаётган хатлар давлат тилида ёзилади, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилади.

Хуллас, бу борадаги эзгу ишлар кўлами тобора кенгаяди.

Оддий одамлар онгида тилга муносабат қай йўсинда ўзгаради? Тилимиздаги ярим чала русча-ўзбекча сўзлашувлардан, бемаъни, ғализ иборалардан тобора, босқичма босқич халос бўлиб боришимиз шарт ва зарур.

Баъзан докторликка “даъвогарлар“ ярим олимларнинг илк қораламасига кўзим тушиб қолади.

Умумтаълим мактабини эндигина тугатган ўқувчи даражасидаги, умрида китоб варақлагани ҳам шубҳали, билимидан кибри устун, чала ўзбек бир касга дуч келаман. Ахир мактабда ҳам муаллимлар саводга ўргатади-ку?!

Ёки, кўча-кўйлардаги, дўкон, савдо расталари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, бекатлар, рекламалардаги русча, инглизча “битиклар“ни деярли ҳар куни кўрамиз, ҳатто хаёлимизда ҳам заррача қаршилик қилмаймиз.

“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида“ги қонуннинг қабул қилиниши эса ҳар биримизнинг она тилига бўлган муносабатимиз ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўриш вақти аллақачон етганини яна бир бор эслатиб қўйди деб ўйлайман.

Бу қарор она тилимизга ташқаридан холис назар ташлаш, теран таҳлил этиш имконини берди, ва шу билан янада қадрли бўлди.

Энди рақамларга мурожаат қилсак. 2020 йил 5 март куни Тошкент шаҳридаги марказий кўчалардаги реклама баннерлари, эълонлар ва пешлавҳадаги ёзувларни ҳолати ва юқорида келтирилган ҳужжатларга мослиги юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси ҳамда Давлат тилини ривожлантириш департаменти вакили билан ҳамкорликда ўрганиш ташкил этилди. Ўрганиш Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Шайхонтоҳур, М.Улуғбек, Миробод, Яккасарой туманларида олиб борилиб, марказий кўчалардаги ташқи рекламалар, эълонлар, пешлавҳалар, тўйхона ва кафеларнинг номлари ўрганилди.

6 март куни Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси тузилмасидаги “Архитектура-режалаштириш бюроси” ДУК билан ҳамкорлик ўрнатилиб, Тошкент шаҳрида реклама агентликлари, реклама шитлари ва экранлари сони, уларнинг ҳолати юзасидан мулоқот олиб борилди ҳамда ҳамкорлик режалари келишиб олинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида маслаҳатчи ташаббуси билан шаҳарда ташқи рекламалар билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти вакилларининг 10 дан ортиғи билан учрашиб, “Давлат тили ҳақидаги” Қонун ва юқорида келтирилган Фармон ва Қарорларнинг мазмун моҳияти ва бугунги кун талабларидан келиб чиқиб фаолият олиб бориш лозимлиги, шунингдек реклама берувчи тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг вакиллари билан мунтазам тушунтириш ишларини йўлга қўйиш таъкидланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги 117-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари ҳамда республикада доимий истиқомат қилаётган бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли, шу жумладан хорижий фуқаролар учун Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказини Тошкент шаҳрида ташкил этиш юзасидан давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУКга тегишли кўрсатма берилди. Бугунги кунда Марказни ташкил этишда Тошкент шаҳрида бўш турган ва фойдаланилмаётган бинода фаолиятини олиб бориши бўйича жойлаштириш ишлари кўрилмоқда.

Март ойи давомида 30 га яқин Тошкент шаҳар ҳокимининг Қарорлари қабул қилиниб, ушбу қарорлар юқорида тилга олинган қонун ҳужжатларига мувофиқ келиши юзасидан давлат тилини бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси томонидан кўриб чиқилди.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан 2020 йил 10-12 март кунлари мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларидаги ҳолати юзасидан 3 та ишчи гуруҳлари тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Ишчи гуруҳига Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат Педагогика университети, Тошкент давлат Шарқшунослик институти ўқитувчи ва профессорлари жалб этилди. Ўрганишлар 10 март куни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур ва Миробод туманлари, 11 март куни Чилонзор, Учтепа ва Олмазор, 12 март куни Юнусобод, Яшнобод, М.Улуғбек туманларида олиб борилди.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Тошкент шаҳрининг барча кўчалари, хиёбонлар ва дам олиш масканларида Наврўз байрами шукуҳини билдирувчи эълонлар, мадҳ этувчи шиорлар, байрам табрикларини жойлаштириш юзасидан баннерлар намунаси ишлаб чиқилиб, матни кўриб берилди ҳамда шаҳримизнинг сўлим кўчалари ва хиёбонларига илинди.

18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда кўрилган масалалар ва унда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, йўналишга оид фаолият белгилаб олинди, шу билан бирга туманларда ҳоким маслаҳатчиларини штатларини зудлик билан ташкил этиш ва иш фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан Департамент томонидан топшириқ хатлари олиниб, туман мутасаддиларига етказилди.

19-21 март кунлари Тошкент шаҳрининг Оҳангарон, Махтумқули ва Паркент кўчаларидаги ташқи реклама баннерлари қонун ҳужжатларига мослиги ўрганилди. Оҳангарон кўчасидаги 8 реклама баннери олиб ташланиб, ўрнига ижтимоий аҳамиятга эга бўлган баннерлар илинди. Шунингдек Маҳтимқули кўчасидаги қуриш объектлари, Яшнобод туманидаги янги уч қаватли кўприк атрофидаги “автосервис”, авто ювиш шохобчаси, “Шош” ресторани, “Тузель” бозори атрофидаги кафе масъуллари билан гаплашилиб русча бўлган реклама ва эълонларни тушунтириш орқали олиб ташланиб, тартибга келтирилди. Санаб ўтилган кўчаларда жами 82 та русча эълон ва пешлавҳалар олиб ташланди.

Шу билан бирга Юнусобод туманида янги йўлга қўйилган метро йўналишидаги бекатлардаги номлар, эълон ва кўрсатма пешлавҳалари ҳам мутасадди масъуллар билан биргаликда ўрганилиб, хато-камчиликлари бартараф этилди.

Шаҳар ҳокимлиги бошчилигида шаҳар кўчаларида Эркин Воҳидовни тил борасидаги сўзлари акс этган баннерлар бир нечтаси илинди.

“Тасвирий ойина” уюшмаси билан ҳамкорликда 15 дан ортиқ ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташқи реклама баннерлари шаҳар кўчаларига илиниб, бугунги кунда Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маънавият маркази билан ҳамкорликда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳамда давлат тилини нуфузини кўтаришга хизмат қилувчи баннерлар тайёрланиши режалаштирилган.

Шунингдек департамент ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг барча туманларида жамоат жойлари, кўчалар, бинолар пештоқидаги турли лавҳа ва эълон ҳамда реклама баннерлари қонун ҳужжатлари талабига мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилаётган фаолият “Ўзбекистон 24” телеканали орқали ёритиб борилиши юзасидан ҳам режа ишлаб чиқилган.

Акмал РЎЗИТОЕВ,
Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича маслаҳатчиси