« Back

Она Ватан 28.08.2020 14:02

ВАТАН НИМА ДЕГАН САВОЛГА НИҲОЯТ ЖАВОБ ТОПГАНДАЙ БЎЛДИМ, АММО...

Инсоннинг эртанги кунга бўлган ишончи, қувончу, ширин ташвишлари замирида аслида Ватанга бўлган муҳаббат мужассам десак, хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз бежизга “Қилаётган амалларимиз хайр-барокотли, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин”, дея дуо қилишмайди.

Бир қарашда соддагина ҳамда деярли ҳар кун эшитиб ўрганиб қолганимиз ва ҳаёт синовларидан ўтган ушбу дуонинг таг-замирида эртанги қувончимиз - бевосита юртимиз тинчлиги, Ватанимиз ривожи билан чамбарчас боғлиқ деган маъно мужассам.

Шу тобда мамлакатимиздаги умидли ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, «Келажакда, у ёки бу соҳани етук мутахассиси бўлиб, Ватаним равнақига ўз ҳиссамни қўшаман» ёки «Мусобақада албатта ғолиб бўлиб юртимиз байроғини юқори кўтараман» деган сўзларни кўзи ёниб айтади. Албатта, бу сўзлар бизга қанчалик баландпарвоз бўлиб туюлмасин, аслида улар самимий, қалбдан чиқаётган, беғубор иборалардир.

Инсоният бор экан, унга рағбат (stimulus), эртанги кунга ишонч бераётган – Ватанга бўлган муҳаббат ёки Ватаннинг ўзи нима деган саволга жавоб изланаверади. Биз ҳам ушбу мавзу доирасида бироз сўз юритсак ўринли бўлади.

Тан олиш керак энг кўп гапириладиган, ёритиладиган ё бўлмаса, қаламга олинадиган мавзу ҳам айнан шу, барча бирдай тенг фикр билдириши мумкин бўлган ёки инсониятнинг даҳою-фақирлари юрак сўзларини билдирган, таъриф-тавсифлар берган мавзу (тушунча) ҳам айни шу десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Агар ўтган давр оралиғида, яъни, ақлимни таниганимдан бери тахминан ўттиз-ўттиз беш ёшимгача Ватан ўзи нималиги, уни бир тугал таърифи борми деган савол юзасидан таассуротларимни содда, бадиий – публицистик ва салгина образли қилиб ифодалаб берсам, уларни қуйидагича келтириш мумкин:

«Ватан»ни «Авесто»дан изладим, Спитамен суратига термилиб, чуқур ўй сўрдим, Қултегин ва Билгахоқон битигига кўз югуртирдим, Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг»идан, Бухорийнинг «Ал- Жомеъ-ас саҳиҳ»ию, Термизийнинг «Суннан Термизий»сидан. Шу савол жавобини Фаробийнинг «Фозил одамлар шаҳри»дан, Берунийнинг глобусидан, унинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлари»дан, Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»дан, Марғилонийнинг «Ал ҳидоя»сидан, Хоразмийнинг «Ал-жаъбр вал-муқобала»си ҳамда «Китоб сурат ул-арз»идан, Фарғонийнинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум»идан изладим.

Мангубердидан «сўрадим», унинг сафдоши Темурмалик ҳам чуқур ўйга толди, кекса Кубро эса, отга қамчи солди, «Ё Ватан ё шарофатли ўлим» , - деб қолди.

Ватанни ҳамон таърифлолмай, Амир Темурнинг мозий салтанатига термилдим, «Темур тузуклари»ни варақладим, Улуғбекнинг «юлдузлари»дан, Навоийнинг ғазалидан, «Хамса»си, бари-бари асаридан, Бобурнинг кўз ёшидан томган рубоийлари, «Бобурнома»сидан, Авлонийнинг «Алифбосидан», Фитратдан, Беҳбудийдан, Чўлпоннинг «Кеча ва кундузи» ва «халқидан», Қодирийнинг «Ўтган кунлар»идан, Усмон Носирнинг хотиротидан, Ислом Каримовнинг «Келажаги буюк Ўзбекистон»идан, Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим»идан, Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон»идан” ўқидим.

Улар Ватанга берган таърифлар турли-туман, чек-чегараси ва ўхшаши йўқ, шу билан бирга, уларнинг барчаси ҳақ...

Яна айтишдики, «Ватан - ҳеч кимга берилмас маъводир, душманнинг оёғи қирқиладиган табаррук тупроқ. Ватан Она экан, яхшию ёмон боласин тишида тишлаб ўтар экан Ватан. субҳидамда, чол тушда, узун тунда тараладиган Она алласи экан Ватан!»

Ватан - ота юрт, аждодларинг кўмилган қабристон, мунғайган пастаккина томли уй экан... Ота-онанг излари қолган кўчалар, биринчи бор қорни кўрган, ўйноқи қорга ҳайратланиб термилган жойинг экан Ватан. Ватан - биринчи бор баҳорни таниган, илк бор варрак учирган, биринчи марта ҳайитлик олган еринг, биринчи муаллимингни, биринчи муҳаббатингни таниган макон экан - Ватан.

Давом этдиларки, “Ватан ордир, номусдир, қомусдир, шарафдир-шондир. Ватан – опа-сингил, ака-ука, қариндош уруғим... Ватан жигаргўшаларим юрти, отамни, мени ва фарзандимни тебратган бешик, ана шу табаррук бешик излари чизилган замин, ана шу муқаддас бешикнинг ғичирлаган куйи экан – Ватан! Акам билан пойга ўйнаб кирар ҳовли-эшик экан Ватан. Ҳа чиндан ҳам ўхшаши йўқ экан Ватаннинг, илоҳий тушунча экан Ватан. Ватан саждагоҳ экан, онам каби қиблагоҳ, отам каби тоғ экан Ватан.

