« Back

Онлайн мулоқот 19.05.2020 14:49

Интилувчан одам ҳар қандай шароитда ҳам мушкул аҳволга тушмайди

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият турмуш тарзимизнинг кўп жиҳатларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Чунки ҳар қандай шароитда ҳам одам яшаши керак. Интилган кишилар эса мушкул аҳволга тушмайди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ташкил этилган онлайн мулоқотда шу хусусида сўз юритилди.

Университет талабалари учун ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Қодирхонова ҳам иштирок этиб, уларга билим эгаллаш, ўз касбининг устаси бўлиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Ҳозирги кунда ёшларда билим ва профессионал кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тузилмалар, хусусан Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларининг фаолияти йўлга қўйилган. Марказларда янги шароитларга мос касбларга ўқитиш, жумладан, компьютер асослари, дизайн, сайт яратиш, уй меҳмонхонаси, боғдорчилик ва бошқа бир қатор йўналишларда ўқиб, сертификат олиш мумкин.

Ушбу ҳужжат, ўз навбатида, “Ҳар бир оила- тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби давлат дастурлари доирасида имтиёзли кредит олиш имконини беради.

Тошкент вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан биргина 2019 йилда 1026 минг кишига сертификат берилди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 792 киши ушбу марказда ўқитилди.

Сенатор Малика Қодирхонова талаба ёшларга бу борада давлатимиз томонидан таъминланаётган имкониятлар ҳақида батафсил сўзлаб, улардан фойдаланиш ҳар қандай шароитда ҳам оила эҳтиёжларининг қондирилишини таъминлашини қайд этди.

Йигитлар учун ҳам бу борада имкониятлар бисёр. Хусусан, Ёшлар иттифоқи қошидаги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги тадбиркорлик марказлари ўқув курсларида зарур кўникмаларни бепул эгаллабгина қолмай, улар орқали имтиёзли кредитлар ҳам олиш мумкин.

Асли тадбиркор бўлган сенатор ёшларнинг аниқ саволларига ўз тажрибасига асосланиб батафсил жавоб берди. Ўқиш билан бирга амалий фаолият олиб бориш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қаерга мурожаат қилиш кераклиги, умуман, янгича шароитларда қандай йўналишларда ўз ишини бошлаш мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб қайтарилди.

Муаттар Рўзибоева, 
ЎзА