« Back

Онлайн мулоқот 17.06.2020 15:55

Бугунги кун талаби фақат ўқиш ва ўқитишгина эмас...

Илмнинг қаерда ва қачон олиниши эмас, балки унинг қандай ва қай даражада эгалланиши моҳиятли. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалари ва институтнинг бугунги кунда Хитойнинг Хохай университетида магистратура босқичида таҳсил олаётган битирувчилари ўртасидаги онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

“ZООМ” платформаси орқали ўтказилган масофавий мулоқотда институт ректори Ў.Умрзоқов раҳбарлигида проректорлар, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар ва битирувчи курс иқтидорли талабалари вакиллари, Хитойнинг Хохай университетида магистратура босқичида таҳсил олаётган битирувчиларидан 8 нафари, жами 100га яқин иштирокчилар қатнашишди.

Суҳбат чоғида хорижда таҳсил олаётган битирувчиларнинг ҳаёти ва ўқиш ҳолати ва шароитлари билан танишилди. Талабаларнинг пандемия шароитидаги ўқиш ва яшашда ижобий тажрибалари билан алмашиш, тарғиб этиш ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу онлайн форумда Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор, техника фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Салоҳиддинов модераторлик қилди.

Хохай университети Hydrology and Water resources мутахассислиги 2-курс магистранти Каримбоев Ферузбек дастлаб барча талабаларни таништирди ва сўнгра ўз тажрибаси ҳақида гапириб берди.

Бугунги кун талаби фақат ўқиш ва ўқитишгина эмас, балки қўллаш, таълим тажрибаларини амалда ишлата олишдир. Бу эса магистратура таълимига бевосита дахлдор бўлиши керак. Бунга аслида, бакалавриат тизимидаёқ эътиборни қаратиш керак. Барча фанлар қатори математика фанига кўпроқ эътибор қаратиш зарур, Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни бусиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўтган ҳафтада муҳтарам Президентимиз ЎзФАнинг янги Математика институтининг очилишида "Кечаги дарс бериш услуби билан математикани жадал ривожлантириб бўлмайди. Шу боис аввал амалда яхши натижа берган хорижий методика асосида таълим дастурлари яратиб, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш зарур. Методика шундай бўлиши керакки, у болаларда математикага муҳаббат уйғотсин. Бунинг учун ўқувчилар бу фан ҳаётда, ҳар бир соҳада ўзига кераклигини англаши зарур. Ёшлар имтиҳондан ўтиш учун эмас, билимли мутахассис бўлиш учун ўқиши лозим", деб таъкидлаганлари бежиз эмас.

Демак, амалий математикага, ҳар хил соҳалардаги моделлаштириш масалаларига эътибор қаратишимиз керак. Умуман айтганда, инженер ёки иқтисодчи математикасиз ўз касбининг чинакам эгаси бўла олмайди, илмий ходим ҳам бўла олмайди.

Пандемия шароитида онлайн тизим анча фойдали бўлгани, муҳим роль ўйнагани аниқ, лекин юзма-юз туриб дарс олиш ва дарс беришнинг мазмун-моҳияти барибир бўлакча. Илм-маърифатнинг ривожи ҳаракатимиз, мақсад ва фаолиятимизнинг маёғи бўлиши керак.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти  Матбуот хизмати раҳбари

ЎзА