Мурғак синглимни асраган каби муҳофаза қилинадиган, акамдан ғурурланган сингари ғурурланадиган, укамдан фахрлангандек фахрланадиган, она ва опамнинг ибосидай пок хилқат экан Ватан! Фақат одамларигина эмас, бир сиқим тупроғининг иси ҳам азиз экан Ватаннинг.

Ватан - водий, теп-текис қумликлардан иборат чўлу биёбон - бетакрор манзаралар, боғлар, анҳору сойлар, тўрт фаслининг беқиёс об-ҳавоси билан мўътадил, серқуёш макон экан.

Хуллас, хизматкор ҳам ижодкор ҳам санъаткор ҳам, Ватанни севгисига мушарраф бўлишни ўзига саодат деб биларкан. Берилган барча таърифлар хаёлим қатларида бир-бир гавдаланди, садо бериб изма-из ўта бошлади. Бир неча йиллар давомида тафаккуримда чархланган соддагина ўз таърифим ҳам Ватан борасидаги тавсифларга қўшилиб, онгу-шууримда жуда катта ғалаён қилди.

Ватан нима деган саволимга ниҳоят жавоб топгандай бўлдим! Бундан қувондим.

Бироқ, кўнглим, Ватанга берилган барча таърифларни ҳали тугал эмас, деб қолди. Тугал жавобни топа олмадинг, деб қатъий туриб олди... Ундан қаттиқ ранжидим. Энди кўнглим билан тортишмоқдан ўзга чорам йўқ...

Ҳаётим давомида Ватанни англаш учун кўрган-билганларим, эшитган-ўқиганларим, йиққан маълумотлар, даллилар, улар асосида ёзилган ҳамда уни англаб етиш ва таърифлаш учун сарфлаган меҳнатларим камми дедим?

Албатта кам – деди кўнглим. Ундан баттар ранжидим.

Негаки, мен, юрт тарихини яхши ўзлаштирган, ўзлиги ва айниқса, Ватанини тўла англаган, севадиган, юртининг ҳар бир қарич ерини беш қўлдай биладиган инсон дея ўзимни баҳолаб юргандим.

Лекин, кўнглимнинг эътирози бошимни хам қилди, мени уялтириб қўйди. Ноилож, кейин кўнглимни жеркиб бериб, унинг ўзини саволга тутдим.

– Эй, кўнглим унда ўзинг айт, Ватан нелигин?

У деди: Ватан ҳеч бир таърифга, ҳеч бир ташбеҳга сиғмайди, уни изоҳлаб берадиган тушунча йўқ! Ватан изоҳ доирасида эмас! Ватан бу - менинг мулким, – деди. Сенга ўхшаш, сенданда минг карра улуғ инсонлар ҳам бу заминга келган ва келаверади. Уларнинг сон-саноғи, адоғи йўқ. Улар ҳам Ватанга, яъники менинг мулкимга тугал таъриф топмаган ва топмаслар. Шу асосда сен ҳам асло ранжима! Билгинки, менинг мулким – мендадир, яъни англагинки, шунинг учун унга тугал таъриф фақатгина уни севувчи қалбларда мужассамдир... Тўғрида, ҳар бир инсоннинг қалбида ўз «Ватани» бор...

Бугун ёшим қирқдан ўтиб, Ватанга бўлган муҳаббат аслида ҳар бир шахс – инсоннинг қувончи, унга ҳақиқий рағбат берувчи бебаҳо неъмат эканлигини янада чуқурроқ англаб бораяпман.

Агар санъаткор ўзи куйлаётган сўзларининг маъносини тўла англамай туриб ёки сўзни тўғри талаффуз қилмай Ватан, Ватан деб сохта нола қилса, жаҳлим чиқади. Ватан сўзи муқаддаску, нега тил учида айтасан? Ватанга муҳаббат илоҳийку, нега ноланг қалбдан чиқмайди? Ҳадиси шарифларда келтирилганидек, «Энг кучли муҳаббат яширин муҳаббатдир», «Ватанга муҳаббат иймондандир», шундай экан, ўша муҳаббатни «ёв»лардан яширмай ошкор айтишга жазм этибсан, нега унда иймон билан айтмайсан? Нега қўшиғингда Ватанга бўлган чин ишонч сезилмайди?!

Кўп кузатганимиз - айримлар ўз хизмат ёки лавозим вазифасини адо этаётиб, «Ватан равнақи, юрт фаровонлиги йўлида тинимсиз, кечаю-кундуз ишлаябмиз» деса, бу сўзлар эриш туюлади? Уларга қарата «аслида бу бурчингиз, сизга ишонч билдирган халқ ва Ватан олдидаги хизмат вазифангиз эмасми», дегим келади.

Шунинг учун ҳам ўз манфаатини юрт манфаатидан устун қўядиганларга тоқатим йўқ, ким бўлишидан қатъи назар, билибми ёки билмайми жонажон Ватанимиз шаънига хоҳ ичкаридан, хоҳ ташқаридан бўлсин, салбий сўз айтадиганларни, келтирадиганларни ёхуд ана шундай муҳит яратишга уринаётганларни, халқаро майдонларда унинг номига соя солмоқчи бўлганларни кўргани кўзим йўқ...

Қилаётган эзгу амалларимиз хайр-барокотли, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, кириб келаётган эзгу ва қутлуғ айём – Мустақиллик куни барчамизга муборак бўлсин!

Нуриддин Муродов,
ФИБ Учтепа туманлараро суди судьяси