« Back

Она тилим 26.09.2020 14:20

ТИЛ – МИЛЛАТ ҒУРУРИ

Тил – миллат қудрати, халқни бирлаштирувчи, унинг жаҳон давлатлари  ўртасидаги мавқеини англатувчи, ўзлигини, миллий қадриятларини намоён этувчи бебаҳо бойлик.

Тилнинг такомиллашиб, ривожланиб бориши миллатнинг ўз тилидаги сўзларидан кўпроқ фойдаланиши, четдан кирган атамаларни кўр-кўрона қабул қилмасдан, унинг ўз тилидаги, шеваларидаги мавжуд шаклларини бутун тилга жорий этишга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ахир четдан ўзлашган сўзлар ҳам ўша тилдаги бирор шевага тегишли. Миллатнинг тилидаги товушлар, ўзига хос томонлар, сўз қулайлиги ҳисобга олинса, ўзлашма сўзлардан сўзлашув луғатида камроқ фойдаланилган бўларди. Агар сўз элнинг тилидан чиқса, юрагидан, жон-жонидан чиққанидир. Шундагина сўз ифоданинг жозибасини кўрсата олади.

Маълумотларга назар солсак, бугунги кунда дунё аҳолиси 7111 тилда сўзлашади. Бу тиллардан атиги бир фоизи (70та тил)да дунё аҳолисининг 90 фоизи гаплашади. Бундан келиб чиқадики, қолган тиллар миллатнинг бепарволиги, босқинлар, тазйиқлар таъсирига тушгани сабабли йўқолиб бориш арафасида. Ғурур билан айтиш мумкинки, ўзбек тилимиз мана шу 1 фоиз фаол тиллар қаторига киради ва  унда ер юзида 40 миллионга яқин аҳоли сўзлашади. Европа ва Осиёдаги қатор давлатлар, Туркия, Хитой, Россия, Эрон, АҚШ, Мўғулистон каби давлатларда ҳам ўзбек тилида сўзлашувчи кўп сонли аҳоли яшаб келмоқда. Қадимданоқ кучли қудратга эга давлатлар маълум бир халқни бўйсундириш йўлида уларнинг тили ёки динига турли кўриншдаги тажовузлар уюштиришган. Бугун эса “Жаҳон тили” дея дунёнинг қудратли давлатлари ўз тилларини бутун дунёга ёйиб, баъзида шу тилни билмаслик “уят” деган қарашни шакллантиришмоқда. Ачинарлиси, юртимизда ҳам бу ҳолатлар учрамоқда. Масалан, рус тилини билмаслик  гўё “шармандалик” ёки ўзи ўзбек бўлса-да рус тилида сўлашишни ўзига обрў деб биладиганлар талайгина. Кўчага чиқиб пештахталардан ўзбек тилида ёзилган эълон ёки реклама қидириб кўрсангиз айрим ҳолларда умуман топа олмайсиз ёки бўлса ҳам хато ёзилган бўлади. Мисол учун, “Қассоблик дўкони” ўрнига “Кассоблик дўкони”, “Гўзаллик салони ” эмас “”Гузалик салони”, “Ёнилғи қуйиш шохобчаси” эмас “Ёқилғи қуйиш шахобчаси” (маълумот ўрнида ёнилғи – суюқ модда, суюқ ёқилғи. Шу каби маъно ва имло жиҳатдан қилинаётган хатолар тилга бўлган ҳурматсизлик ва саводсизликнинг намунаси ҳисобланади.

Ўзбек тилидаги одам исмларини ҳам сақлаб қолиш лозим бўлмоқда. Ўз отларимизни шундай қадрлайликки, бошқа миллатлар ҳам шу исмларни фарзандларига қўйишсин. Худди биз ажнабий отларни болаларга бир умрга қўйганимиз каби. Барчин, Элбек, Қалдирғоч, Қундузой, Ўткир, Учқун, Ёлқин, Ёрқин, Турон, Ойдин, Теша, Турғун исмларни қўйиш орқали миллийликни сақлаб қолиш мумкин. Мамлакатимиз пойтахтига ташриф буюрсангиз баъзи қадимий жой номлари Аҳмад Дониш, Бобур кўчаси, Сайрам бозори, Собир Абдулла, Абдулла Қодирий, Дўрмон, Дўмбирабод, Қозиробод, Камолон кабиларга кўзингиз тушиб  фахр туйғусини ҳис этсангиз, Собиқ иттифоқ туфайли рус тилидаги арбоблар номига қойилиб ҳозирда бошқа ўзбекча ном билан аталишига қарамасдан “Максим Горкий”, “Жуковский”, “Боткина”, “Сиолковский”, “Чкалов” ва ҳоказо дея ишлатилиши ачинарли, оғриқли. Инсонларнинг тили ва онгига ўрнашиб қолган “Северний вокзал”, “Панелний”, “Медгородок” “Автодорожний институт” каби айтилмаса бу жойларни қаерда эканлигини билишмайди ҳам. Ҳозир замон ортидан замонавийликни ўзига либос қилиб олган аксарият инсонлар сўзларни бузиб  ўзбек тилида муқобили бўлсада “конечно”, “именно”, “так что”, “тем более” деб айтишади. Аслида ўзлари ҳам ўзбек тилидаги маъносини яхши тушунмай туриб “мана мени кўриб қўй, рус тилини биламан” деб пеш қилгандай туюлади. Бу ҳолатларнинг олдини олиш, тилимиз равнақини сақлаб қолиш мақсадида 2020 йил 15 сентябрдан бошлаб “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Ушбу қонуннниг 19-моддасида Ўзбекистон фуқаролигига умумий тартибда қабул қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида ариза топширган шахснинг давлат тилини мулоқот даражасида билиши ҳам киритилди.

Бизнинг миллий қадриятимиз негизи бўлмиш она тилимизнинг тарихига назар солсак, Алишер Навоийни англасак тилимизнинг юксак хазиналигини кўрамиз. Бу тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тадбирдаги нутқида: “….Кимда-ким ўзбек тилининг  бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг  сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин” деган эди. Зеро, милий достончилик намуналари бўлмиш “Алпомиш”, “Рустамхон”, “Равшан” достонлари ва оғиздан-оғизга ўтиб келаётган “Ёр-ёр”, “Алла” кабиларни тинглаган инсон қалбида тилига бўлган меҳри ошади.

Тилгина миллатни сақлаб қолиши мумкин. Тилгина ўзи тегишли бўлган халқнинг асрий қадриятлари, анъаналарини омон сақлаб аждодларга етказиши мумкин. Шундай экан, тиимизни тоза асрашга ҳар биримиз интилишимиз лозим.

Гулнора ШЕРМАТОВА,
Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси