« Back

Онлайн семинар 21.04.2020 14:10

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази онлайн семинар ўтказди

Айни кунларда мамлакатимизда “Covid-19” инфекцияси туфайли карантин эълон қилиниши кундалик ҳаётнинг буткул тўхтаб қолишини англатмайди.

Ўзбекистонда тожсимон вирус билан боғлиқ вазият ўз вақтида тўғри баҳоланиб, бир қарашда кескин туюладиган, аммо, аслида ўта зарур бўлган чоралар кўрилди.

Таълим муассасаларининг ёпилиши, оммавий тадбирларнинг бекор қилиниши, транспорт ҳаракатининг тўхтатилиши, идора ва ташкилотлар ходимларининг таътилга чиқиши ёки масофавий ишлашга ўтказилиши, тиббий ниқоб тақиш мажбурияти жорий этилиши каби кўпдан-кўп карантин чоралари касаллик урчишини тўхтатиш ва уни тезда енгиб ўтишга қаратилган.

Шундай, эпидемиологик мураккаб вазият бўлишига қарамай юртимиздаги корхона, ташкилот ва идораларда иш тўхтаб қолгани йўқ.

Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари ҳам Республика махсус комиссияси кўрсатмалари ва карантин талаблари асосида ишни тўғри ташкил қилиб, халқаро миқёсда эришилган келишувларни ўз вақтида сифатли бажариш мақсадида тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига асосан, жорий йилнинг 3-4 март кунлари Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ҳам марказ жамоаси учун янги имкониятлар эшигини очди.

Конференция доирасида дунёнинг етакчи исломшунос олимлари билан муҳим келишувларга эришилди. Ана шундай келишувлардан бири таниқли мотуридийшунос олим, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг турк тилига таржимони, Туркиянинг Мармара университети профессори Юсуф Шавқий Явуз билан амалга оширилган эди.

Жорий йилнинг 20 апрель куни Туркиянинг Мармара университети билан ҳамкорликда “Имом Мотуридий ва унинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари” мавзусида илмий семинар онлайн тарзда ташкил этилди.

Унда туркиялик олим, профессор Юсуф Шавқий Явуз, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ва ўзбекистонлик 50 дан зиёд тадқиқотчи иштирок этди.

Онлайн семинарда ислом оламининг етук алломаларидан бири бўлган буюк ватандошимиз Имом Мотуридийнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этишни кенгайтиришга қаратилган “Имом Мотуридийнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси”, “Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишнинг аҳамияти”, “Таъвилот ал-Қуръон” асари мотуридийлик таълимотининг муҳим манбаси сифатида”, “Таъвилот ал-Қуръон” асарини таржима қилишнинг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида маърузалар тингланиб, фикр ва тажриба алмашилади.

Семинар якунига кўра, муҳокама этилган масалалар юзасидан истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Матбуот хизмати