« Back

Она тилим 14.09.2020 19:44

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

Агар тил маданият кўзгуси бўлса, халқнинг моддий, маънавий ва маданий савияси, биринчи навбатда, унинг тилида намоён бўлади.  Ўзбеклар ўз тилларида (бир неча алифбода) жуда кўп бадиий, тарихий-филологик, жуғрофий ва бошҳа ёзув ёдгорликларини яратганларки, улар ўзбек адабий тили тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Ўзбек халқи маданияти тарихи тараққиётида ўзбек адабий тили улкан роль ўйнаган. Ўзбек (туркий) тилида даврлар оша ёзилган бадиий, тарихий, илмий ёдгорликлар умумхалқ тилининг энг яхши хусусиятларини ўзида сақлаган бўлиб, халқимизнинг қадимги маданиятини акс эттирган обидалар ҳам ҳисобланади. 

Бизгача етиб келган обидаларни кузатиш орқали халқимиз тарихи ва тилимиз тарихий тараққиётига оид кўпгина қимматли маълумотларга эга бўламиз. XI — ХIV асрларда яратилган асарларнинг кўпчилиги туркий халқларнинг муштарак меросидир. Бунга Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг", Маҳмуд Кошғарийнинг "Девону луғатит турк", Аҳмад Яссавийнинг "Ҳикматлар", Аҳмад Югнакийнинг "Ҳибатул ҳақойиқ", Хоразмийнинг "Муҳаббатнома", Қутбнинг "Хусрав ва Ширин", Рабғузийнинг "Қиссаси Рабғузий", "Наҳжул Фародис", "Меърожнома” каби асарларни кўрсатиш мумкин. 

Тил ижтимоий ҳодиса сифатида жамият тараққиётининг барча йўллари билан узлуксиз боғланган.

Шундай экан, тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзаги бўлиб, тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинди. Бош Қомусимизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб белгилаб қўйилган. 

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун - 21 октябрь санасининг «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган буюк ислоҳотларнинг юксак самараси, мустақил Ватанамиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маданий, маънавий ҳаётидаги улкан воқеадир.

Ушбу муҳим ташаббус давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ўз ифодасини топган.

Ўзбек тили ўзининг қадимий ва бой тарихида ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг бугунгидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган. Бу «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» дадил қадам қўйган Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг юксак самараларидан. 

Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек,  “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.

“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши тарихий адолатнинг тикланиши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг мустаҳкамланиши ва Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати