« Back

Онлайн йиғилиш 15.07.2020 12:40

Миллий рассомлик ва дизайн институтида илмий даража берувчи кенгаш очилди

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари ва докторантлари иштирокида ўтказилган онлайн йиғилишда институтнинг илмий ишлар фаолияти таҳлили ва келажакда самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган вазифалар муҳокама қилинди.

Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Олий аттестация комиссияси раисининг қарорига асосан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш очилганини эълон қилди. Бу бадиий таълимнинг ривожи, институт илмий салоҳиятини ошиши учун жуда муҳим экани, ўз навбатида, педагогик жамоага улкан масъулият ҳам юклаши таъкидланди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов, академия бош илмий котиби Феруза Обиджонова тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳасининг ривожи йўлида олдимизда ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб вазифалар турганини, бу муаммоларни илмий жиҳатдан таҳлил этиш ва ечим топишда Илмий кенгаш ҳам муҳим бўғинга айланишига умид билдирди.

Докторантура босқичини аввалги йилларда битирган ва ҳозирда таҳсил олаётган ёш тадқиқотчилар, мустақил изланувчилар ҳам бу борада фикр билдирар экан, келажакда ўз илмий фаолияти билан бундай юксак ишончга муносиб бўлишга ваъда берди.

Йиғилишда шунингдек, давлат илмий-техника дастурлари доирасидаги фундаментал, амалий, инновацион, ёш олимлар лойиҳалари танловларида институт професор-ўқитувчиларининг иштирокини таъминлаш, тақдим этилаётган лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилиши натижасини тизимли такомиллаштириш, ОАК журналлари ва Scopus, Web of Science каби умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базалари журналларида мақолалар сонини кўпайтириш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Институт тарихида биринчи марта санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи ушбу Илмий кенгашнинг очилиши нафақат институт, балки санъат, маданият ва бадиий таълим соҳаси вакиллари учун улкан имконият сифатида эътироф этилди.

ЎзА