« Back

Онлайн мулоқот 26.08.2020 21:12

Шеърият руҳиятнинг инъикоси

Иродаси кучли, темир интизомга ва гигиена қоидаларига риоя эта олган халққа пандемия панд бермайди. Ҳаёт давом этади, демак адабиёт ҳам барҳаёт.

Шеърият руҳиятнинг инъикоси, кайфиятнинг туйғунинг оний ҳосиласи. Мулоқотда меҳр ҳам, моҳият ҳам катта. Меҳр кўзда эканлигининг боиси шу. Ҳар қандай холатда ҳам маънавиятга ташна, маърифатга ошно қалбларнинг эҳтиёжини қондиришга имконимиз етарли. Дийдор бедор қалбларга, чин дўстликка пойдор, ғафлат бандасига эмас. Карантин шароитида ҳам бундай маърифий тадбирларнинг уюштириб турилиши чинакам матонат ва элпарварлик нишонаси.

Тошкент шаҳар "Bilim" АКМ ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан "Она Ватан боғ бўлсин,

тўрт мучаси соғ бўлсин" номли тадбир бўлиб ўтди. Тадбир меҳмони Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод билан Zoom дастури орқали икки соатдан зиёд давом этган масофавий мулоқотимиз анча мароқли ва мазмунли бўлди. Айниқса адибнинг карантинда бўш ўтирмай ижод намуналари йиғилган "Кўргим келар сени негадир" номли китобининг онлайн тақдимоти китобхонлар эътиборини янада тортди. Кутубхона мутахассислари томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган шеър қаҳрамонимизга туҳфа этилди.

АКМ директорлари, талаба-ёшлар, мактаб китобхонлари берган, шоир шеърияти ва ҳаётий фаолияти билан боғлиқ қизиқарли саволлар, айни пайтда шоир томонидан берилган самимий жавоблар виртуал мулоқотга руҳ ва мазмун бахш этди. Маърифий суҳбатлар рукнида Тошкент шаҳар "Bilim" АКМ мутахассислари қаҳрамонимиз ижодидан бир шингил туҳфа этдилар.

Қизиқарли ва маърифий суҳбатлар якунида Бобур Бобомурод билан кутубхонамиз келгусида янада ҳамкорликда фаолият олиб бориш, ҳар бир оилага китобни олиб кириш, китобхонликни тарғибот қилиш бўйича келишиб олинди.                                                   

Ҳ.КАРИМОВА,
Тошкент шаҳар "Bilim" АКМ директори