« Back

Онлайн семинар 05.05.2020 13:03

Афлотундан кейинги иккинчи муаллим

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази турли мамлакатлардаги нуфузли илм-фан марказларининг таниқли олимлари билан он-лайн семинарлар туркумини давом эттирмоқда.

Ана шундай семинарнинг навбатдагиси Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети доктори, Қуръон, тафсир илмлари бўйича таниқли олим, мотуридийшунос Аҳмад Даманҳурий иштирокида ташкил қилинди, деб хабар бермоқда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.

Доктор Аҳмад Даманҳурий Миср Араб Республикасида таваллуд топган бўлиб, айни пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида истиқомат қилади. 2015 йилда Ал-Азҳар университетида “Имом Мотуридий ва унинг илмий услублари” бўйича фалсафа фанлари доктори даражасини олган. Қуръон, суннат, ақида илмлари бўйича кўплаб илмий асарлар ёзган. Ҳозирги кунда мазкур университетнинг исломий билимлар факультетида катта илмий ходим, Мисрдаги Ислом билимларини масофавий ўқитиш университетида директор, Миср Ислом ишлари Олий кенгашида илмий ходим сифатида фаолият юритади.

Он-лайн семинарда олим Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини тасниф этишдаги услуби ҳақида сўз юритди. Қайд этилишича, бу фақат таълимотга доир асар бўлиб қолмай, унда фиқҳ ва ақида баробарида ахлоқ масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу сабабли тафсир илми ривожида беқиёс ўрин тутади ва ақидавий муаммоларни ҳал этишда қомусий ҳисобланади.

- Бугун мусулмонларни Имом Мотуридийнинг асарлари ёки аҳли сунна вал жамоа ақидасига тегишли бошқа манбалардан яхшироқ хабардор қилиш, айниқса, ёшлар билан бу борада кўпроқ ишлаш ҳар қачонгидан-да муҳим – деди Аҳмад Даманҳурий. – Исломни ниқоб қилиб, қабиҳ ишларни амалга ошираётган гуруҳлар ҳамон мавжудлиги, муқаддас динимизни булғаб кўрсатиш йўлидаги хатти-ҳаракатлар ҳануз давом этаётган ҳозирги шароитда мана шу манбалар дастуриламал бўлади.

Хусусан, Имом Мотуридий юксак билим ва тафаккур билан турли ёт оқимларга раддиялар берган, Ислом илмлари академияси раҳбари шу боис ақида асосчиси бўлган Имом Мотуридий йирик фалсафий олим ҳам ҳисобланишини қайд этди. Таъкидланганидек, аллома ўз даврида Афлотундан кейинги иккинчи муаллим саналган. Бу ҳақиқат илмий доиралар, дунё зиёлилари томонидан тан олинган.

Семинарда олим тадқиқотчиларни қизиқтирган барча саволларга илмий далиллар билан атрофлича жавоб қайтарди.

Ғ.ҲАСАНОВ, 
ЎзА