« Back

Онлайн семинар 11.04.2020 13:08

Ўзбекистонда зарур чоралар сабаб пандемия жиловланди

Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Пандемия шароитида аҳолини ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳимоялаш” мавзусида Ёш олимлар кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги онлайн илмий-назарий семинари ўтказилди.

“Zoom” платформасида онлайн форматда ташкил этилган ушбу илмий-назарий анжуманда Тошкент давлат шарқшунослик институти, шунингдек, республикамизнинг турли олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, шунингдек, магистратура ва бакалавриат талабалари иштирок этди.

ТДШИ ректори Г.Рихсиева коронавирус пандемияси даврида олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида ўз фикрларини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятини алоҳида қайд этди.

Ёш олимлар кенгаши раиси сиёсий фанлар фалсафа доктори (PhD), доцент Д.Сайфуллаев ҳозирги шароитда илмий тадқиқот ишларининг рақамли технологиялар билан уйғунлашуви, олий таълимнинг масофавийлашуви, илмий тадқиқотларда инновацион ёндашувлар муҳим аҳамиятга моликлигини таъкидлади. Онлайн семинар давомида институт докторанти Ш.Пўлатов сўзга чиқиб, пандемия шароитида дунё давлатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда масофавий таълим ва илмий тадқиқотлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда муаммолар ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Шунингдек, институтда иқтисодиёт назарияси ихтисослиги бўйича илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчи Д.Салаев давлатимиз Раҳбари томонидан қабул қилинган Ўзбекистон аҳолисини пандемиянинг салбий таъсиридан ҳимоялаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорлар ва чора-тадбирларни атрофлича шарҳлаб берди. Ўз навбатида, сиёсатшунос тадқиқотчи О.Алимов глобал миқёсда коронавирус тарқалишининг дунё сиёсатига таъсири ва пост-пандемия халқаро муносабатларининг шаклланиши борасидаги таҳлилий фикр-мулоҳазаларини тақдим этди.

Илмий семинарда эксперт сифатида иштирок этган институт етакчи профессор-ўқитувчилари сиёсий фанлар доктори, профессор С.Жўраев, сиёсат фанлари номзоди, доцент И.Бекмуратов ёш олимлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни илмий таҳлил қилиб, ўз хулосалари ва тавсияларини беришди. Хусусан, уларнинг нуқтаи назарича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан пандемия шароитида аҳоли турмуш тарзини кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган мақсадли чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва зудлик билан қабул қилингани натижасида мамлакатимизда коронавирус тарқалиши даражасини жиловлаб олиш имконияти яратилди.

Шунингдек, тадбир якунида Ўзбекистонда масофавий таълимнинг йўлга қўйилиши, ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаси борасида ҳам тўхталиниб, ёш олимларнинг рақамли таълим ва анъанавий таълимнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда уларни миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш борасидаги мулоҳазалари атрофлича таҳлил қилинди.

ЎзА