« Back

Онлайн мулоқот 05.06.2020 13:19

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлари яна биттага кўпайди

4 июнь куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ҳамда Малайзиянинг Исломни англаш институти ҳамкорлигида диний-маърифий йўналишдаги илмий-тадқиқот масалаларига бағишланган онлайн мулоқот ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида маданий-маърифий, ижтимоий-гуманитар ва илм-фан йўналишидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Илмий-тадқиқот йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Онлайн мулоқот сўнгида Малайзиянинг Исломни англаш институти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.

Таъкидлаш лозимки, 2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги кунда дунёнинг 24 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорлик йўлга қўйган.

Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА