« Back

Онлайн анжуман 06.05.2020 13:32

Имконияти чекланган инсонларга яратилган шароитлар маънан эскирган

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил этган халқаро онлайн анжуманда имконияти чекланган фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари, уларнинг муаммолари хусусида сўз борди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ мониторинги таҳлилига кўра, ногирон фуқароларга қулай шароит яратиш борасида жамиятимиз олдида кўплаб вазифалар турибди. Хусусан, улар учун қулайликларга эга бўлмаган бинолар қуриш ва транспортлар ишлаб чиқаришни тақиқловчи қонунлаштирилган меъёрларга қарамай, амалда доим ҳам бу қоидаларга риоя этилмайди. Жадал тараққиёт ногирон инсонлар учун кўрсатилаётган хизматлар ва инклюзия масалаларини ҳам такомиллаштириб бориш, давлат сиёсати механизмларини илмий таҳлил қилишни талаб этади.

Тадбирда бу борада профессор-ўқитувчилар илмий изланишлар ва социологик таҳлиллар устида ишлаётгани айтилди. Ўз навбатида, ногиронликка эга шахслар учун амалдаги таълим тизими маънан эскиргани, уларнинг меҳнат фаолиятига жалб этилганлик даражаси пастлиги, мазмунли ҳордиқ чиқаришига шароит етарли эмаслиги танқид қилинди.

Анжуман иштирокчилари мавжуд муаммолар ечимига доир таклифларини билдирди. Жумладан, ногирон шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун тенг шароитларни яратиш керак. Уларнинг ҳуқуқлари бузилгани учун жазо муқаррар бўлиши шарт. Ногиронликни белгилашда тиббий меҳнат экспертизасининг замонавий, шаффоф усулларини жорий этиш, тиббий ижтимоий хизматлар савиясини ошириш давр талаби. Фаровон муҳитдан баҳра олиш, шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа объектлардан фойдаланиш учун имкониятларини кенгайтириш, жамият ҳаётидаги фаол иштироки учун инклюзив таълим ва меҳнатга жалб этиш тизимини мунтазам такомиллаштириш муҳимдир.

ЎзА