« Back

Онлайн анжуман 16.05.2020 13:44

Оилаларга елкадош бўлиб

Оила – азалдан юртимизда муқаддас даргоҳ сифатида қадрланади. Уни асраш бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган онлайн анжуманда мамлакатимизда оилаларга эътиборни янада кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

"Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг "Ўзбекистонда оилани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тадқиқ этиш" номли амалий лойиҳаси доирасида ўтказилган онлайн анжуман "Ўзбекистонда оилани ижтимоий-демографик ривожлантиришнинг асосий омиллари" мавзусига бағишланди.

Zoom платформасида ўтказилган ушбу анжуманда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Э.Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази эксперти Д.Тошмуҳамедова, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари М.Қуронов ва бошқалар юртимизда барча жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар оилалар фаровонлигини таъминлаш, одамлар оғирини енгил қилишга қаратилганини таъкидлади.

Айни пайтда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар ҳам оилаларда камбағаллик, ишсизлик ва бошқа долзарб муаммоларга барҳам бериш, ёш авлодга миллий анъана ва қадриятларимиз моҳиятини тўғри етказиш, уларнинг оила, жамият, Ватан, ўз тақдири олдидаги масъулиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Халқаро миқёсда дунёга хавф солган пандемия шароитида ҳам оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида экани диққатга сазовор.

Анжуманда таъкидланганидек, кейинги йилларда оилавий ажримлар ортаётгани афсусланарлидир. Мутахассисларнинг фикрича, турли келишмовчиликлар, бефарзандлик, миграция, хиёнат, оилавий қадриятларга беписанд муносабат ва бошқалар ажримларга асосий сабаб бўлмоқда.

Сир эмаски, оилавий келишмовчиликларда маънавий жиҳатлар билан бирга иқтисодий муаммоларнинг ҳам етакчи экани айни ҳақиқат. Бу борада юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш, оилаларни кучли, аниқ ва манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳар бир хонадон, ҳар бир оиладаги ҳақиқий вазиятни ўрганиш ва зарур кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ёрдамга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йилнинг ўтган даври мобайнида 368 мингдан ортиқ оилага 51,6 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Бунда айниқса, жойлардаги оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизларга уй-жой сотиб олиш учун 8 миллиард 666 миллион сўмлик бошланғич бадал маблағлари тўлаб берилди. Шу билан бирга мураккаб шароитдаги аёл ва қизларнинг бандлигини таъминлаш, касаначилик, уй меҳнатини кенг йўлга қўйиш, ҳунармандчилик, тадбиркорликка кўмаклашиш бўйича муттасил ишлар олиб борилмоқда.

Бу жараёнда алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг томорқа ва иссиқхоналарида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга муттасил амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Конференцияда қайд этилганидек, оиладаги маънавий муҳит барқарор ва соғломлиги ёшлар камолотида муҳим ўрин эгаллайди.

Вазирлик томонидан оилалардаги муҳитни чуқур ўрганиш, таҳлил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш” тарғибот ойлиги давомида мавжуд муаммоларга ечим топилиб, уларни бартараф этилишига катта аҳамият қаратилди.

Айни пайтда никоҳдан ўтувчи ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, эзгу ишлари билан ўрнак оилаларни тарғиб этиш ва уларни рағбатлантириш, оилани мустаҳкамлаш, никоҳни сақлаб қолиш, ажримларнинг олдини олишда катта ҳаёт тажрибасига эга онахонлар, нуронийларнинг ўгитлари, амалий кўмагидан кенг фойдаланиш муҳимдир.

Онлайн конференцияда юртимиздаги ҳар бир маҳаллада нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш, уларнинг манзилли рўйхатини тузиш, маҳалланинг ҳурматга сазовор инсонлари ёрдамида мазкур оилалардаги низоли ҳолатларнинг олдини олиш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан манзилли иш олиб бориш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Анжуманда оилани ижтимоий-демографик ривожлантириш истиқболлари, узлуксиз маънавий тарбия концепцияси – оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини юксалтириш, Ўзбекистондаги демографик вазият, оиладаги шахслараро муносабатларда кузатилаётган психологик муаммолар каби мавзулардаги маърузалар атрофлича муҳокама этилди.

Назокат УСМОНОВА