« Back

Онлайн мулоқот 08.05.2020 14:08

"Таҳлилий ҳисобот — самарали фаолият"

Тошкент шаҳар "BILIM" ахборот-кутубхона маркази шаҳримиздаги барча туман АКМ раҳбарлари, онлайн тартибда фаолият олиб бораётган мутахассислар билан "Самарали фаолият ташкил этиш: ахборот хавфсизлиги, китоб тарғиботи, таҳлил, янги ғоялар ва лойиҳалар" мавзусида онлайн мулоқот ўтказди.

Мазкур онлайн мулоқотдан мақсад - ҳар бир туман ахборот-кутубхона марказларининг масофавий иш фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора тадбирларни янада такомиллаштиришдан иборат бўлди. Шу билан бирга, келгусидаги янги лойиҳалар ва ушбу лойиҳаларни янада тизимли ривожлантириш борасида фикр-мулоҳазалар алмашиш имконияти яратилди.

Масофавий мулоқотнинг асосий мавзуси туманлардаги тизимли иш ташкил этиш фаолияти, барча туман ахборот-кутубхона марказларида ижтимоий тармоқларнинг тўғри ва мақсадли ташкил этишдан иборат бўлди. Шунингдек, пандемия даврида АКМлар амалга оширилаётган ишларнинг ютуқ ва камчиликлари ва "Онлайн хизмат кўрсатишда ахборот-кутубхона марказлари олдида турган асосий вазифалар"га тўхталиш билан бирга Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатилишини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4354-сонли қарори, 5 та муҳим ташаббуснинг ижросига қаратилган "Китобхон она", "Китобхон бола" лойиҳалари асосида тарғибот ишларини янада жадаллаштириш бўйича ўз тавсияларимизни бердик.

Айниқса, ахборот технологиялари ривожланган бир пайтда жуда муҳим масала, яъни, "Ахборот хавфсизлиги (интернетдан фойдаланиш, ижтимоий тармоқлар одоби) ҳамда янги ғоялар ва лойиҳалар асосида ишлаш" тўғрисидаги тавсиялар янги ташкил этилган туман АКМларнинг ижтимоий тармоқлар яратишдаги одоб ахлоқ қоидалари, электрон китоблар жойлаштиришда муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш, пандемия даврида ЯНГИ лойиҳалар асосида ишлаш бўйича берилган батафсил маълумотларимиз туман АКМ ходимларига жуда манзур бўлди.

Албатта онлайн мулоқотда "Туман АКМлар фаолиятини таҳлили, ҳисоботлар тайёрлаш, муаммо ва камчиликлар" мавзуси диққат марказимиздаги асосий масалалар қаторидан ўрин олди. Бектемир, Олмазор, Миробод, Учтепа, Юнусобод, Сергели, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Учтепа, Сергели, Яккасарой, Шайхонтоҳур тумани АКМ директорлари ўзларининг онлайн хизмат кўрсатишдаги имкониятлари, амалга оширилаётган лойиҳалари, шунингдек, муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир якунида онлайн хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш учун бирга ҳамжиҳатликда аҳолини карантин даврида бўш вақтини мазмунли ва қизиқарли ўтказиш мақсадида онлайн тарзда савол жавоблар, адабий викториналар ташкил этиш орқали самарали фаолият олиб бориш ҳамда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси берилди. Иштирокчилар бундай мулоқотларни давом эттириш зарурлиги истагини билдирдилар. Албатта айни кундаги давр тақозо этаётган шароитда ушбу масофавий тавсия бериш тажрибамиз давом этади.

Ҳафиза КАРИМОВА, 
Тошкент шаҳар “Bilim” ахборот-кутубхона маркази директори